Иқтисодиёт 05.07.2019 212

5 ОЙДА - 292 ТА ЯНГИ ОИЛАВИЙ КОРХОНА

Хусусий сектор

Бугун мамлакатимизда оилавий тадбиркорликка аҳоли бандлигини оширишнинг мақбул ечими сифатида қаралаяпти. Албатта, бу ҳар томонлама яхши ёндашув. Бекорчилик, ишсизлик аввало оила аъзоларининг фойдали иш билан лозим даражада шуғуллана олмаётганидан келиб чиқади. Уларни бизнесга жалб этиш, кишиларда ишбилармонлик кўникмасини шакллантириш юқори самара беради.

Исбот ўлароқ қуйидаги статистикани келтириш мумкин. 2019 йил 1 июнь ҳолатида вилоятимизда мавжуд оилавий корхоналар сони 971 тани ташкил этган. Шунинг 950 дан зиёди тўлақонли фаолият кўрсатаяпти. Муҳим жиҳати, бу фурсатда қарийб 300 янги оилавий корхона ишга тушган. Ўтган йилнинг худди шу даври билан солиштирсак, бу борада жиддий ўсиш борлигини кўриш мумкин. Атиги бир йил аввал рўйхатдан ўтган оилавий корхоналар сони 602 та бўлган, холос. Ушбу кўрсаткичлар вилоятимизда ҳам оилавий тадбиркорликка қизиқиш ошаётгани ва у бизнес юритишнинг қулай шакли сифатида тобора оммалашиб бораётганини билдиради.

Шаҳрисабз шаҳридаги "Али Мак бизнес ҳамкор" оилавий корхонаси иш бошлаганига ҳам кўп бўлмаган. Миллий ширинликлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур қувват бир оила аъзоларининг хайрли ташаббуси маҳсулидир.

- Ўзимизга яқин соҳа ва шу билан бирга ишлаш осон бўлгани учун шу фаолият йўналишини танлаганмиз, - дейди корхона раҳбари Фарҳод Ғуломов. - Ишлаб чиқариш цехини йўлга қўйиш учун 100 миллион сўм сарфладик. Бу ерда энергия тежамкор печлар ва ускуналар ўрнатилган.  Ҳозирда ҳудуд аҳолисига 30 хилга яқин миллий ширинлик етказиб бераяпмиз. Маҳсулотни шаҳримиздаги дўконларга тарқатамиз. Ёлланма ишчиларни қўшиб ҳисоблаганда 5 киши фойдали меҳнат билан банд этилган.

Тадбиркор оилавий корхонани юритиш ҳар жиҳатдан қулай ва сердаромад фаолият эканини айтади. Фақат бизнес йўналишини танлашда адашмаслик керак. Эътиборлиси, бугунги кунда вилоятимиздаги оилавий тадбиркорлик субъектлари ҳудуд иқтисодиётининг деярли барча жабҳаларига жалб қилинган. Мисол учун, оилавий корхоналарнинг 31 фоизи саноат тармоғида, 20 фоиздан ортиғи яшаш ва овқатланиш хизмати кўрсатиш соҳасида банд. 17 фоизи қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши, яна шунчаси савдо фаолияти билан машғул. 30 та оилавий корхона ихтисослиги эса соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатишга тааллуқли.

 Мирзоҳид ЖЎРАЕВ