Жамият 12.02.2019 188

АЧЧИҚ ҚАЛАМПИРНИНГ АЧЧИҚ САБОҚЛАРИ

АЧЧИҚ ҚАЛАМПИРНИНГ АЧЧИҚ САБОҚЛАРИ

Бу йил вилоятимиздаги минглаб гектар ерга аччиқ қалампир кўчатлари экилдию, бироқ самара кутилганидек бўлмади. Бунга  авжи мавсумда сув танқис бўлгани, қалампир эса сувталаб экани сабаб қилиб кўрсатилди.

Модомики, улар айтганидек сув етмаган бўлса, кўчатлар ҳосилга кирмай қуриб кетиши керак эди.

Ваҳоланки Нишон тумани далаларидаги мана бу ҳосил аслида муаммо биргина сувда эмаслигини кўрсатади. Кўриниб турибдики, ҳосил чўғи ниҳоятда баланд бўлган, аммо ер эгасининг тадбирсизлиги билан мана, далада қолди, унга тайинли эга топилмади.

Агар маҳсулотни четга чиқаришнинг имкони бўлмаса, ундан ўзимизда ҳам самарали фойдаланиш мумкин эди. Бунинг учун фермер қишлоқ хонадонларига кириб, қалампирдан қандай фойдаланиш мумкинлигини бир сўраб кўрса, кифоя қиларди. Йўқдан йўндирадиган шундай бекалар борки, саримсоқпиёзу булғор қалампири, бақлажону турли кўкатлар қўшиб, қалампирдан ўта ғаройиб маҳсулот тайёрлашади - уни айни қиш мавсумида бир татиб кўрган одамнинг иштаҳаси карнай бўлиб кетмаса, айтасиз. Балки бунақа маҳсулот жаҳон бозорида ҳам йўқдир. Нега шуни ишлаб чиқариш жабҳасига татбиқ этиб бўлмайди? Ахир янги тармоқларни йўлга қўйиш фермерларга қўйилган аниқ талаб-ку.

Аммо ер эгаларида жавоб тайёр: "Бунча аччиқни ким ейди?". Баҳона тайёр тураркан, бирор янгиликка қўл уришимиз қийин кечаверади...

Н.ХЎЖАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.