Жамият 11.10.2018 137

5 ЙИЛЛИК ТАДБИРЛАР КОМПЛЕКСИ ЯКУНЛАНМОҚДА

Шаҳар бедарвоза эмас!

5 ЙИЛЛИК ТАДБИРЛАР КОМПЛЕКСИ ЯКУНЛАНМОҚДА

Унда назарда тутилган “Кунчиқар” маданият ва аҳоли дам олиш маркази реконструкцияси эса йўқ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июндаги тегишли қарори билан аҳолининг, айниқса, ёш авлоднинг ўсиб бораётган маданий-маърифий эҳтиёжларини қондириш, уларнинг бўш вақтини самарали ва мазмунли ўтказишига кўмаклашиш мақсадида       2013 - 2018 йилларда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказларини ташкил этиш ва уларнинг моддий-техника базасини ривожлантириш бўйича Тадбирлар комплекси тасдиқланган эди.

Мазкур ҳужжатда мамлакатимиздаги мавжуд маданият уйлари ва клуб муассасалари, шунингдек, бошқа мос биноларни аниқлаб, уларни белгиланган талаблар асосида таъмирлаш, жиҳозлаш ҳамда негизида маданият ва аҳоли дам олиш марказлари фаолиятини йўлга қўйиш назарда тутилган.

Шу асосда Шаҳрисабзда ҳам бир нечта ана шундай объектлар маданият ва аҳоли дам олиш марказига айлантириш учун туман маданият бўлими (ўша пайтдаги туман маданият ва спорт ишлари бўлими)га берилган.

Жумладан, туман ҳокимининг 2013 йил 22 ноябрдаги тегишли қарори билан “Кунчиқар” ҚФЙ Янги қишлоқ маҳалласида жойлашган собиқ клуб биноси ҳам маданият ва аҳоли дам олиш марказига айлантириш учун туман маданият бўлими балансига ўтказилган. Турли йилларда “совхоз” клуби, фуқаролар йиғини идораси сифатида фойдаланилган бу бино тўлиқ реконструкция қилиниб, жиҳозланиб,   замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказига айлантирилиши мақсад қилинганди.

Бинода реконструкция ишларини амалга ошириш 2017 йилги вилоят манзилли дастурига киритилиб, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмачилигида қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланган. Пудратчи ташкилот эса тендер танлови натижасига кўра танлаб олингани айтилади. Унда Китоб туманидаги “Китоб сайқал савдо сервис” махсус ихтисослаштирилган қурилиш таъмир корхонаси ғолиб бўлган. Шу асосда буюртмачи ва пудратчи корхона томонидан имзоланган шартномага кўра, ижрочи белгиланган муддат ичида бинонинг тўлиқ реконструкция қилинишини таъминлаб, жиҳозлаши ҳамда фойдаланишга топшириши лозим эди. Бироқ...

- Мазкур маданият ва аҳоли дам олиш маркази лойиҳасига кўра, туманда шу турдаги муассасалар ичида энг яхшиларидан бири бўлиши керак эди, - дейди Шаҳрисабз тумани маданият бўлими раҳбари Алимардон Раҳматов. - Бу ерда турли тўгараклар, бадиий ҳаваскорлик жамоалари ёки шунга ўхшаш гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилиши мақсад қилинган. Қолаверса, Шаҳрисабз шаҳри ва тумани алоҳида-алоҳида маъмурий бирликка ажратилганидан сўнг, айни пайтда туман маданият бўлимининг доимий идораси мавжуд эмас. Ҳар томонлама мақбул бўлгани боис, бўлим учун ҳам шу ердан хона ажратиб, фаолият юритишни режалаштиргандик. Аммо реконструкция ишлари 2017 йилда тугаши керак бўлгани ҳолда, 2018 йил охирлаб қолди ҳамки ҳали-ҳамон якунланмаяпти. Пудратчи ташкилот анча вақтдан буён ишни чала қолдириб кетган. Бу масала юзасидан бир қанча ташкилотларга мурожаат қилдик, лекин натижа бўлмаяпти.

Туман маданият бўлими раҳбарининг ташвиши бекорга эмас. Уларни на буюртмачи ва на ижрочи тингламайди, шундай бўлгач, бўлим масъуллари қўл қовуштириб ўтириши керакмиди? Устига устак яна 2 ойдан кўпроқ вақтдан сўнг замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказларини ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарори билан тасдиқланган бутун бошли Тадбирлар комплекси якунланади. Орадан шунча вақт ўтди, аммо Шаҳрисабз туманидаги “Кунчиқар” маданият ва аҳоли дам олиш марказида оддий реконструкция ишлари ҳали тугалланмади. Шунча маблағ сарфланиб, замонавий кўринишга келиб қолган бино бу кетишда яна секин-секин харобага айланмаслигига ким кафолат беради? Унинг реконструкцияси учун ажратилган бюджет пуллари ҳам эгасиз эмас, ахир.

Хўш, муаммонинг илдизи қаерда?

Ана шу савол атрофида изланар эканман, ишлар аввало масъулиятсизлик оқибатида тўхтаб қолгани ойдинлаша борди: буюртмачининг, ижрочининг, назоратчиларнинг, туман масъулларининг...   

Худди шу масалада бизга келиб тушган хат асосида вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси раҳбари номига ёзма мурожаат билан чиқдик. Компания бош муҳандиси Х.Қиличев имзоси билан олинган жавоб хати эса жуда тумтоқ, умумий гаплардан нарига ўтилмаган. Жумладан, унда шундай дейилади:

“... Қурилиш-тиклаш ишлари ажратилган маблағ доирасида амалга оширилган. Вилоят ҳокимининг 2017 йил     5 июндаги 211-сонли баённомасига асосан объектдаги ҳовли-девор ва ободонлаштириш ишларини ҳомийларни жалб қилган ҳолда бажартириш туман ҳокимлигига юклатилган ва бугунги кунгача юқоридаги ишларни бажартиришга туман ҳокимлиги томонидан ҳомийлар маблағи шакллантирилмаганлиги сабабли ишларни тугатиш ва жиҳозлаш имконияти бўлмаяпти”.

Қизиқ, бир объектнинг реконструкцияси лойиҳа-смета ҳужжатлари унинг тугалланиб, фойдаланишга топширишгача бўлган ишларни ҳисобга олиб тасдиқлансаю, бу амалга ошмаса. Боз устига “Кунчиқар” маданият ва аҳоли дам олиш маркази биносидаги охирига етказилмаган ишлар фақат ҳовли-девор ва ободонлаштириш билан боғлиқ эмас. У ерда лойиҳада назарда тутилган ишлар - хоналар ва зал белгиланган тартибда жиҳозланмаган. Иссиқлик тизими ўрнатилмаган. Таъмирлаш, айниқса, электр-монтаж ишлари жуда сифатсиз бажарилган. Буюртмачию, бу ташкилотнинг бинога бириктирилган назоратчиси қаерга қараган? Бундан кўринадики, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси мутасаддилари ушбу мурожаатга қадар ҳам, ундан сўнг ҳам ҳолатни пухта ўргангани, ишлар нима учун якунланмаётганига эътибор қаратгани йўқ. Хатга тумтоқ жавоб бериб, “ёпган” бўлишди, холос. Улар наздида “ёпилган”  мурожаат ортидаги муаммо эса ўз ҳолича қолиб кетаверди, ечим йўқ. 

Мен пудратчи ташкилот раҳбари билан ҳам учрашдим.

- Ушбу бинода реконструкция ишларини амалга ошириш ҳуқуқини тендерда ютиб олганмиз, - дейди “Китоб сайқал савдо сервис” махсус ихтисослаштирилган қурилиш таъмир корхонаси раҳбари Суннат Бобомуродов. – Лойиҳага кўра, 1 миллиард сўмлик ишларни амалга ошириш кўзда тутилганди. Ҳозирги кунга қадар 960 миллион сўм пул олганмиз, лекин айни вақтнинг ўзида қарийб 1 миллиард 100 миллион сўмликдан ортиқ ишни бажариб қўйдик. Қўшимчасига яна 200 миллион сўмга яқин маблағ бўлса, қолган ишлар ҳам якунланади. Ана шунда мебелни ҳам олиб келамиз, таъмирлашдаги камчиликларни ҳам тузатамиз, кейинги бир йил давомида реконструкция билан боғлиқ камчиликлар аниқланса, уни ҳам тузатиб беришни зиммамизга оламиз.

Э, лойиҳа асосида ажратилиши белгиланган пул қарийб олиб бўлинган. Ўша тендерда қурувчи ташкилот яна пул берасизлар деб эмас, кўрсатилган суммада ишни вақтида битиришни зиммасига олмаганми? Аксинча, қандай ғолиб бўлиб қолган?! 

Пудратчи ташкилот раҳбарининг изоҳлашича, бинони реконструкция қилиш сметаси аслида 1 миллиард сўмни ташкил этгану лекин, кейинчалик Шаҳрисабз тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари келиб (айни пайтда бошқа ишда), лойиҳага айрим ўзгартишларни киритиш кераклигини, қўшимча бажарилган ишлар учун маблағ туман бюджетидан тўлаб берилишини айтган. Шундан сўнг, қўшимча бажариладиган ишлар ҳисоб-китоб қилиниб, ҳужжатлар туман ҳокимлигига тақдим этилган. Ҳоким ўринбосари эса бунга розилигини билдириб, ишни бошлайвериш кераклигини, пул бўлиши билан харажатлар тўлаб берилишини билдирган. Ана шу бирор бир ҳужжатга тиркалмаган, шунчаки оғзаки келишувга кўра, қурувчи ташкилот томонидан лойиҳага ўзгартириш киритилиб, қўшимча қурилиш ишлари амалга оширилганмиш.

Хўш, бу нима ишлар экан, қурувчи бажариб қўйган, натижада маблағ белгиланганидан ҳам кўп сарфлангану ҳамон маскан фойдаланишга топширилмай ётган?

Айтишларича, бино таркибидаги янги зал лойиҳада кўзда тутилганидан бироз каттароқ қилиб қурилган ва таъмирланган эски бинодан унга ўтиш йўлаги барпо этилган. Бори шу.

Нега, бундан буюртмачи хабардорми ёки тасдиқланган лойиҳани у билан келишмасдан ўзгартириб юбораверса ҳам бўлаверадими? Кейин “ортиқча иш қилдим” деб яна пул сўраётган пудратчи лойиҳада дастлаб кўзда тутилган асосий ишларни ортга суриб юраверса, давлат берган пул беэгами? Қурилиш муддати кечиктириб юборилганини нега ҳеч ким назорат қилмаяпти?

Қизиқ, бинони  балансига олиб, эртага яхши ниятларда фойдаланишни кўзлаган туман маданият бўлимида объектда амалга оширилиши кўзда тутилган қурилиш ишлари ва унинг жиҳозланишига оид аниқ маълумотлар йўқ. Уларга беришмаган. Назаримда бу яқин атрофда беришмайди ҳам. Буюртмачи ҳам, ижрочи ҳам уни қатъий сир тутишга урингани уринган. Нега, буёғи бизга қоронғу. Ҳар ҳолда катта иш бажариб, “сюрприз” қилишмоқчи эмаслиги аниқ.     

Хуллас, “Кунчиқар” маданият ва аҳоли дам олиш маркази номини олиши керак бўлган ва аллақачон у ерда турли тўгараклар, бадиий жамоалар иш бошлаши, оддий одамлар учун концертлар, кўнгилочар тадбирлар уюштириб турилиши керак бўлган масканнинг чала қолган реконструкцияси атрофида ана шундай гаплар. Биз муаммога шунчаки эътибор қаратдик, манфаатдор томонларни тингладик, фикримизни баён этдик. Зеро, муаммони жамоатчилик, масъуллар, ваколатли идоралар эътибори учун кўтариб чиқиш вазифамиз. Қолгани улар ҳукмига ҳавола, бинобарин, улар бир муаммога ечим топиш учун ҳозир бевосита мурожаат бўлишини кутиб (ҳаракатсиз) ўтирадиган давр эмаслигини яхши англаб туришибди.    

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.