Иқтисодиёт 28.06.2019 84

37 ТА БЎШ ТУРГАН ДАВЛАТ МУЛКИ ОБЪЕКТИ КИМЛАРГА СОТИЛДИ?

Хусусийлаштириш

Фаолияти замон талабига мос эмаслиги, бозор муносабатлари шароитида кучли рақобатга дош беролмагани сабаб ўтган даврда кўплаб давлат корхоналари ишдан тўхтагани сир эмас. Натижада бўш турган, фойдаланилмай ётган йирик-йирик бино-иншоотлар, ҳаракатсиз қувватлар сони кўпайди. Қуруқ савлат тўкиб турган бундай иморатлар, улардаги эскириб қолган технологиялардан эса давлатга ҳам, жамиятга ҳам фойда йўқ. Энг мақбули улар негизида самарали ишларга қўл уришдир.

Ҳозирда юртимизда қўлланаётган хусусийлаштириш амалиётидан ҳам айнан шу мақсад кўзланган. Бўш турган ишлаб чиқариш майдонлари, қурилиши тугалланмаган объектлар муайян мажбуриятлар эвазига тадбиркорларга тақдим этилмоқда. Яъни мазкур давлат кўчмас мулклари негизида янги қувватлар ташкил этилиб, харидоргир маҳсулот ишлаб чиқариш ё хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади, янги иш ўринлари яратилади.

Муҳими, бу амалиёт тажрибадан жуда яхши ўтди. Шу чоққача юзлаб бино-иншоотга сармоя киритилиб, уларнинг мақсадли ишлатилиши таъминлангани фикримиз исботидир. Аммо бекор ётган давлат мулки объектлари ҳали ҳам йўқ эмас. Галдаги вазифа уларни хусусийлаштириш жараёнини янада соддалаштириш, тизимнинг шаффоф ишлашига шароит ҳозирлашдан иборат. Муддао - ушбу бино-иншоотлар ҳақиқий тадбиркор, ташаббускор қўлига тегсин, эртага улардан ишлаб чиқариш учунгина фойдалансин.

Президентнинг 2019 йил 19 февралдаги "Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони бу борада муҳим қадам бўлди. Мазкур ҳужжат билан давлат мулки объектини сотиб олиш, ўз зиммасига тегишли мажбуриятни ҳам қабул қилиш истагидаги ишбилармонларга қўшимча қулайлик тақдим этилди.

Асосий янгилик сифатида қуйидагиларни айтиш мумкин. Агар сал аввал давлат мулки объектларини инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нархда "E-IJRO AUKSION" электрон савдо майдончасида аукцион савдосига чиқариш орқали сотиш тартиби жорий қилинган бўлса, мазкур фармонга мувофиқ ушбу экспериментни ўтказиш муддати 2020 йил 1 январга қадар узайтирилди.  Демак, кутилган натижа ўзини оқладики, шундай йўл тутилди.

Шунингдек, фармонга кўра давлат мулки объектларини (акциялардан ташқари) сотиш бўйича савдолар ва 2019 йил 1 июлдан бошлаб давлат кўчмас мулк объектларини ижарага бериш бўйича савдолар "E-IJRO AUKSION" электрон савдо майдончаси орқали амалга оширилиши ҳамда "E-IJRO AUKSION" электрон савдо майдончасига 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нарх бўйича қўйилган давлат кўчмас мулк объектлари улар тўлиқ сотилмагунга қадар савдолардан олинмаслиги белгилаб берилди.

Бу ҳужжат ижросини вилоятимиз мисолида кўриб чиқадиган бўлсак,        дастлабки натижа ижобий экани кўринади. Фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун тадбиркорлик субъектларига сотишни жадаллаштириш мақсадида қатор чоралар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди. Жумладан, биргина 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятда инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар эвазига 22 та фойдаланилмасдан бўш турган давлат мулки объекти "E-IJRO AUKSION" электрон савдо майдончаси орқали салоҳиятли тадбиркорларга 13 миллиард сўмлик инвестиция киритиш ва 265 та янги иш ўрни яратиш шарти билан сотилиши таъминланди.

Аҳамиятлиси, янги тартиб кучга кириши билан аввалги хусусийлаштириш тартибларига асосан оммавий савдоларга чиқарилиб сотилмасдан турган бир қатор объектларнинг савдоси ҳам тезлашди.  Мисол учун, Нишон тумани Нуристон қўрғонида жойлашган, "Талимаржон ИЭС" унитар корхонасига қарашли "БСУ-75 бетон заводи" бино-иншоотларидан унумли фойдаланишга даъвогар топилди. Салоҳиятли тадбиркор 500 миллион сўм инвестиция киритиш, тежамкор иситиш печларига ёнилғи хом ашёси ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил қилишни ўз бўйнига олди. Лойиҳа доирасида 10 нафар киши доимий иш ўрнига эга бўлиши лозим.

Муборак тумани Геолог маҳалласи ҳудудида жойлашган, туман ободонлаштириш бошқармаси балансида бўлган бўш турган (собиқ "Муборак тайёрловсавдо" МЧЖга тегишли) омборхона биносидан ҳам самарали фойдаланиш имкони туғилди. Маҳаллий ишбилармон 2 миллиард сўм сармоя сарфлаб, текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ташаббуси билан чиқди. Лойиҳа ижтимоий аҳамияти шундаки, янги қувват барқарор ишлаши учун 30 нафар ишчи талаб этилади. 

Яккабоғ туманидаги "Саховат" болалар оромгоҳига болалар келмай қўйганига, объект қаровсиз қолиб кетганига ҳам кўп бўлди. Оромгоҳнинг хушманзара ҳудудда жойлашгани эса қўлида яхши бизнес-ғояси бор ҳар қандай тадбиркор учун яхши бир имкониятдир. Ушбу мулк ҳам электрон аукцион савдосига чиқарилгач, уни сотиб олиш, тадбиркорлик мақсадида фойдаланишга талабгор мавжудлиги аён бўлди. Савдо ғолиби - "Оқ-Сарой оромгоҳи" МЧЖ томонидан бу жойни яна гавжўм гўшага айлантириш учун таклиф берилди. Лойиҳа қиймати 1 миллиард сўмга баҳоланган. Фаолият йўналиши ўзгармайди, 3 йил муддатда тадбиркор дам олиш маскани ташкил этиб, сифатли хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш саъй-ҳаракатида.

Жисмоний шахс Шокиржон Хонназаров эса Миришкор туманидаги бўш турган дала шийпони ва кўтарма айвон биносида самарали фаолиятни ташкил этишга ихтиёр билдирди. Ишбилармон 67 минг АҚШ доллари эвазига чорвачилик тармоғини ривожлантирмоқчи.

Муборак туманидаги фойдаланилмаётган маъмурий бинони электрон аукционда сотиб олган Қодирбек Эргашевнинг ҳам лойиҳаси истиқболли. Инвестор мулк негизида савдо дўкони, сартарошхона, пойабзал устахонаси ва бошқа шохобчаларни ўз ичига олган хизмат кўрсатиш мажмуасини ишга тушириш учун 800 миллион сўм маблағнинг баҳридан ўтишга тайёр. Бу ташаббусни 1 йил ичида тўла рўёбга чиқариб, 5 кишининг бандлигини таъминлаш мажбуриятини ҳам олган.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, айни пайтга қадар "E-IJRO AUKSION" электрон савдо майдончасида аукционга чиқариш орқали вилоятимиздаги 37 та бўш турган давлат кўчмас мулк объекти сотилишига эришилди. Тадбиркорлар эса уларга жами 18 миллиард сўм ва 217 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция йўналтириш бўйича мажбуриятлар олишган. Муддатлар аниқ, нияти жиддий ишбилармон ўз ишига ҳам шундай муносабатда бўлаяпти. Лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун амалий ишлар бошланган. Уларнинг ишга тушиши истеъмол бозорига қўшимча харидоргир маҳсулот таклиф этилишига йўл очади, шу билан бирга 390 нафарга яқин кишининг доимий иш жойи ва даромадга мунтазам эга бўлиши таъминланади.

Хулоса ўрнида айтганда, хусусийлаштириш жабҳасидаги бу ўзгаришлар тадбиркорлар учун жуда катта қулайлик бўлди. Ортиқча оворагарчиликларга чек қўйилиб, ҳар хил бюрократик тўсиқлар олиб ташланди. Савдолар барчанинг кўз ўнгида, тенг рақобат шароитида, шаффоф ўтишига, давлат мулки ташаббускор тадбиркорларга берилишига пухта замин ҳозирланган. Эндиликда ҳамма гап  хусусий сектор вакилларининг бу имкониятлардан қай даражада фойдалана билишидадир.

Жамшид ЙЎЛДОШЕВ,

Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассиси