Жараён 14.05.2019 150

400 НАФАР НОМЗОД ИЛК МАРТА САЙЛАНДИ

Ўзини ўзи бошқариш органларида

Хабарингиз бор, шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 15 февралдаги "Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги  қарорига мувофиқ, юртимизнинг барча шаҳар ва туманларида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови ўтказилмоқда. Ушбу жараёнда вилоятимиздаги 768 та маҳалла фуқаролар йиғини раислигига муносиб номзодлар сайланиши кўзда тутилган.

12 май ҳолатида 582 та (75,8 фоиз) фуқаролар йиғинида сайлов ўтказилиб, раислар сайланди. Уларнинг 506 нафари олий ва 76 нафари ўрта махсус маълумотли. Таъкидлаш лозим, 400 нафар номзод маҳалла раислигига биринчи марта сайланган бўлса, 182 нафар амалдаги раис яна 3 йил ушбу вазифада қоладиган бўлди. Сайланган раисларнинг 19 нафари (3,3 фоизи) аёллар эканини ҳам қайд этиш жоиз.

Маълумки, сайловларни ташкил этишга доир қонунда фуқаролар вакилларининг сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида 12 фоизини ташкил этиши белгиланган. Шунга асосан сайлов ёшига тўлган қарийб 2 миллион 24 минг воҳадошимиз орасидан ташкилотчилик қобилиятига эга, ҳаётий тажриба ва эл орасида ҳурмат-эътибор қозонган 242 минг 922 киши сайловларда вакил сифатида иштирок этиши таклиф этилган. Шу кунгача ўтказилган сайловларда 147 минг 349 нафар вакил муносиб номзодга нисбатан халқ фикрини ифода этди.

Маълумот учун, Касби, Муборак, Деҳқонобод туманларидаги барча ўзини ўзи бошқариш органлари раислигига сайловлар якунланган бўлса, куни кеча Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари, Ғузор, Қамаши, Қарши, Косон, Китоб, Миришкор, Нишон, Чироқчи, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманларидаги жами 44 та маҳаллада йиғин раислари сайланди. Ушбу муҳим жараён давом этмоқда.

Н.ХЎЖАЕВ