Қишлоқ хўжалиги 17.09.2019 155

6,5 МИЛЛИАРД СЎМ САРМОЯ, 60 МИНГ ТУП ПИСТА ДАРАХТИ ВА 600 ЙИЛ ДАРОМАД

Қишлоқ хўжалиги

6,5 МИЛЛИАРД СЎМ САРМОЯ, 60 МИНГ ТУП ПИСТА ДАРАХТИ ВА 600 ЙИЛ ДАРОМАД

Бу деҳқонободлик тадбиркорнинг янги лойиҳасида акс этган рақамлар

Писта дарахтини кўпчилик халқлар "яшил олтин", "олтин дарахти"  ёхуд "комбинат дарахти" каби номлар билан аташади. Бунга сабаб, писта мевасининг қимматбаҳолиги ва ундан жуда кўп турдаги маҳсулотлар олинишидир.

Ҳақиқатан ҳам, пистани барча бирдек севиб истеъмол қилади, шу билан биргаликда озиқ-овқат, фармацевтика ва бошқа қатор саноат тармоқларида бу маҳсулотдан хомашё сифатида кенг фойдаланилади.

Мисол учун, кўпгина ширинликлар, колбаса ва қатор парҳез маҳсулотлари таркибида пистани учратасиз. Фармацевтика саноатида ҳам у алоҳида қадрланади. Боиси, хандон писта юқори диетик маҳсулот бўлиб, таркиби инсон саломатлиги учун фойдали микроэлементлар (49-60 фоизгача ёғ, 15-20 фоиз оқсил ва 3-8 фоиз қанд)га жуда бой.

Абу Али ибн Синонинг табобатга оид асарларида жигар ва ошқозондаги касалликларни даволашда пистадан тайёрланадиган малҳамларга кенг ўрин ажратилган. Шунингдек, писта сурункали ўпка касалликларини даволашда, юрак соғломлигини таъминлаш, иммун тизимини мустаҳкамлаш, асабларни тинчлантириш, кўриш қобилиятини яхшилашда кенг қўлланилади. Терини ёшартирувчи хусусиятга эга. Шу боис ҳам бугун фармацевтика ва косметика саноати учун писта муҳим хомашёга айланган. Бундан ташқари, писта дарахти ва унинг қисмларидан тери ошловчи моддалар, самолётлар учун қимматбаҳо буёқлар ишлаб чиқарилади.

Бу жиҳатларнинг барчаси писта дарахти ва меваси қадрини янада ошириб, уни жаҳон бозоридаги энг харидоргир ва қимматбаҳо маҳсулотлардан бирига айлантирган. Бугун иқлим-шароити ушбу экинни парваришлаш имконини берадиган кўпгина давлатлар писта етиштириш билан фаол шуғулланиб, жуда катта даромад кўришмоқда.

Эътиборли томони, мамлакатимизнинг ҳам кўпгина ҳудудларида писта етиштириш учун қулай шарт-шароит мавжуд. Жумладан, вилоятимизнинг тоғолди ҳудудларидаги лалми майдонларда ҳам писта плантацияларини барпо этиб, фойдаланилмай ётган бу ерларни муҳим даромад манбаига айлантириш мумкин.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ташрифлари чоғида Қамаши, Деҳқонобод туманларининг лалми майдонларида пистазорлар барпо этиш бўйича кўрсатма ва топшириқлар берган эди. Ҳозирда бу борада қатор чора-тадбирлар кўрилаяпти. Янги-янги лойиҳалар йўлга қўйилмоқда.

Деҳқонобод туманидаги "Экокомфорт" хусусий корхонаси раҳбари Ваҳоб Норсафаров томонидан амалга оширилаётган янги лойиҳа ҳам 270 гектар майдонда писта плантациясини барпо этишни кўзда тутади.

Қизиқиш 3 йил олдин бошланган эди

- Писта дарахти асосан тоғ ёнбағридаги яйдоқ ерларда ўсади, сувсизликка чидамли, - дейди тадбиркор. - Демакки,  туманимиз ҳудудида уни бемалол етиштириш мумкин. Шуни инобатга олган ҳолда 3 йил аввал бир гектар майдонда пистазор барпо этган эдик. Натижа ёмон бўлмади, ниҳолларимизнинг барчаси яхши кўкармоқда. 2018 йилнинг декабрь ойида    Президентимизнинг Деҳқонобод туманида ҳам пистазорлар барпо этиш бўйича берган кўрсатмалари бизни бу ишни янада кенгайтириб, катта майдонларда писта етиштиришни йўлга қўйишга илҳомлантирди.

Шундан сўнг тадбиркор 270 гектар лалми майдонда хандон писта плантациясини барпо этиш ва писта дарахтлари орасида экспортга мўлжалланган Кўҳистон ковраги етиштиришни кўзда тутадиган лойиҳа билан туман ҳокимлигига мурожаат этади. Ташаббус ўз вақтида қўллаб-қувватланиб, тадбиркорга керакли ер майдони ажратиб берилган.

Ҳозиргача 7 киши ишли бўлди

- Лойиҳамизнинг умумий қиймати 6,5 миллиард сўмни ташкил этади, - дейди Ваҳоб Норсафаров. - Шундан 2 миллиард сўми тижорат банки томонидан имтиёзли кредит сифатида берилган бўлса, қолган 4,5 миллиарди ўз маблағимиз. Бу маблағ ҳисобидан нафақат писта кўчатларини экиш, балки ушбу майдонда кенг кўламдаги қурилиш-бунёдкорлик ишларини амалга ошириш ҳам белгиланган. Чунки ишни бошидан профессионал тарзда йўлга қўймоқчимиз. Шу боис, айни пайтга қадар ажратилган майдоннинг 11 километр қисми темир панжарали тўсиқлар билан ўраб олинди. Ҳудудга олиб борадиган 6 километр йўлга тош-шағал ётқизилди, 3 километр масофадан электр тармоғи тортиб келдик. Ишчи-хизматчилар учун дала шийпони қурдик. Ҳозирга қадар ер ости сувини тортиб беришга мўлжалланган 2 та артезиан қудуғи қуриб битказилди. Бу борадаги ишлар давом этмоқда. Хуллас, ишнинг кўлами жуда катта. Даставвал лойиҳада 5 кишини иш билан таъминлашни кўрсатган бўлсак-да, ҳозир 7 киши расман ишлаяпти, яна қўшимча ишчи кучига эҳтиёж туғилмоқда. Шу боис яқин кунлар ичида яна 4 ишчи олишни мўлжаллаб турибмиз.

Кўчатни ҳам ўзимиз етиштирмоқдамиз

- Лойиҳа жорий йил бошида бошланган эди. Шундан сўнг, вақтни йўқотмаслик учун дарҳол ишга киришдик. Февраль ойида элита синфига мансуб хандон писта олиб келиб, 60 минг дона уруғ эккан эдик.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, хандон писта ниҳоллари анча нозик ва секин ўсади. У ўзини тўлиқ тутиб олиши учун ундирилаётган кўчатлар бақувват ва яхши етилган бўлиши лозим. Шу боис, тадбиркор бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратган. 60 минг туп уруғнинг ҳар бири махсус қутиларга, алоҳида-алоҳида экилган. Ҳар бир ниҳол ишчилар томонидан эътибор билан парваришланмоқда. Айни пайтга келиб ниҳолларнинг бўйи 50-70 сантиметрга етиб қолган. Октябрь ойи ўрталарига бориб уларни ўз тупроғи билан биргаликда очиқ майдонга ўтқазиш бошланади.

Кўҳистон ковраги эса жорий йил бошидан далага экилган.

6-7 йил кутиб, 600-700 йил ҳосил олиш мумкин

Энди лойиҳанинг истиқболига эътибор қаратамиз. Тадбиркорнинг таъкидлашича, у ҳозир сарфлаётган маблағ бир неча йилдан сўнг ўзини оқлашни бошлайди.

Хусусан, Кўҳистон ковраги 5 йилдан сўнг ҳосилга киради. Эътибор билан қаралса, бир неча йил давомида ундан тиббиёт учун мўлжалланган смола ажратиб олиш мумкин.

Писта дарахтлари эса ўртача 7-8 йилда нишона кўрсатади ва 12-15 ёшида тўлиқ ҳосил бера бошлайди. Шундан сўнг ундан камида 600-700 йилга қадар ҳосил олиш мумкин. Ҳар гектар пистазорда 1 тоннага қадар сара маҳсулот етиштириш имкони мавжуд. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бўйича ташкилоти (ФАО) маълумотига кўра, 1 тонна хандон   писта нархи Италияда 13 минг 371, Францияда 10 минг 263, Туркияда 10 минг 156 АҚШ долларига баҳоланишини ҳисобга олсак, лойиҳанинг   нафақат тадбиркор, балки ҳудуд иқтисодиёти учун қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлиги аён бўлади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.