Тиббиёт 26.03.2019 296

АЁЛЛАР САРАТОНГА ҚАРШИ ЭМЛАНАДИ

Тиббиёт ва ислоҳот

АЁЛЛАР САРАТОНГА ҚАРШИ ЭМЛАНАДИ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, ҳар йили дунё миқёсида 370 мингдан зиёд аёлда бачадон бўйни саратони қайд этилиб, шулардан 190 минг нафари ушбу касаллик оқибатида вафот этади. Мамлакатимизда эса ҳар йили 1 минг 800 нафарга яқин аёлга бачадон бўйни саратони ташхиси қўйилади. Шундан 760 нафардан зиёди, яъни 42 фоизи касаллик оқибатида ҳаётдан кўз юмади.

Бачадон бўйни саратонига учраганларнинг 99 фоизи одам папиллома вируси орқали ушбу хасталикни юқтиради. Айни жиҳатлар ҳисобга олиниб, Ўзбекистонда одам папилломаси вирусига қарши вакцина жорий қилинмоқда.

Хўш, ушбу вакцина билан кимлар эмланади? У салбий таъсир кўрсатмайдими? Ушбу саволлар билан вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази иммунопрофилактика бўлими мудири Омон ИСМОИЛОВга  мурожаат қилдик.

- Ушбу вакцина билан жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб мамлакатимиздаги 400 минг нафарга яқин тўққиз ёшли қизлар мактабларда ва тиббиётнинг бирламчи бўғинларида эмланади, - дейди мутахассис. - Ҳозирда вакцина ҳақида барча тиббиёт муассасаларида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Кейинги босқичда мактабларда ота-оналарга зарур тушунча ва кўрсатмалар берилади. Бунда маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолларини ҳудудлардаги оилавий поликлиникаларга бириктириш кўзда тутилган.

Айтиш жоиз, юртимизда аёлларда бачадон бўйни саратони хасталиги энг кўп учрайдиган саратон касалликлари орасида иккинчи ўринда туради. Хавфлилик кўрсаткичи бўйича барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези ва ошқозон саратони хасталикларидан кейин учинчи, туғиш ёшидаги аёллар орасида ўлим кўрсаткичи бўйича иккинчи ўриндадир.

Аҳамиятлиси, янги  вакцина ушбу касалликнинг олдини олишга хизмат қилади. Кўпчиликни вакцина қизларнинг репродуктив фаолиятига салбий таъсир кўрсатмайдими, деган савол қизиқтириши табиий. Тажрибаларда маълум бўлишича, эмлаш қизларни нафақат бачадон бўйни саратонидан ҳимоялайди, балки уларнинг соғлиғини янада мустаҳкамлайди.

Вакцина 74 та давлатнинг миллий эмлаш тақвимига киритилган бўлиб, тажрибалар унинг самараси 10 йилдан ортиқ эканини кўрсатмоқда.

Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.