Маънавият 28.06.2019 428

ҚАЙНОНА

Ҳикоя

"Лаънати вақт! Бунча шошмаса! Орқа-олдига қарамайди-я. На тўхташни билади, на оромни. Чопгани чопган. Оёғига кирза этик кийиб олгандай қолдирган изиничи? На ўчириб бўлади, на йўқотиб. Лаънати вақт!.."

У ойнага қараб тураркан, ўзига ўзи тўнғиллади. Аслида ҳуда-беҳудага ойнага қарамасди, лекин ҳозир уйдан чиқаётиб бурчакда турган  икки табақали ойна олдида тўхтаб қолди. Сўнг яқинлашди. Қараса, кўзойнак турибди. Кўзойнакни тақиб,  ойнанинг яқинигача бўйнини чўзиб борди. Бирдан... Юраги орқасига тортиб кетди. Юзи ғижимлаб ташланган қоғозга ўхшарди. Ҳамма ёғини ажин босиб, ажинлар бир-бири билан туташиб, катта-кичик катакчалар ҳосил қилган...

 У панжаларини юзига тегдириб, пастга қараб тортди, ўзича ғижимни ёзмоқчи бўлди. Бети бир оз таранглашди, аммо ажинлар ўрнида чизиқлар билиниб қолди, қанча тортмасин уларни йўқотолмади, ўчиролмади.

Ноилож қўлини қўйиб юборди, юзини яна ажинлар ўраб олди. Кайфияти бузилди. Етмиш беш йиллик хира кўз билан бу қадар аниқ кўринмасди юзи. Кўзойнак унинг ҳақиқий башарасини кўрсатиб қўйди.

У шу кайфият билан пешайвонга чиқди. Зинадан тушаверишда панжарага суяниб кенг ҳовлига кўз югуртирди. Бир-бирига чирмашиб кетган дарахтлар, чиройли ишком,  ҳовлининг тўрт томонини ўраб олган данғиллама уйлар, дарвозаси олдида салобат тўкиб турган машина... Ҳаммаси кўзига омонат кўринди ва юраги шув этиб кетди. Бирдан ёшини ҳисоб-китоб қилишга тушди. Етмишга-ку кирди, саксонга қараб юраяпти. Тўқсонгача борадими-йўқми, у ёғи худодан. Аммо бу уй-жой, ҳовли, мол-мулк...

Шу пайт дарвозанинг шарақлаб очилгани эшитилди. "Келин келди, шекилли", ўйлади у нигоҳини дарвозахонадан узмай. Келин қўлида сумкаси билан шошиб уйига кириб кетди, қайнонасини пайқамади ҳам.

Келинини кўриб кайфияти баттар бузилди. "Лаънати келин! Шунча дов-дастгоҳ сен - келгиндига қоладими? - хаёлидан ўтди унинг. - Бу ҳовлини ҳовли, уйни уй қилгунча султон суягим сув бўлган. Бир ғиштни бу ердан олиб у ерга қўймай туриб ҳаммасига эгалик қиласанми? Бетайин хешларинг уйимга ин қуриб оладими? Ҳовлимни оёқ ости қилишадими? Сулаймон ўлди - девлар қутулди, бўладими?".

Мияси ғувиллай бошлади. "Аҳмоқ ўғил, -энди у ўғлини ёзғира бошлади, - бошидан ёқтирмагандим хотинингни. Шундан бошқага уйланмайман, деб туриб олмаганингда гулдай келин қилардим. Ҳали мени кўзим очиқ, бурнингдан ип ўтказиб олган. Гаҳ деса қўлига қўнасан, чизган чизиғидан чиқмайсан. Ишдан кел, сен билан бошқача гаплашаман. Ўлсам хотинингнинг одамларини йўлатмайсан, мўрмалахдай ҳовлимни босиб олса, гўримда тикка тураман, дейман. Агар  сўзимни икки қилсанг сенга берган оқ сутимга розимасман, дейман. Нима десам дейман"...

У худди эрта-индин ўлиб қолаётгандай ваҳимага тушди. Ичи ёна бошлади, кўзига келини балодай кўриниб, ғижимлаб ташлагиси келди. Важоҳат билан зинадан тушаётганди, қадамини нотўғри ташлаб юборди ва йиқилиб тушди...

Оёғи синибди. Қирқ кун гипсда ётди. Яхши қизлари бирров келиб хабар олиб туришди. Ёмон келини эса таътилга чиқиб, қайнонасининг ёнидан қимирламади...

Лола ЎРОҚОВА