Сўнгги янгиликлар 27.12.2018 145

АЁЛЛАР ВА ЁШЛАР ЖИНОЯТИГА НИМА САБАБ БЎЛМОҚДА?

Йиғилиш

АЁЛЛАР ВА ЁШЛАР ЖИНОЯТИГА НИМА САБАБ БЎЛМОҚДА?

Таҳлилларга кўра, вилоятда 2018 йилнинг 10 ойида жиноятлар сони ўтган йилга нисбатан 35 фоизга камайган, бироқ талончилик, босқинчилик, ўғрилик ва фирибгарлик ҳолатлари ҳамон юқорилигича қолмоқда. Айниқса, бу кўрсаткич Қарши шаҳри, Чироқчи, Деҳқонобод туманларида қониқарли эмас.

Бу ҳақда республика ишчи гуруҳининг вилоятда олиб борган ўрганиш якунларига бағишланган йиғилишда айтиб ўтилди. Давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирокидаги тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева маъруза қилди.

Қайд этилганидек, хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликка кўп ҳолларда ишсизлик, оилада носоғлом муҳит шакллангани сабаб бўлмоқда. Бунинг олдини олиш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан хотин-қизларнинг яшаш тарзи, ижтимоий ҳолати алоҳида назоратга олинаётир. Унга кўра, "Менинг маҳалламда жиноятчилик содир бўлмаслиги керак!" шиори остида тадбирлар  самарадорлигига эътибор қаратилиб, жиноятга мойиллиги бор шахслар, оилалар, шунингдек, жазони ўташ муассасаларидан ҳамда хорижда ишлаб қайтган аёллар билан бевосита иш олиб борилиши лозим.

Йиғилишда аҳолига, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларга психологик ёрдам кўрсатиш, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ҳар бир суицидга "фавқулодда ҳолат" деб қараб, тезкор чоралар кўриш, бундай хулқ-атвор пайдо бўлишига йўл қўймасликка қаратилган психологик дастурлар ишлаб чиқиш, жонига қасд қилишнинг катта гуноҳ эканини таъсирчан усулларда тушунтириш зарурлиги таъкидланди.

Ўғрилик, фирибгарлик ва босқинчилик ҳолатлари таҳлил қилинаркан, профилактика, жиноят-қидирув ва қўриқлаш хизматлари фаолияти қониқарсиз экани айтилди. Жорий йилнинг 10 ойида ёшлар томонидан 700 дан зиёд жиноятга қўл урилгани ҳам бу борадаги ишлар аҳволини кўрсатиб турибди. Шунингдек, жойларда қўриқлаш хизмати учун етарли шароит яратилмаган, шунингдек, айрим кишиларнинг ҳуқуқий саводхонлиги етарли эмаслиги, ён-атрофдаги воқеа-ҳодисаларга бефарқлиги жиноятчиларга шароит яратиб бермоқда.

- Мактаб ва коллежларни битириб, олий ўқув юртига кирмаган, айтарли касб-ҳунарга эга бўлмаган ёшлар эртага ким бўлишини чуқур ўйлашимиз, уларга муносиб шароит яратиб беришимиз керак, - деди Т.Норбоева. - Ёшлар ўртасида содир этилган жиноятларга 68,8 фоиз ҳолатда айнан бекорчи ёшлар қўл ургани ачинарли ҳолат. Афсуски, жиноятчиликка қарши курашда ҳалигача эскича ишлаш тизимидан тўла воз кеча олмаяпмиз.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда, шунингдек, ички ишлар ходимларининг муомала маданияти, улар ўртасида мансаб ваколатларини  суиистеъмол қилиш ҳолатлари учраб тургани, шахсий таркибни тарбиялаш ва кадрларни ротация қилиш, ички ишлар органларининг таҳлилий-ҳуқуқий ва прогнозлаш фаолиятини такомиллаштириш зарурлиги бўйича ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан Чироқчи, Деҳқонобод туманлари, Қарши шаҳри секторлари раҳбарлари, вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, ички ишлар бошқармалари вакилларининг ахборотлари эшитилди, келгусидаги вазифалар белгилаб берилди.

Шоҳиста БОЗОРОВА