Таълим 24.05.2019 98

40 МИНГДАН ЗИЁД АДАБИЁТЛАР ЖАМЛАНГАН "КИТОБ КАРВОНИ" ҲУДУДЛАРГА ЙЎЛ ОЛДИ

Эзгу ташаббус асосида

Президентимиз томонидан ёш авлодга эътиборни янада кучайтириш, ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида илгари сурилган бешта муҳим ташаббусни қўллаб-қувватлаш, унинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш бўйича вилоятимизда ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Куни кеча бўлиб ўтган "Китоб карвони" акцияси шу йўналишдаги ишларга бир мисолдир.

Китоб тарғиботига оид кўргазмалар билан жиҳозланган ва турли жанрдаги 40 мингдан ортиқ китоблар тўплами ортилган "Китоб карвони" Қарши шаҳридан вилоятнинг барча туман ва шаҳарларига фаоллар ва ташаббускор ёшлар ҳамроҳлигида тантанали равишда йўл олди.

Шу куни нашриётлар, китоб савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлар, ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказлари томонидан юртимиз нашриётларида чоп этилган янги китоблар кўргазмаси, ёйма дўконларда китоб савдоси ташкил этилди.

"Қадрдон мактабимга китоб   совға қиламан", "Кутубхонага китоб совға қиламан" хайрия акцияларида тўпланган китоблар эса чекка қишлоқларда мактабларга ва кўчма кутубхоналар учун берилмоқда.

Тадбир доирасида, шунингдек, Қарши туманида "Беш ташаббус - беш имконият" шиори остида тарғибот тадбирлари ҳам бўлиб ўтди.

Н.ХЎЖАЕВ

Суратларда: акциядан лавҳалар.

Муродулла КОМИЛОВ олган суратлар.