Таълим 10.11.2018 99

46-ДАҚИҚА

Бугунги кун ўқитувчиси

46-ДАҚИҚА

Ёхуд мактаб услубий кенгаш ва бирлашмалари амалда қандай фаолият кўрсатиши керак?

КУНЎТАРИГА ИШЛАЙДИГАН МУАЛЛИМ ҚАЕРДАН ПАЙДО БЎЛАДИ?

 Яқинда ўзим иқтидорини қадрлайдиган шогирдлардан бирини учратдим:

– Ўқишлар қалай, тугай деб қолдими, ижодда нима янгиликлар? – сўрадим ундан қизиқсиниб.

Шогирд деганим ёш бўлса–да яхшигина ижодкор, гўзал ташбеҳларга тўла назмий битиклари билан аллақачон мухлислар тилига тушиб улгурган.

– Ўқишни тугатиб, қишлоқдаги мактабда дарс бераяпман, ижодга ҳозирча қўл тегмаяпти.

– Нега, неча соат дарс бераяпсан?

– Мактабда тилчилар етишмас экан, ўттиз соат дарсим бор.

– Зўр-ку, ишга кўникиб кетдингми?

– Аста-секинлик билан, лекин устоз, ўқиш бошқа, иш бошқа экан, толиқиб қолаяпман.

– Нимага?

– Кунига беш-олти соат дарс беришнинг ўзи бўлмас экан, тағин ҳаётнинг бир хиллиги ҳам зериктириб қўяркан.

Ёш ҳамкасбимга далда бериб, суҳбат мурватини бугунги кун ўқувчисини бирхиллик билан қизиқтириш мушкул эканига, ўқитишнинг янгича педагогик технологияларидан кўпроқ фойдаланиш кераклигига бурдим. Қарасам, унинг бу борадаги тушунчалари нисбий, буни кўриб, эндигина олий ўқув юрти сабоқхонасини тарк этган собиқ ўрганувчи зиммасига фаолиятининг илк босқичида шунча миқдордаги фанни ўргатиш юкини ортиш ўзини оқлармикин, деган мулоҳаза хаёлимдан ўтди. Тўғри, раҳбарга ҳам осон эмас, малакали мутахассислар кам қишлоқ шароитида йиллик ўқув режа бажарилишини кўзлаб, қўл остида ишловчи ёшми, тажрибалими, дарс соатларини ошириш  орқали бу кемтикни тўлдиришни кўзлайди. Ёш мутахассис бу қийинчиликлардан муваффақиятли ўтиб олса-ку яхши, акс ҳолда яна бир лоқайд, кунўтарига сабоқ берадиган ўқитувчи пайдо бўлиши тайин. Ўқитувчиликнинг нони қаттиқ, дарс соатлари залворли юкидан тез чарчаб, ўзини бошқа соҳаларга уриб кетаётганлар қанча?!

Гапнинг очиғига кўчсак, дарс – анча-мунча мураккаб жараён. Мураккаблиги шундаки, ўртача ҳисобда бир синфда билим олишга рағбати турлича ўн беш нафардан қирқ нафаргача  (ўқувчи сони 25 нафардан ортиқ синфларда мутахассис етишса, чет тили, рус тили, технология, жисмоний тарбия фанлари икки гуруҳга бўлиб ўқитилади) ўқувчи таҳсил олади.  Ўқитувчи қирқ беш дақиқа мобайнида шунча нафар турли хил қарашларга эга, қизиқишлари доираси чегара билмайдиган ўқувчи билан муносабат ўрната олиши талаб қилинади. Бунинг устига ҳамма оилаларда ҳам бирдек ўз фарзанди таълим–тарбия олиш жараёнига эътибор қаратилавермайди. Шиддат билан янгиланаётган тараққиёт асрида дарс ва унинг мазмунига қўйилаётган талаблар эса кун сайин ортиб бораяпти. Бу вазиятда билим даражасини оширишдан тўхтаган ўқитувчи кимсасиз ўрмонда, борар манзилини билмайдиган сайёҳга менгзаб қолиши шубҳасиз. Ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш курслари мазкур кемтикни тўлдириш учун ташкил этилади. Аммо шундай курсларга бориб, ўз билим, кўникма ва малакасини ошириш учун мутахассис камида уч йил соҳада тер тўккан бўлиши керак. Бугун олий ўқув юрти таҳсилини олиб келган ёш мутахассисга эртага “малака ошириш курсларидан ўтиб кел” деган талабни қўйиш мантиқсизликдан бошқа нарса эмас. Малака ошириш тизими мазмуни илм-фан янгиликлари, илғор  технологияларни ўргатишдан  иборат эканини инобатга оладиган бўлсак, олий ўқув юрти ёш мутахассисни айни шу жараёнга тайёрлаб чиқаради. Бундан хулоса чиқариш мумкин – меҳнат фаолиятини эндигина бошлаган кадр етарли миқдордаги билим кўникмаларини олган, аммо иш тажрибасини қаерда орттиради?

Таълим-тарбия жараёнида уни амалга оширувчининг фақатгина назарий билимга эга бўлиши кифоя эмас. Тўғри, олий ўқув юртида таҳсил олаётган талаба сўнгги босқичларда оз муддат бўлса-да, ўқув амалиётини ўтайди, лекин ўқув амалиёти ўз йўлига, мустақил равишда фаолият кўрсатиш бошқа масала. Биргина ёш мутахассис эмас, ўқиш, изланишдан тўхтаган ҳар қандай ўқитувчи дарс ва унга қўйилаётган замон талабларига жавоб беролмайди. Бу кемтикни тўлдириш учун  ўқитувчи ўз малакасини доимий ошириб бориши лозим. Мактабда ушбу вазифа услубий кенгаш ва унинг атрофига бириккан фан йўналишлари бўйича ташкил этиладиган услубий бирлашмалар зиммасига тушади.

Таъбир жоиз бўлса, услубий кенгаш ва унинг таркибига кирган услубий бирлашмалар тизимига таълим масканида яратилган “кичик академия” деб ном бериш ўринли. Улар зиммасидаги вазифа Халқ таълими вазирлигининг “Дарс муқаддас”, “Ўрган – ўргат”, “Яхши муаллим – сифатли таълим” дастурларида ҳам ўз аксини топган. Афсуски, ҳамма билим масканларида ҳам услубий кенгаш ва услубий бирлашмалар фаолияти амалда йўлга қўйилган, мактаб раҳбарияти томонидан “устоз – шогирд” тизими, турли  педагогик ўқишлар, ўзаро тажриба алмашиш ишлари тўғри ташкил этилган, деб бўлмайди.

ДАРС НЕГА МУҚАДДАС?

Бизда муқаддас саналадиган тушунчалар бор. Бу сифатлашни кўпинча Ватанга, онага, аёлга нисбатан ишлатамиз. Халқ таълими вазирлиги бундан етти йил муқаддам “Дарс муқаддас” тадбирлар мажмуасини ишлаб чиққанида орамизда “дарснинг нимаси муқаддас экан, чекимизга тушган қирқ беш дақиқани қандай қилиб бўлсада ўтказамиз”, деганлар ҳам топилди. Масалага субъектив томондан қаралса, қирқ беш дақиқани тахминан қуйидагича тақсимласа ҳам бўларкан. “Ўқитувчилар хонаси”да шусиз ҳам ўзига аён дарс жадвалини кузатиш, синф журналини излаган бўлишга беш дақиқа, хонага боргунча салобат билан, бир–бир қадам ташлаб, у ер, бу ерда тўхтаб, ўзидек кунўтарига ишлаётган ҳамкасбини суҳбатга тортишга беш дақиқа, боиси сизни залнинг бошида кўрган ўқувчи ўша заҳоти ўзини синф хонасига уриши тайин, ўқувчилар билан салом–алик қилиш, тозаликни кузатиш, давоматни аниқлаш, журнални титкилашга ўн беш-йигирма дақиқа, ўтилган мавзуни сўраш, етарлича тайёргарлик билан келмаганларга, зерикишдан тартиббузарлик қилган “қулоқсиз” ўқувчини дакки билан “сийлаш”га ўн беш-йигирма дақиқа, қани айтинг-чи – янги мавзуни ўтишга қанча вақт қолди? Ўқувчиларга наридан–бери вазифа бериб, синфни тарк этсак, биздан ким хафа бўлиб ўтирибди?

Энди зиммадаги вазифага объектив назар ташлайлик. Қирқ беш дақиқа муболаға билан айтганда кўз юмиб очишга аранг улгурадиган фурсат, яхши ўқитувчи учун унинг ҳар бир сонияси қадрли. Агар дарс соатига ажратилган вақтни тўғри тақсимлай олмасак, олдимизга қўйган таълимий, тарбиявий, ривожлантирувчи мақсадларга эришиш у ёқда турсин, ўқувчига беришимиз лозим бўлган давлат таълим стандартлари минимумини ҳам бажара олмаймиз. Ўқитувчи бундай вазиятда услубий бирлашма ёки ўзаро дарс таҳлилига кирган тажрибали ҳамкасб, яъни устоз ёрдамига таянмаса, вазиятдан қандай бош чиқариб кетади? Ёш ҳамкасблардан бири дарс бошланганидан якунига етгунигача тинимсиз маъруза ўқиб, жон куйдириши эътиборимни тортди, уни ҳузуримга чақириб, бунинг сабабини сўрадим:

– Шундай қилмасам, мавзуни тугатишга улгуролмаяпман, домла, – деди у.

– Бундай аҳволда тез толиқиб қолишинг – масаланинг бир томони, энг ёмони – вақт ўтиб, ўз дарсингдан ўзинг ҳам зерика бошлашинг мумкин.

– Унда қандай қилсам, ўқувчиларимга мавзуни тўлақонли ёритиб бероламан, устоз?

Ёш ҳамкасбимга ўқитувчи яхши бошловчи бўлиши кераклигини, янги мавзуни ёритишда ўқувчилар иштирокини кенгайтириш лозимлигини айтиб, ўқувчи онгига билим, кўникма, малакаларни сингдиришнинг янгича услублари ҳақида маслаҳат бердим:

– Шуни эсингдан чиқарма, – дедим суҳбатимиз якунида куюнчак шогирдимга, – ўқувчи эшитиш билан билимлар минимумини эгаллайди, агар яхши натижаларга эришаман десанг, уни фақат эшитишга, тайёрга айёр бўлишга эмас, мантиқий фикрлашга ўргат. Дарслик нимага чиқарилган, “юз эшитгандан бир кўрган афзал” деган мақол эсингдами, ўқувчиларингга китоб билан ишлаш учун ҳам вақт ажрат, у китоб билан ишлаш кўникмасини мактабда, сенинг ёрдамингда эгалласин, уйида мустақил давом эттирсин, шунда эшитганлари дарсликда ёзилганлар билан мустаҳкамланиб (бугун изланувчан ўқувчи ижтимоий тармоқларидан ҳам унумли фойдаланаяпти), билимларини эркин баён этиш, фикрлай олиш малакасини ҳосил қилади...

Тан олиш керак, кўпчилигимиз, ҳатто анчагина тажрибага эга бўлганларимиз ҳам янги педагогик технологиялардан фойдаланиш ўқувчилар билим даражасини, сифат ўзлаштиришини кўтаришда муҳим омил саналишини эътироф этамиз, аммо амалда йиллар давомида қўллаб келаётган примитив услубларимиздан воз кечолмаймиз. Дарс ўтишнинг маъруза кўриниши шундай, аллақачон вазифасини ўтаб бўлган услублардан бири. Бу ундан умуман фойдаланмаслик керак, дегани эмас, жараён ўқувчиларни зериктириб қўймайдиган технологиялар билан бойитилса, шакл ҳам, мазмун ҳам ижобий томонга ўзгаради... 

УСЛУБИЙ БИРЛАШМА – ШУНЧАКИ “БЕПУЛ ТАСАДДУҚ”МИ?..

Одатда аксаримиз жамоатчилик асосида бажариладиган вазифа билан ижроси учун ҳақ олинадиган ишга тенг назар билан қарамаймиз. Табиийки, жамоатчилик топшириғини “мендан кетгунча, эгасига етгунча” қабилида бажариш ҳеч кимни ажаблантирмай қўйди. Услубий бирлашма раислиги шундай ҳақ тўланмайдиган (айни пайтда Халқ таълими вазирлиги мактаблардаги услубий бирлашма раисларига ҳақ тўлаш тизимини яратиш юзасидан аниқ таклиф ва мулоҳазаларни умумлаштираяпти)  юкламалардан бири. Ваҳоланки, мактаб услубий кенгаши, фан йўналишлари бўйича услубий бирлашмалар тўғрисида алоҳида-алоҳида низомлар ишлаб чиқилган, вазифалар, кўзланган мақсад аниқ-равшан белгилаб берилган. Масалан, таълим муассасасида методик ишларни мувофиқлаштириш мақсадида ташкил этиладиган Методика кенгаши тўғрисидаги низомда унинг 18 банддан иборат вазифалари баён этилган. Услубий бирлашма зиммасидаги вазифалар кўлами эса бундан ҳам кенгроқ, 26 та йўналишни ўз ичига олади. Биргина “фан ойликлари” ва “очиқ дарслар фестивали”ни ташкил этишнинг ўзи билан мактабда таълим мазмунини бойитиш соҳасида сезиларли ютуқларга эришиш мумкин. Аммо минг афсуски, аксарият ҳолларда бу борадаги ишлар фақат қоғоз ва ҳужжатларда ўз аксини топмоқда.

Одатда услубий бирлашма раислигига фан йўналиши бўйича энг тажрибали ва малакали мутахассис тайинланиши керак. Лекин бундай ўқитувчилар кўпинча ўз ҳузур-ҳаловатини бузмасликни мақбул кўришади. Ҳатто дарс тақсимоти чоғида ҳам имкон даражасида   қуйироқ синфлардан дарс олишга интилишади. Негаки ёш муносабатларини ҳисобга олганда юқори синф ўқувчиларига қараганда қуйи синф тарбияланувчилари бўйсунувчанроқ бўлишади.

“Устоз-шогирд мактаби” фаолияти ҳам шундай юзакиликдан холи эмас. Эсимда, институтни битириб, иш фаолиятимни бошлаган кезларим эди. Мактабимизнинг кекса директори ҳар бир ёш мутахассис билан тез-тез алоҳида суҳбатлар қуриб турар, одатда бундай “сирлашув”лар у кишининг қуйидаги маслаҳатлари билан якун топарди:

– Танлаган касбинг ниҳоятда мушкул, игна билан қудуқ қазишга ўхшайди. Тинимсиз изланиш, интилиш орқалигина жамоа, ўқувчилар, ота–оналар ўртасида ҳурмат қозонишинг, кенг жамоатчилик эътиборини тортишинг мумкин. Ўқитувчи дақиқа санаб, ишлайди, танга санаб ҳақ олади. Сен кўпроқ фалон–фалон устозлар этагидан маҳкамроқ ушла. Шунда ҳеч қачон кам бўлмайсан...

Биз юқорида дарснинг ўта мураккаб жараён эканлигини таъкидлаб ўтгандик. Юзаки қараганда дарсга ажратилган қирқ беш дақиқани тўғри тақсимлаш билан бу мураккабликни юмшатиш мумкиндек кўринади. Аммо бир соатлик дарснинг мураккабликлари унга тайёрланиш жараёнининг, китоб варақлаб (бугун интернет титкилаш қулайлиги ҳам юзага келди), мукаммал ишланма, кўргазмали воситалар тайёрлашдан тортиб, дарс соатини ташкил этишгача – ким қанча босқичларни ўз ичига олишини ўз касбининг фидойиси бўлган мутахассисгина аниқ кўз олдига келтира олади. Агар шу жараён методика кенгаши ва услубий бирлашмалар томонидан бойитилса борми, кўзланган мақсадга эришиш йўли шунчалик кўп мазмун ва самарадорлик касб этади.

Бошқача айтганда, ўқитувчи 45 дақиқалик дарснинг муқаддаслигини юрагидан ҳис этсин, 46-дақиқада –  ўз-ўзига ҳисоб бераётган чоғида кўнгли асло хижил тортмасин.

 Бежиз “тарбияда таътил йўқ” дейишмайди. Айнан шу ҳикматни таълимда ҳам қўллаш фақатгина ижобий натижалар келтириши шубҳасиз. Бир соатлик дарснинг ўқишли асарга айланиши ўзимизда ишга айнан шундай муносабатни ўрната олишимизга боғлиқ. Зеро, тараққиёт йўлидан одим ташлаётган мамлакатимиз   эртанги куни учун рақобатбардош ёш кадрларни тарбиялаб вояга етказишда ҳал қилувчи воситалардан бири саналган дарснинг муқаддаслиги ҳам шунда.

Абдунаби АБДИЕВ,

Миришкор туманидаги 22-ўрта мактаб директори