Жамият 30.07.2019 225

380 та автобус: ҚОЗОНДА БЎЛСА, НЕГА ЧЎМИЧДА КЎРИНМАЯПТИ?

Қарор ва ижро

Эсингиздан чиқиб улгурмагандир, нақ икки ярим йил илгари, 2017 йил 10 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинган, автобус қатнови орқали хавфсиз ҳаракат таъминланиши, энг асосийси, йўлкиранинг ҳамёнбоп бўлиши сабаб ушбу ҳужжат мамнунлик билан кутиб олинганди.

Тўғриси, анча йиллардан бери пойтахтнинг у четидан-бу четига эрта тонгдан тун ярмигача қатнайдиган замонавий автобуслар каби транспорт воситаларининг негадир ҳеч вилоятларга келгиси йўқ, қарор чиққач, энди бизда ҳам ўшандай автобуслар пайдо бўлади, транспорт тизими тубдан янгиланади, яхшиланади, деган умид туғилганди. Бу умидга вилоят ҳокимининг 2017 йил 17 январдаги қарори қанот бергани ҳам рост.

Унга кўра, вилоятда 2017-2021 йилларда шаҳарлар ва қишлоқларда автотранспорт хизматларини янада ривожлантириш дастури тасдиқланиб, йўловчилар ташийдиган янги автобус йўналишлари ташкил этилиши, шу мақсадда замонавий автобус ва микроавтобуслар сотиб олиниши, автостанциялар қурилиши ва мавжудлари реконструкция қилиниши керак эди.

Шунингдек, 2018 йил 1 июлгача (!) Қарши шаҳрида йўловчилар ташиш транспортида йўл кира учун нақд пулсиз ҳақ тўлаш тизими жорий қилиниши, тўхташ бекатлари намунавий лойиҳалар бўйича жойлаштирилиши, автобус ва микроавтобуслар ишини масофадан онлайн режимида (GPS) доимий кузатиш йўлга қўйилиши кўзда тутилганди. Буларни рўёбга   чиқариш учун эса оз эмас, кўп эмас, нақ бир ярим йил муддат белгиланди, ўша муддат ортда қолганига эса мана 1 йилдан ҳам ошди. Хўш, нима ўзгарди?

Тўғриси, пойтахтдаги каби автобусларни бу яқин-ўртада кўрадиганга ўхшамаяпмиз. Борига шукур, деганларимиз эса бир муддат қатнаб, қайгадир гум бўлиб қолаяпти. Узоқни эмас, Қарши шаҳридаги 1-йўналишни олайлик. Чунки вилоят ҳокимининг қарори билан дастлаб шу йўналишда автобус қатнови йўлга қўйилганди. Автобуслар эмин-эркин фойдалансин, деган мақсадда ғайриоддий тўхтамга ҳам келинди, яъни бу йўлда "Дамас" русумли машиналар, у одам ташийдими-йўқми, қатъи назар, қатнаши тақиқланди.

Аслида бу йўналишда "Дамас"лар сони шу қадар кўпайиб кетгандики, уларни тартибга солиб бўлмаётган, боз устига топилаётган пулнинг катта қисми банк орқали айланмас, "Дамас"и бор ҳар қандай киши "нон"ини шу йўлдан топиши мумкин эди.

Аммо шунча имконияту "имтиёз"лар билан ҳам автобуслар ҳаётимизга сингишиб кета олмади, "Дамас" бўшатиб берган йўлни сариқ рангли йўналишсиз таксилар эгаллаб олди. Чунки автобуснинг одам тўлдириш кўйида тошбақадай судралганидан кўпчиликнинг ҳафсаласи пир бўлгани ҳолда, мутасаддилар аниқ вақт режимида ҳаракатланишни назорат қила олмади. Шу боис минг сўмлик автобусга пулни тежашдан бошқа имкони йўқлар чиқса, бошқалар 2-3 минг сўмлик сариқ таксиларни маъқул кўрди.

Энди аввалги манзара сал ўзгарди, холос: "Дамас" билан лиқ тўла кўча йўналишсиз таксилар билан икки ҳисса тўлиб-тошди, автобусларни эса худди аввалгидек яккам-дуккам кўриб қоламиз. Хуллас, бари эски ҳаммом, эски тос.

Ваҳоланки вилоят ҳокимининг қарорида бу борадаги ишларни кўнгилдагидек йўлга қўйиш учун Қарши шаҳар ҳокимлиги, Марказий банк ва вилоят молия бошқармалари, Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги вилоят бошқармаси (ҳозирги вилоят транспорт бошқармаси) зиммасига аниқ вазифалар тақсимлаб берилган. Мутасаддилар эса узоқ вақт оғизга сув солиб келишдики, бу сукутнинг боисини ўзларидан ўзга билмаса керак.

Вилоят транспорт бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, 2017-2021 йилларда янги автобуслар ва микроавтобуслар сотиб олиш параметрларига асосан вилоятда жами 287 та, жумладан, шундан 2018 йилда 51 та автобус харид қилиниши белгиланган. Президентнинг 2018 йил 28-29 январдаги вилоятга ташрифи чоғида берган топшириқлари ва Чироқчи туманида ўтказилган йиғилиш баёнига асосан бу рақам 69 тага ўзгарган. Шунга асосан эса, эътибор қилинг, 6 та автобус келтирилган.

Айтарли янгилик - "Avtotrans Qarshi" унитар корхонаси томонидан шу йил апрелида "Исузу" русумли 50 дона автобус келтирилиб, Қарши-Қамаши, Қамаши-Шаҳрисабз, Қарши-Косон, Қарши-Пистали, Қарши-Ҳилол йўналишларида, Қарши шаҳридаги Ойдин бозоридан Ерқўрғон бозоригача, Боғободдан Араловулгача қатнов йўлга қўйилгани, деса бўлади.

Айтишларича, Яккабоғ туманига 30, Шаҳрисабз шаҳрига 50 та автобус сотиб олиш режаси банк кредитлари фоизлари юқори бўлгани сабаб ортга сурилмоқда.

2019 йилда эса вилоятда 4 та шаҳар ичи, 4 та шаҳар атрофи, 1 та шаҳарлараро, жами 9 та автобус йўналиши ташкил этилиши белгиланган. Қарши автостанциясидан Шайхалига, аэропортга, шунингдек, Пахтазор миттитумани бўйлаб айланма ҳаракатли йўналиш бўйича рухсат сўраб 2018 йил 19 июлда ва такроран 2019 йилда Қарши шаҳар ҳокимлигига хатлар юборилган. Лекин шаҳар ҳокимлиги томонидан ушбу йўналишларни очиш тўғрисида қарор қабул қилинмаган.

Қаранг, транспорт бошқармаси йўналиш очамиз, деб бот-бот мурожаат қилсаю, ҳокимлик унга муносабат билдирмаса. Хўш, шу йўналишларда арзон ва қулай транспорт қатнови йўлга қўйилишидан нима ютқазади улар? 

- Ҳозирги кунда вилоятда 380 та автобус аҳолига хизмат кўрсатаяпти, - дейди вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Улуғбек Эрназаров. - Умумий эҳтиёж эса 570 тани ташкил этади. Биргина Қарши шаҳрини оладиган бўлсак, 1-йўналишда 30 та, 2-йўналишда 2 та, 12-йўналишда 20 та, 6-йўналишда 40 та автобус юрибди, жами 92 та. Агар яна 60 та автобус олиб келинса, шаҳардаги эҳтиёжни қопласа бўлади. GPS, нақд пулсиз ҳисоб-китоб ҳали Тошкентда ҳам йўлга қўйилмаган. Лекин ТАТУдагилар билан гаплашиб, бу бўйича ҳам ҳаракат қилаяпмиз.

Агар мутасаддининг сўзларига  таянадиган бўлсак ва 1-йўналишда    30 та автобус белгиланган муддатда қатнаб турса, сариқ рангли йўналишсиз таксиларга сариқ чақа ҳам қолмаслиги керак эмасми? Нега унда бу йўлни сариғу ўзга тусдаги таксилар босиб кетган? Демак, автобуслар иши кўнгилдагидай йўлга қўйилмагандирки, "Дамас"дан бошқа ҳар қандай машина эгаси шу йўлдан исталган вақтда йўловчи топа олаяпти.

Аслида бу йўлни "Дамас"лардан тозалашдан мақсад автобусларга имкон яратиб бериш эмасмиди? Тўғри, енгил автомобиль ҳар томонлама қулай, бироқ унинг йўлкирасини ҳамма чўнтак ҳам кўтармайди. Бу-ку вилоят маркази, қишлоқларда эса тонгда бир автобус бўлади, асосан бозорчилар ва талабалар билан шаҳарга йўл олиб, туш вақти яна шуларни олиб қайтади. Бундан бошқа вақтда автобусда юришни хаёлга ҳам келтирмайсиз.

Яна бир "қулайлик"ни кўрингки, энди ўша автобуслар ҳам шаҳарга кира олаётгани йўқ. Шу йил июлдан Нишон, Миришкор туманларидан келадиган такси ва автобуслар "Агора" бозоридан нарига ўтишга қўйилмаяпти.

- Бу туманларга борадиган таксилар шу вақтгача "Умида" чойхонаси ёнини ноқонуний "стоянка" қилиб олганди, - дейди Улуғбек Эрназаров. - Шундай экан, ноқонуний машиналар ҳам бемалол одам оларди. Бу шаҳар кўринишига ҳам мос келмасди,      кейин уруш-жанжал бўлиб ётарди. Ҳозир шуни тартибга солишга ҳаракат қилаяпмиз.

Албатта, бу борада тартиб бўлгани яхши, лекин бундан одамларга қанчалик қулайлик бўлишини ҳам бир ўйлаб кўрайлик. Дейлик, Миришкордан "Умида" чойхонасигача келадиган йўловчи шу вақтгача 7 минг сўм билан келган бўлса, энди "Агора" бозорида тушиб, яна минг сўм автобусга сарфлаб, керакли манзилга етиб олаяпти. Ҳолбуки ўша машиналар "Умида" чойхонасигача келмаётгани боис 2 километр масофа тежалаяпти. Демак, йўлкирадан ҳам чегирма бўлиши керак. "Инсофли" ҳайдовчилар эса аввал қандай нархда бўлса, ҳозир ҳам ўша туришда қатнаяпти.

Бунинг устига шу орада қатнаётган автобусда йўлкира нархи - 1000 сўм. Ўйлаб кўринг: 1-йўналишда  10-15 километр йўл босган автобус 1000 сўм олсаю, бор-йўғи 2 километр йўл юргани ҳам шунча пул сўраса? Қани мантиқ?

Демак, бу вазиятни транспорт  бошқармасидагилар ҳал қилиши, уюшмадагилар иштирокида йўлкирани мувофиқлаштириш чорасини кўриши керак.

Шуниси аниқки, Президент қарорида ҳам, шунга асосан қабул қилинган вилоят ҳокимининг қарорида ҳам бир мақсад кўзланган: одамларнинг оғирини енгил қилиш. Бироқ ҳозирча қилинган ишлар одамларнинг енгилини ҳам оғир қилиб турибди, холос.

Б.САЙФИЕВ