Маънавият 10.04.2018 362

ҲАЁТ КУЗАТУВЛАРИДАН ҚАЙДЛАР

ҲАЁТ КУЗАТУВЛАРИДАН ҚАЙДЛАР

Муаммони ичида юрганлардан кўра бу муаммони четдан кузатиб турганлар шу муаммонинг ечими ҳақида аниқроқ маслаҳат берадилар.

* * *

Ўзини кўп нарса билганга ўхшаб кўрсатишга интилувчилар аслида кўп нарсанинг асл моҳиятини билмайдилар.

* * *

Арзимасу бачкана нарсалар учун ҳам ходимларига жаҳлу зулм қилишга интилувчи бошлиқнинг ўзи раҳбарликка арзимайди.

* * *

Ҳаёту жамият гўзал, шу жамиятда чиройли ва бахтли яшаш янада гўзалроқдир.

* * *

Аждодлар гуноҳи авлодлар бошини эгиб турса, авлодлар хатоси аждодлар шуҳратига соя ташлайди.

* * *

Ўзгаларни виждону инсоф йўқликда айблашни одат қилганларнинг аксариятида диёнат йўқ.

* * *

Донишлар жоҳиллардан узоқроқ юришга ҳаракат қилсалар, нодонлар фозиллар билан жанжал қилишга ҳаракат қиладилар.

* * *

Ҳушёрлигу огоҳлигини йўқотганлар ташвишу мусибатларга тушиши муқаррардир.

* * *

Мансабдору мулкдорларга хушомадгўйликни билмайдиганлар мард одамлар тоифасига киради.

* * *

Боболар ўрни-шуҳратини набираю эваралар эгалламаса, бу уруғу авлодни ҳамма тезда эсдан чиқариб юборади.

* * *

Хурсандчилигу изтироблар ва ютуғу мағлубиятлар бўлмаганда эди, инсон ҳаёти, яшаши бунчалик жозибадор ҳамда сирли бўлмаган бўларди.

* * *

Мансабидан кетиб қолишдан қўрқув аксарият амалдорларни ўзидан юқори турувчи амалдорга хушомадгўйлик қилишга мажбур қилади.

* * *

Айрим эгри қўл мулкдорлар мансабдорларни моддий манфаатдор қилиб, “ўзининг одами”га айлантириб олмоқчи бўлиб юрадилар.

Абдишукур ОМОНОВ