Маънавият 08.10.2019 174

Ҳаёт кузатувларидан қайдлар

Катта ишларга қодир бўлмаганлар майда-чуйда ташвишлар ва "тирикчилик" билан овунадилар.

* * *

Фикрлаш, таққослаш ва янгиликка интилишни одат қилмаган ходимдан яхши раҳбар чиқмайди.

* * *

Жамиятнинг қайсидир бўғинида иллат пайдо бўлса, бутун жамиятга таъсир қилади.

* * *

Ваколатли мансабдорнинг халқу давлат мулкини фирибгарлик билан ўмариши кўплаб ваколатсизларнинг фирибгарлигидан кўра каттароқ зарар келтиради.

* * *

Раҳбар инсоний фазилатлари, кенг дунёқараши, одоб-ахлоқи ва муомала маданияти билан бошқаларга ўрнак бўлмоғи керак.

* * *

Аксарият коррупционерлар коррупция ҳақида кўпроқ маддоҳлик қиладилар.

* * *

Мулк ва амалга эришиш вақтинчалик эришилган омаддир. Ҳақиқий бахт умр якуни, фарзанду набиралар ҳаёти ва тақдирига қараб баҳоланади.

* * *

Фан, адабиёт,  санъат, маданият  орқали миллат тафаккури ва ижодий салоҳияти намоён бўлади.

* * *

Кўпчилигимиз мулку амал ва унвону нишон қулимиз.

* * *

Исрофгарчиликнинг оқибати - қашшоқлик ва фақирликдир.

* * *

Раҳбарлик лавозимида ишлаб кўрмаганларнинг аксарияти  бошқалардан кўра раҳбарларни кўпроқ ёмонлайдилар.

* * *

Биз ўзимиз билмаган ёхуд билсак-да, тан олмаган қусурларимизни четдан кузатиб турганлар яхши англаб турадилар.

* * *

Мансабдорлар ўзидан катта мансабдорларнинг измидан чиқа олмайдилар.

* * *

Содда ва самимий одамларнинг "айёрлиги" ҳам жайдарича бўлади.

* * *

Ўртамиёна ижодкорларнинг аксарияти  буюкликка, кичик мансаб эгалари  катта амалларга даъвогардирлар.

Абдишукур ОМОНОВ