Жамият 16.07.2019 220

71 МАСЪУЛ МУРОЖААТЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШДАГИ КАМЧИЛИК САБАБ ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИЛДИ

Ижро интизоми

"Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонун талабларига биноан вилоят ҳокимлиги томонидан 2019 йилнинг биринчи ярми давомида вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимликларига тушган мурожаатлар таҳлил қилинди. Мақсад мурожаатлар билан ишлашда келгусидаги вазифалар ва йўналишларни белгилаб олишдир. Зеро, ҳар бир фуқаронинг муаммосини қонуний, асосли ва адолатли ҳал қилиш орқали уларни давлат, давлат хизматчилари, жамият ва ҳаётдан рози қилиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаси ҳисобланади.

Таҳлил қилинаётган вақт ичида вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимликларига жами 40 минг 252 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 13 минг 416 таси Президент виртуал қабулхонаси орқали, 26 минг 836 таси бевосита йўлланган. Ҳокимликларга келган мурожаатларнинг 18 минг 61 таси ёзма, 8502 таси оғзаки ва 273 таси электрон мурожаатлардир. Бевосита ҳокимликларга йўлланган 26 минг 836 мурожаатнинг 11 минг 596 таси қаноатлантирилган, 7941 таси бўйича тушунтириш берилган, 85 таси кўрмасдан қолдирилган, 415 таси рад этилган, 5678 таси тегишлилиги бўйича бошқа ташкилотларга юборилган ва қолганлари ўрганиш жараёнида. Ушбу рақамлар битта саволни кўндаланг қўяди олдимизга: хўш, нега мурожаатлар оқими юқорилигича қолмоқда?

Вилоят ҳокимлигига жисмоний ва юридик шахслардан 4934 та, Қарши шаҳар ҳокимлигига 4911 та, Шаҳрисабз, Ғузор ва Яккабоғ туманлари ҳокимликларининг ҳар бирига уч мингтадан ошиқ мурожаат бўлган. Энг кам мурожаатлар Миришкор тумани ҳокимлигига - 694 та, Муборак ва Касби туманлари ҳокимликларининг ҳар бирида бу кўрсаткич мингтадан ошиқроқ бўлган.

Вилоят ҳокими томонидан 557 нафар, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари томонидан 1032 нафар фуқаро бевосита вилоят ҳокимлигида қабул қилинган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари, жойлардаги сайёр ва шахсий қабуллар ҳамда сектор раҳбарлари томонидан уйма-уй юриш вақтида ҳам қабуллар ўтказилиб, кўплаб муаммолар жойида ҳал этилган.

Президент виртуал қабулхонаси орқали тушган мурожаатларга эътибор қилсак, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1470 тага камайган. Ушбу йўналишдаги энг кўп мурожаатлар Қарши шаҳри (1880 та), Деҳқонобод тумани (1325 та) ва Чироқчи тумани (1104 та)га, энг кам мурожаатлар эса Миришкор, Муборак ва Касби туманларига тўғри келади. Виртуал қабулхона орқали келган мурожаатларнинг 8070 таси қаноатлантирилган бўлса, 507 таси такрорий мурожаатлардир. 242 та мурожаат ўн беш  ва 81 мурожаат ўттиз кундан ошиқ муддатда ҳал этилган. Мурожаатларни ўз вақтида қонуний, асосли ва адолатли кўриб чиқмаган 71 нафар масъул ходим интизомий жавобгарликка тортилган.

Мурожаатлар асосан уй-жой ва уй-жой қуриш учун ер участкаси олиш, нафақа ва моддий ёрдам ажратиш, ишга жойлашиш, соғлиғини тиклаш, фермер хўжалиги фаолияти, тадбиркорлик ва кредит олиш, йўлларни таъмирлаш, сув, электр ва газ таъминоти билан боғлиқ масалалардир. Бу муаммолар вилоят бўйича таҳлил қилиниб, тегишли  дастурлар асосида ҳал этиб борилмоқда.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида, қонуний ва асосли ҳал қилиш учун нима қилиш керак? Назаримизда асосан икки масалага эътибор қаратиш керак. Биринчидан, мурожаатлар билан ишлашда давлат органлари масъул шахсларининг жавобгарлик масаласини кучайтириш лозим. Иккинчидан, фуқароларимизнинг мурожаатларга оид ҳуқуқий билим ва ҳуқуқий маданиятини оширишга эътиборни кучайтириб бориш керак.

Зеро, фуқароларимиз ўзи кўтараётган муаммонинг қаерда, қайси давлат органи ва ким билан ҳал этилишини яхши билса, масала шунчалик тез, қонуний ечим топади. Шунга эришсак, ҳеч бир фуқаро бошқа идорада ҳал бўладиган масала бўйича ўзга жойларда сарсон бўлиб юрмайди. Ана шунда туман (шаҳар) ва маҳаллада ҳал бўладиган масала бўйича турли республика, вилоят идораларида бир хил мазмундаги аризалар кўпаймайди ҳамда мурожаатлар сони сунъий равишда ошиб кетмайди.

Мурожаатлар билан ишлашни янада яхшилаш, мурожаат қилувчиларни қаноатлантириш ва рози қилиш ҳамда такрорий шикоятларни камайтириш учун "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонун талабларига риоя этилишини қатъий таъминлаш керак. Иккинчидан, мурожаат қилувчини яхшилаб эшитиш ва тинглаш керак. Учинчидан, мурожаатни ўрганиш вақтида мурожаат қилувчининг иштирокини таъминлаш керак. Тўртинчидан, мурожаатни ўрганиш вақтида тўпланган материаллар билан мурожаат қилувчини таништириш ва берилаётган жавобнинг мазмунини тушунтириш керак. Бешинчидан, мурожаат қилувчининг талаби асоссиз бўлса, унга бу ҳаракати ноқонуний эканини тушунтириш ва уни қаноатлантирадиган асосли таклифларни тавсия қилиш лозим. Олтинчидан, ўрганиш натижалари бўйича жавоб мурожаат қилувчига етиб боришини таъминлаш шарт. Еттинчидан, масъул давлат хизматчилари ҳамда мурожаат қилувчининг масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш керак. Шундагина бу борада ҳам адолат тамойиллари устуворлик касб этади.

Абдишукур ОМОНОВ,

ҳуқуқшунос