Жамият 09.05.2019 363

9 май – Хотира ва қадрлаш куни

9 май – Хотира ва қадрлаш куни

АЖДОДЛАРНИ ХОТИРЛАШ – МУҚАДДАС ҚАДРИЯТ

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан эрта тонгданоқ вилоят марказидаги “Мотамсаро она” мажмуаси ҳар қачонгидан гавжум бўлди. Бу ерда элимизнинг Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минг-минглаб фидойи фарзандлари хотирасини ёд этиш учун давлат ва жамоат ташкилотлари жамоалари, ҳарбийлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик ва ёшлар жам бўлишди.

Мажмуага йиғилганлар ўтганлар хотирасига чуқур эҳтиром рамзи сифатида “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди. Тадбир давомида урушнинг аянчли оқибатлари саҳналаштирилган кўринишда кўрсатиб берилди, Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини сақлашда жон фидо этган мард ўғлонлар ёдга олинди. Фашизм устидан ғалаба қозонишда мардлик ва матонат кўрсатган жангчилар номлари зарҳар ҳарфларда битилган Хотира китоби кўздан кечирилди.

Хотира ва қадрлаш куни тадбирлари вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.

 

  Н.ХЎЖАЕВ

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.