Қишлоқ хўжалиги 09.07.2019 108

39 ФЕРМЕР НИМАДАН ШИКОЯТ ҚИЛДИ?

Ўрганиш ва натижа

Кўп вақт ўтмади: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги тегишли қарорига асосан мамлакатимизда фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ер майдонлари мақбуллаштирилди. Хусусан, вилоятимизда ҳам шу мақсадда бир қатор, асосан самарасиз фаолият юритиб келаётган фермер хўжаликлари тугатилиб, уларнинг ўрнида янгилари ташкил этилган ёки ерлари бошқа илғор хўжаликларга қўшиб берилган.

Аммо тан олиш жоиз, мазкур жараёнда кўплаб зиддиятли вазиятлар, манфаатлар тўқнашган ҳолатлар юзага келгани сир эмас. Ери олиб қўйилган фермерлар томонидан турли идора ва ташкилотларга йўлланаётган шикоятлар салмоғи ҳам шундан далолат. Натижада Вазирлар Маҳкамасининг тегишли топшириғи билан Республика ишчи гуруҳи тузилиб, шу турдаги мурожаатлар бўйича ўрганиш ўтказмоқда. Жумладан, ишчи гуруҳ тўрт кун давомида Қашқадарёда бўлиб, вилоят ҳокимлиги вакиллари, Халқ қабулхонаси, шунингдек ҳудудлардаги секторлар раҳбарлари,  тегишли идора ва ташкилотлар масъуллари иштирокида фермер хўжаликларининг ер майдонларини мақбуллаштириш билан  боғлиқ ариза ва шикоятларни ўрганиб чиқди.

Ўрганиш давомида 39 та ана шундай мурожаат муаллифлари билан юзма-юз суҳбат ўтказилди. Билдирилган эътирозлар ўрганилиб, муаммони шаффоф ва адолатли тарзда ҳал этиш чоралари кўрилди.

Мисол учун, Қамашилик собиқ фермер Чоршанби Қорахоновнинг 1 гектар боғ майдони ҳудуддаги "Бердимуродов Худойқул" фермер хўжалигига қўшиб берилган. Мурожаат муаллифи ери олиб қўйилишидан норози эмас, аммо бошқа фермерга берилиши тарафдори. Агар шундай қилинса, у ўз ерида ҳечқурса ишчи бўлиб ишлаши мумкин. Аммо ҳозирги фермер билан муроса қила олмаяпти.

Нишонлик Раҳимжон Максимов "Акназаров Юнус Ражабович" фермер хўжалигининг 100 гектар ер майдонидан 10 гектари "Юсупов Ибрагим бобо" ва "Чориев Бахриддин" фермер хўжаликлари томонидан ноқонуний эгаллаб олинганлиги бўйича мурожаат қилган.

Ишчи гуруҳ томонидан мутасаддиларга 3 кун ичида жойига чиқиб, фермер хўжаликлари ер майдонларини ўлчовдан ўтказиш ҳамда чегараларини аниқ белгилаб бериш топширилди.

Шунингдек, яна бир қатор шикоятлар борки, фермер йиллар давомида ерга эгалик қилган, аммо ривожланиш йўқ. Ердан самарасиз фойдаланган, шартнома режалари бажарилмаган. Яна ери олиб қўйилганидан норози.

Мисол учун, Ғузор туманилик Ҳумоюн Бухоров "Аброр Ўрал ўғли" фермер хўжалигининг пахта-ғаллачилика ихтисослашган  100 гектар майдони ноқонуний равишда туман захирасига олинганини билдирган. Аммо ишчи гуруҳ иштирокида ҳолат тўлиқ ўрганилганда, ушбу хўжаликда ердан самарасиз фойдаланиб келинаётгани, жумладан, 2019 йил ҳосили учун чигит экилиши режалаштирилган 8,5 майдонга бошқа экинлар жойлаштиргани аниқланди. Яъни ерлардан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланилганлиги учун ер майдони қонуний асос билан қайтариб олинган. Фермерга бу ҳақда тушунча берилди.

Ёки Шаҳрисабз туманидаги "Авазов Илхом Суюнович" боғдорчилик фермер хўжалигини олайлик.

Фуқаро Бадиева Зебунисо мазкур хўжаликнинг 4,5 гектар ер майдони Фермерлар кенгаши хулосаси асосида олиб қўйилганлигидан норози. Ҳолат ўрганилганда, фермер ушбу боғдан самарасиз фойдаланилгани, жумладан, 0,01 гектар майдонда ноқонуний қурилиш қургани аниқланиб, далолатнома расмийлаштирилган.

Умумий ҳисобда, ишчи гуруҳ ўрганган мурожаатларнинг 34 тасида фермер хўжаликлари ер майдони ноқонуний равишда қайтариб олинганлиги, 1 тасида ер майдони қайтариб олинган, лекин харажатлари қоплаб берилмаганлиги билдирилган. Яна 4 та мурожаат эса бунга қадар ҳал этилганлиги учун кўрилмасдан қолдирилди.

9 та мурожаат эса ўз исботини топмади. Яъни собиқ фермер хўжалиги раҳбарларининг ўз аризаси ёки экин майдонидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиши оқибатида ери қайтариб олингани аниқланди.

Яна 26 та мурожаат бўйича эса фуқаролар ҳақ. Улар кўтарган муаммолар ечими бўйича аниқ таклифлар ўртага ташланиб, шулар юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Ишчи гуруҳ томонидан кўрилган мурожаатлар юзасидан мутасадди ташкилот ва раҳбарларга юклатилган вазифаларнинг ўз муддатида бажарилиши назоратга олинган.

М.РАХМАТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат

мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси  катта инспектори