Тиббиёт 12.03.2019 268

АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИГА МУНОСАБАТ ШУМИ?

Холис назар

АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИГА МУНОСАБАТ ШУМИ?

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, айни пайтда вилоятимизда 83 та қишлоқ врачлик пункти фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, улар замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Кўзланган мақсад аниқ - тиббий хизмат сифатини ошириш, одамларнинг даво истаб туман, вилоят марказларидаги муассасаларга бориб, овора бўлиб юрмаслигини таъминлашдир.

Хўш, бугун аҳоли ҚВПлар фаолиятидан мамнунми? Яратилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланилаяптими? Ушбу саволларга жавобни Муборак тумани Гулшан қишлоғида жойлашган Туркистон қишлоқ врачлик пунктидан изладик.

ТУШЛИК ВАҚТИ  ТУГАГАН, БИРОҚ…

Кун тушдан оғиб бораётган бўлса-да, ҳаммаёқ сув қуйгандек жим-жит экани ҳайратимизни оширди. Бир ҳамширадан бошқа ҳеч ким кўринмайди. Ўзини Ситора Абриева деб таништирган ҳамширанинг изоҳ беришича, қолган ходимлар тушлик қилиш учун чиқиб кетишган экан (куннинг аниқ бир вақти "обеддан кейин" деб аталишини чамаси бу ердагилар унутиб қўйган).

БЕМОРЛАР УЧУН УЙ АФЗАЛ

Ходимларнинг масъулиятни қай даражада ҳис қилиши майли, бироқ пунктдаги шароитни ҳам у қадар қониқарли деб бўлмайди. Хоналар эски, таъмирталаб. Бинонинг бир тарафи таъмирталаблигидан ёпиб қўйилган. Ҳаво илиқ бўлишига қарамай хоналар зах, совуқ.

Маълум бўлишича, қишлоқ врачлик пункти 2100 нафардан зиёд кишига хизмат кўрсатиши керак. Беморларга биринчи тиббий ёрдам, тиббий кўрикдан ўтказиш, профилактика ишларини олиб бориш, ҳомиладор аёлларни ҳар ойда текшириб бориш, чақалоқлар ва болаларни даврий тақвим бўйича эмлаш, зарур ҳолларда беморларни туман тиббиёт бирлашмасига йўналтириш каби ўнлаб вазифаларни бажариш зарур бу ерда. Амалда эса...

ҚВПнинг иккита хонасида беморлар кундузи ётиб даволаниши учун 5-6 каравот қўйилган, холос. Олий маълумотли шифокор йўқлиги, хоналар совуқлиги боис беморлар бу ерда ётишдан кўра, уйида даволанишни афзал кўришади.

ЭНГ МУҲИМИ ЙЎҚ

 Муолажа хонасини чанг босгани етмагандек, шкафда атиги 15 турдаги захира дори-дармон бор, холос. Дардига даво излаб келган беморга биринчи ёрдам кўрсатиш учун шугина дори кифоя қиладими? Ҳамширанинг айтишича, бори шу экан.

ВАЪДА БЕРИЛДИ, БИРОҚ…

- Эътирозларингиз тўғри, - дейди қишлоқ врачлик пункти мудираси Фарида Холмўминова. - Камчиликларни тузатамиз, биринчи ёрдам учун керакли дори-дармонларнинг барчасини олиб келамиз. ҚВПни таъмирлаш учун вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига хат билан чиққанмиз. Жорий йилда тўлиқ таъмирланади.

Ишонамизки, ҚВП мудирасининг бу ваъдаси шунчаки қолиб кетмайди. Ахир, гап инсон саломатлиги масаласида бораяпти.

ТИББИЙ ХИЗМАТ СИФАТИ ҲОКИМЛАР ЭЪТИБОРИГА БОFЛИҚ…МИ?

- Муборак, Нишон, Миришкор, Деҳқонобод туманларидаги олис қишлоқлардаги қишлоқ врачлик пунктларида олий маълумотли шифокорлар етишмаслиги боис ўрта маълумотга эга тиббиёт ходимлари фаолият олиб боради, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси амбулатория поликлиника хизмати бўйича бош мутахассиси Чори Ризаев. - Тиббий хизматнинг яхши йўлга қўйилмагани эса туман ҳокимларининг муносабатига боғлиқ деб ўйлайман. Чунки қайси туманда ҳоким тиббиётга эътиборли бўлса, ўша ҳудуддаги муассасалар талабга тўлақонли жавоб бераяпти.

Демак, бу борадаги ислоҳотларнинг самараси, асосан, ўзимизга боғлиқ. Бинобарин, барча бўғиндаги раҳбарлар янгиланиш ва ўзгаришлар моҳиятини теран ҳис этиб, шу асосда иш юритишлари, омманинг мушкулини осон қилиш учун ғайрат ва ташаббускорликни янада оширишлари лозим. Биз эса тегишли раҳбарларнинг бу борада қай даражада ўзгаришларга қўл урганини кузатиб борамиз.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Муаллиф олган суратлар.