Сўнгги янгиликлар 02.11.2018 68

АЭРОПОРТ ХОДИМЛАРИ БУХОРОДА

Ички туризм

АЭРОПОРТ ХОДИМЛАРИ БУХОРОДА

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 февралдаги “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда ушбу қарор билан тасдиқланган  “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризмни ривожлантириш дастури аҳолининг, ишчи-ходимларнинг юртимиз ҳудудларига саёҳатини ташкил этишни янада рағбатлантирди.

 Хусусан, қарор билан ташкилот ва муассасалар ходимларининг биргаликдаги ҳамда оилавий ва жамоавий саёҳатлар учун қатор имтиёзлар, имкониятлар тақдим этилгани бу борада муҳим аҳамиятга эга бўлаяпти.

“Қарши халқаро аэропорти” давлат унитар корхонаси томонидан ҳам мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида тегишли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, унга асосан ҳар чоракда мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига, диққатга сазовор гўшаларга саёҳатлар ташкил этиб келинмоқда. Бу гал корхонада фаолият юритаётган 50 нафар ишчи-ходим кўҳна ва боқий Бухоро шаҳрига саёҳат қилишди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, қадимий Бухородаги  аждодларимиз ақл-заковати, тафаккури билан яратилган меъморий обидалар, бетакрор осори-атиқалар исталган кишини ҳайратга солади. Саёҳат давомида аэропорт ходимлари ана шундай кўплаб масжиду мадрасалар, мақбара ва   зиёратгоҳларга бориб,  аждодларимизнинг юксак ақл-идроки, нозик диди ва бунёдкорлик маҳорати намунаси бўлган тарихий обидаларни томоша қилишди.

Албатта, корхона маъмурияти ва касаба уюшма ташкилоти ташаббуси билан ташкил этилаётган мана шундай тадбирлар ишчи-ходимларга маданий ҳордиқ олиш имконини бериши билан бир қаторда, уларнинг қалбида она Ватанга муҳаббат, аждодлар меросига ҳурмат руҳини юксалтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Дилафруз ДАДАХОДЖАЕВА,

“Қарши халқаро аэропорти” ДУК ходими