Маънавият 20.08.2019 239

АДАБИЁТ-ОДАМ

Шахсий кутубхоналар

Александр Беляевнинг "Одам-амфибия" фантастик асари қаҳрамони доимий яшаш мутлақо мумкин бўлмаган муҳитда ҳаёт кечириши билан кўпчилик эътиборини тортган бўлса ажабмас. Бироқ ҳаётда шундай инсонлар борки, ўта қийин шароитларда яшаб ҳам бошқалар уддасидан чиқолмаган ишларни ҳайратланарли даражада адо этадилар. Авжи саратон остонасида Миришкор кенгликлари бўйлаб борарканман, дунёнинг бир чеккасидай туюладиган, оқар сув йўқлигидан қақраб ётган ерларни макон тутган домла пойтахтда, ҳечқурса вилоят марказида яшаса бўлмасмикан, деган фикр хаёлимдан ўтади. Ахир, бундай жойда яшашнинг ўзи бўлмайди.

Кондиционерли хоналарда ўтириб олиб, ижод, илҳом ва яна алламбалолар ҳақида гапириш осон. Кўп миллатли Помуқ йилнинг бошқа фаслида қандай қиёфада бўлади, буни фақат тасаввур этиш мумкин, аммо куннинг исиши бу ерни тинкани қуритар даражага келтириши аниқ. Қизилқум ва Қорақум чўллари туташган шу қишлоқда таниқли ижодкор, журналистика соҳасида халқаро "Олтин қалам" мукофоти соҳиби, айни пайтда мактаб директори бўлиб ишлаётган    Абдунаби Абдиев яшайди. Балки у ҳам бошқа одамлар сингари пенсияга чиқиб, санаторийма-санаторий юриши мумкин эди, ҳолбуки бунга имкони ҳам, маблағию вақти ҳам мўл. Аммо чамамда домла бунинг ўрнига китоб олишни маъқул кўради. Шунинг ўзи унга дам олиш, кўнгилнинг хижилини ёзиш воситаси. Шахсий кутубхонаси унча-мунча диди ўткир одамни ҳам қаршисида михлаб қўяди. Яна денг, аввал бир фалокат билан, аниқроғи, электр симларидан ёнғин чиқиб, қарийб 10 мингга яқин китоби ёниб кетган. Кўплаб мактаблар, ҳатто кутубхоналар эга бўлмаган фонддаги китоблари ёниб кетганига домланинг ичи ачигани аниқ, бироқ бундан катта ҳаётий фожиа ясамай яна китоб ўқишда, йиғишда давом этаверган. Мана, бугунга келиб 4-5 минг миёнасидаги китоблар уйни, китоб жавонларини тўлдириб турибди.

Ҳозир китобхонлик ҳақида кўп гапирилаяпти. Ҳатто умри давомида бирор китоб ушламаган, ақалли 100 та китоб ўқимаган одамлар ўзини мутолаагўй санаб, ақллилик қилишаётгани ҳам бор гап. Домланинг бир ютуғи, унинг китобга муносабатида узилиш бўлмаган. Шу сабабдир, суҳбатлари китоб ўқиш ҳақида эмас, конкрет китоб ҳақида бўлади. Грант Матевосяндан айтсангиз ҳам мавзуни олиб кетади, Отеро Сильвани айтсангиз ҳам. Камю, Кафка, Кортасар ҳақида соатлаб гаплашишингиз мумкин. Улар ҳақида шундай жайдари ва китобий услубда сўзлайдики, китоб кўрган одамнинг фикри тиниқ бўлишини ҳис қиласиз. Ўзбек адабиёти чўққисига кўтарилган 70-80-йиллар авлодию жойида депсинаётган бугунги кун асарларигача унинг доимий эътиборида. Қачон телефонлашсангиз, саломдан кейинги гапи "Адабиёт оламида нима гаплар?" бўлади.

Тўғри, шахсий кутубхонасига эга одамлар кам эмас. Айримлар ўз мутахассислигига оид китобларни жамласа, кимлардир жавон тўлдириш учун қўлига тушган китобни йиғади. Домла эса китобни саралаб ўқийди, танлаб йиғади. Бир вақтлар "Мастера современной прозы" туркумида чоп этилган Франц Кафка, Хулио Кортасар, Мигел Анхел Астуриас, Карлос Фуэнтес, Алехо Карпентьер, Герман Кант асарларини катта кутубхоналардан ҳам тополмайсиз. Лотин Америкаси ёзувчиларининг бошқаларникига мутлақо ўхшамайдиган асарлари жамланган альманахларни ҳам шу ерда учратасиз. Бугун адабиётимиз пешқадами сифатида қаралаётган ёзувчи-шоирларнинг илк китобларидан бугунгача нашр этилганлари ана шу муҳташамликдан холи, домла ўз қўли билан ясаб, зеб берган жавонлардан ўрин олган.

Шунча китоб бўла туриб, домла қайси китоб қаерда туришини ҳам унутмайди. Бир гал бир гала ижодкор уникида меҳмон бўлишган. Албатта, уйда меҳмон бор экан, уни иззатлаш керак, шундан фойдаланибми, бир ёзувчи жавонлардан сара-сара китобларни териб сумкасига жойлайверган. Табиийки, уй эгаси йўқлигида ёки унинг диққати бошқа жойда пайти шу "жиноят"га қўл урган. Меҳмонлар кетишга чоғланган пайти эса "ўғри-ёзувчи" чиқиш "пост"ида қўлга тушган: домла қайси китоби ўз жойида эмаслигини бир қарашдаёқ билган экан!

Домла яхшигина қаламкаш ҳам. Ўзига хос руҳ, модернистик услубдаги қиссалари ўз вақтида йилнинг энг яхши асари деб топилган. Қолаверса, ер остидан сув тортиб олиб, мўъжаз боғ, ажойиб гулзор яратган. Бу йилги иссиқда шаҳардаги одамлар ўзини қаерга қўйишни билмай тез-тез тоғлар бағрига шошилган бир чоғда домла оқар сув йўқ жойда жазирамани қўлбола бассейн салқини билан енгиб юрганига  ҳайрон қолмай илож йўқ. Изласа, имкони топилади, деган нақлнинг ҳаётий исботи шу ерда кўринади. Менимча, домладаги бу имкон топиш, ижодкорлик руҳи шаклланишида китобларнинг ўрни катта. Китоблар уни йўқни йўндиришга ўргатади, янги мақсадлар сари ундайди.

Юқоридаги саволга ҳам шу ерда жавоб топгандайман: китоблар бамисоли хазина, шундай экан, унга эга одамга шаҳарда бўладими, ё чўлнинг қоқ ўртасидами, қаерда эканининг  фарқи йўқ. Ҳар ҳолда нима битмас-туганмас хазина эканини ҳаммаям англайвермайди...

Б.САЙФИЕВ