Маънавият 09.07.2019 519

ҲАЁТ КУЗАТУВЛАРИДАН ҚАЙДЛАР

Иқтисодий эркинлик - ҳуқуқий ва сиёсий эркинликнинг бош кафили.

* * *

Илм ва ҳунар эмас, амал эгаллашга интилувчилар кўпдир.

* * *

Катта ва кучли бўрилар билан бирга овга чиққан бўрибаччалар кўпроқ увлайди.

* * *

Самимийлик ва мулойимликни кўпчилик ожизлик ҳисоблайди.

* * *

Инсонни фақат фикру сўзига эмас, асосан хатти-ҳаракатига қараб таърифлаш керак.

* * *

Меҳнатига яраша даромад олмайдиган давлат хизматчисининг фидойилиги ва ҳалолу поклигига ишониш қийин.

* * *

Буюк даҳолар ўз давридан олдинга ўтиб кетадилар, шу сабабли ё тан олинади, ё ўз фикру ғояларининг қурбонига айланади.

* * *

Ақлу фаросати етадиган гапларни айтмасанг "жинни"лар сени жиннига чиқаришади.

* * *

Шарқ фалсафаси: заиф инсон устидан қозонилган ғалаба мағлубиятга тенгдир.

* * *

Жамиятда қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти ўзаро мустақил ҳамда амалда бир-бирини  тийиб туриш ваколатига эга бўлмаса, ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти қуриб бўлмайди.

* * *

Мулку мансаб ва унвону нишон қайғуси кўплаб олиму фозилларни росту ҳақни айтишдан тийиб туради, сукут сақлатади.

* * *

Муқаддас зиёратгоҳлар савдо дўконига айланиб қолмаслиги керак.

* * *

Ўзини ўтган давру тузумдан жабр кўрган қилиб кўрсатувчиларнинг аксарияти ёлғончилардир.

* * *

Шарқ фалсафаси: ёқтирмаган кишиларимиз ёрдамига муҳтож бўлиш буюк бахтсизликдир.

* * *

Жамиятда сиёсий партияларнинг кўплиги - ошкоралик ва ҳуқуқий демократик давлат барпо қилинганлигидан далолат бермайди.

* * *

Бўрилар ҳам ўз уйи атрофида шерларнинг ов қилишига қаршилиқ қилади.

* * *

Ўтмишни ёмонлаб бугуннинг муаммосини ҳал этиб бўлмайди.

* * *

Айрим ёлғонлар шунчалик чиройли тарзда айтиладики, кўп эшитаверсанг унинг ёлғонлигига ҳам шубҳа қилиб қоласан.

* * *

Қалбда муҳаббат бўлмаса - мақсад, умид, завқ, интилиш ва курашиш ҳам бўлмайди.

* * *

Инсоният тарихида ўз ихтиёри билан тахтини топширган шоҳлар кам бўлган.

А.ОМОНОВ