Иқтисодиёт 16.08.2019 90

ҚАДАМБА-ҚАДАМ ИЛДАМЛАЁТГАН КОРХОНА

Иш билганга минг танга

Тадбиркорлик ўз-ўзидан ривожланиб кетадиган иш эмас. Қачонки, қўл ураётган соҳасини яхши билган, бор сармояни тўғри йўналтира олган, доимо изланишдан, ҳаракатдан  тўхтамаган, аниқ мақсад сари қатъий интилган кишигина бизнесда юқори натижаларга эришиши мумкин.

Нишонлик ёш тадбиркор Жўрабек Жабборовнинг фаолияти ҳам бунга мисол бўла олади.

- Коллежни тамомлаб, пул топиш, оиламга ёрдам бериш мақсадида бир неча йил Қарши шаҳридаги мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхонада оддий ишчи бўлиб ишладим, - дейди у. - Бу жараёнда турли мебеллар, эшик ва ромлар ясашни мукаммал ўргандим. Ушбу маҳсулотларни ясашда қўлланиладиган технологиялар, уларни ишлаб чиқарувчи корхоналар, ҳатто мебель маҳсулотлари бозори, бозордаги талаб ва таклиф ҳақида етарли билим ва тасаввурга эга бўлдим. Шундан сўнг аввалдан мақсад қилганим - ўз тадбиркорлик фаолиятимни бошлаш бўйича қатъий қарорга келганман. Аммо ҳали менда ишлаб чиқариш учун зарур ускуналар ҳам, уларни харид қилиш учун етарли маблағ ҳам, жой ёки бино ҳам йўқ эди. Лекин ишни бошлаб олсам, аста-секин бу нарсаларга эришиш мумкинлигига ишонардим. Шу боис бор сармояга бир-иккита оддий ускунани харид қилиб, эшик ва ромлар ясашни бошладим. "Тўраев Асилбек Дилнура" хусусий корхонасини таъсис этиб, уни рўйхатдан ўтказдим.

Жўрабек Жабборовнинг таъкидлашича, ишлаб чиқариш учун етарли шарт-шароит бўлмаса, ишни ривожлантириш қийин. Шундан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Унга ҳам ишни ривожлантириши учун ана шундай қўллаб-қувватлов қўл келган.

- 2016 йилда фаолият бошлаган бўлсам, шундан сўнг корхона учун ер сўраб туман ҳокимлигига мурожат қилган эдим, - дейди у. - Мурожаатим қаноатлантирилиб, туманнинг саноат зонасидан зарур ер майдони ажратиб берилди. Унда қурилиш ишларини амалга ошириб, фаолиятимиз учун керакли шарт-шароитларни яратдик.

Ишлаб чиқариш фаолияти учун зарур бинога эга бўлган ёш тадбиркорнинг олдида яна битта муаммо бор эди. Ундаги ускуналар тайёр эшик ва ромлар, мебелларни пардозлаш, мисол учун, уларга турли хил безаклар, нақшлар чизиш, ёзувлар тушириш имконини бермасди.  Буларсиз бугунги бозор рақобатига дош бериш қийин. Айни сабаб бир қанча вақт мобайнида у буюмнинг асосий қисмини Нишонда ясаб, сўнг Қаршидаги корхоналардан бирига келтириб, шу ерда безак берилгач, яна олиб кетиб юрди. Бу эса каттагина қўшимча сарф-харажатни талаб этар, аммо зарур технологияни харид қилиш учун етарли маблағи бўлмагач, бошқа чора йўқ эди. Эътиборли жиҳати, бу муаммога ечим топишда ҳам юртимизда йўлга қўйилган тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар муҳим омил бўлди.

- Ушбу технологияни харид қилиш учун аввал ҳам кредит олиш фикрим бор эди, - дейди у. - Аммо фоизи бироз баландлиги боис, иккиланиб тургандим. Бу орада Ёшлар иттифоқи қошида "Ёшлар - келажагимиз" жамғармаси таъсис этилиб, ёш тадбиркорлар учун кам фоизли имтиёзли кредитлар берила бошланди. Бу мен учун ҳам айни муддао эди. Шу боис, жорий йил бошида барча ҳужжатларимни тайёрлаб, ўз бизнес-режам билан жамғарманинг туман бўлимига мурожаат эдим. Лойиҳам маъқулланиб, сўралган 150 миллион сўм имтиёзли кредит 7 фоизли ставкада берилди ва бу пулга керакли технологияни харид қилдик. Мана энди ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизга замонавий технология ёрдамида исталган ишловни беришимиз мумкин. Шунчаки, компьютерда зарур дизайнни танлайсиз ва буйруқ берасиз, қолган ишнинг барчасини техниканинг ўзи бажаради.

Бугунги кунда корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар маҳаллий харидорларнинг ўзидан ортаётгани йўқ.  4 нафар йигит шу ерда иш билан банд. Ёш тадбиркор эндиликда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот тури ва салмоғини янада ошириш, келгусида нафақат МДФ панеллари, балки алюмин профиллардан ҳам эшик ва ромлар ишлаб чиқаришни режалаштирган.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.