Жараён 02.07.2019 58

75 ИШ ЎРНИ ЯРАТГАН ХУСУСИЙ КОРХОНА РАҲБАРИ

Кўрик-танлов

75 ИШ ЎРНИ ЯРАТГАН ХУСУСИЙ КОРХОНА РАҲБАРИ

"Ишбилармон аёл-2019" кўрик-танловининг вилоят босқичида 1-ўринни қўлга киритди

Яккабоғ туманидаги 2012 йилда ташкил топган "Шоира Шукуровна"  хусусий корхонаси фаолияти дастлаб маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари - гўзаллик салони ва тикувчилик цехини ўз ичига олган. Кейинчалик тадбиркор аҳолига турли маросимлар ва байрам тадбирлари ўтказиш учун тўйхона, Қарши шаҳрида тиббий хизмат кўрсатиш маркази очиш билан  қамровни янада кенгайтирди.

- Жорий йил 1 миллиард 800 миллион сўм имтиёзли кредит ва ўз маблағимиз ҳисобидан 1 миллиард 28 миллион сўм сарфлаб Яккабоғ туманидаги Хўжаилғор маҳалласида болажонлар учун 100 ўринга мўлжалланган "Жажжи олмачалар" мактабгача таълим муассасасини таъсис этишга эришдик, - дейди хусусий корхона раҳбари Шоира Ҳайдарова.

ЎзЛиДеП вилоят Кенгаши томонидан қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилиб, шаҳар ва туманлар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 15 нафар фаол тадбиркор, чевар, фермер ва ҳунарманд хотин-қизлар беллашган танловда Шоира Ҳайдарова бошчилик қилаётган субъект фаолияти алоҳида эътироф этилиб, унга 1-ўрин берилди.

Мос равишда 2- ва 3-ўринларни қўлга киритган Косон туманидаги "Косон ривож текстиль" оилавий корхонаси раҳбари Лобар Қурбонова ҳамда Қарши туманидан "Гулшан" хусусий корхонаси раҳбари Муниса Очилова ҳам кўрик-танловнинг республика босқичига йўлланма олишди.

Шунингдек, кўрик-танлов иштирокчилари "Замонавий тадбиркор аёл портрети", "Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли", "Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантираётган фермер аёл", "Ташаббускор аёл" сингари номинациялар бўйича ҳам тақдирланди.

Тадбир доирасида махсус кўргазма ҳам ташкил этилиб, унда қатнашчилар ўзлари ишлаб чиқараётган, етиштираётган маҳсулотлар намуналарини намойиш қилишди.

Шоҳиста БОЗОРОВА