Қишлоқ хўжалиги 25.12.2018 380

ҚАЛБАКИ ИМЗО ҒАЛЛА ХИРМОНИНИ ТЎЛДИРАДИМИ?

Назорат ва натижа

ҚАЛБАКИ ИМЗО ҒАЛЛА ХИРМОНИНИ ТЎЛДИРАДИМИ?

Нон - ризқ-рўз эканини барча яхши билади. Бироқ у дастурхонга кириб келгунига қадар қанча машаққат тортилишини ҳаммаям ҳис қилавермайди. Кўп юки даладаги деҳқон зиммасига тушадиган бу машаққат хирмон кўтарилганда дарҳол унутилиб кетади, фақат бунинг учун ғалла экилиши ва ривож олишида барини бадастир қилиб қўйиш керак.

Маълумотларга кўра, бу йил Шаҳрисабз тумани бўйича 2019 йил ҳосили учун 6 минг 350 гектар ерга кузги бошоқли дон экинлари жойлаштириш режалаштирилган бўлиб, шундан 750 гектари очиқ майдонга ва 5600 гектари ғўза қатор ораларига экилиши керак эди.

Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси томонидан олиб борилган назорат тадбирлари бу борада қатор камчиликларга йўл қўйилганини кўрсатмоқда.

Жумладан, тумандаги "Баратова Гулсара Абдунабиевна", "Тўраев Искандар Тўраевич", "Имомназаров Жамшид", "Пардаев Нодир Бахтиёрович", "Нарзуллаев Қодир", "Абдуназар Бердиев", "Қадимий Бойқўрғон тепа", "Мусирмонов Шохжахон Тўрақулович" каби фермер хўжаликлари тасарруфида бўлган, кузги бошоқли дон экиш белгиланган ер майдонлари бегона ўтлардан тозаланмаган, карталар "конверт усули"да тайёрланмаган, дала этаклари сифатли бароналаб, кесаклар майдаланиб, тупроғи юмшатилмаган, ғўза ораси сифатли культивация қилинмаган, суғориш тизимлари ва шарбат ўралари мавжуд эмас. Бундан ташқари, мазкур ҳудудларда кузги дон экиш тадбири белгиланган муддатлардан анча кеч амалга оширилган.

Туман ҳокимининг қарори билан кузги бошоқли дон экинлари тизимли равишда, белгиланган муддатларда, сифатли экилиши бўйича масъуллар бириктирилган бўлишига қарамай, амалда ижро таъминланмаган. Натижада уларга нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган.

Маълумки, экин ривожланиши учун ер бегона ўтлардан холи бўлиши, вақтида минерал ўғитлар бериб борилиши керак. Аммо "Сарваржон Элбоев", "Сара чорва барака", "Арзиев Сарвар Суярович", "Қодиров Шавкат", "Парда Мейлиев", "Пардаев Давлатбек", "Раупов Хушбек" ҳамда "Фармондон Шахриёр" фермер хўжаликларида бу масалага панжа орасидан қаралган, очиқ майдон ва ғўза оралари бегона ўтлардан тозаланмаган, зарур агротехник тадбирлар бажарилмаган.

Шу ишларнинг бошида туриб, фермерга амалий ёрдам кўрсатиши белгиланган туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими  мутахассиси Ж.Асқаров номидан тўлдирилган уруғлик дон олиш учун сертификатлардаги имзолар қалбакилаштирилган. Шу билан бирга, ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Яшин Исмоилов туман инспекциясининг бир неча ёзма сўровларига жавоб беришдан бўйин товлаб келган ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни берган. Шундан келиб чиқиб, унга нисбатан жарима жазоси тайинланган.

Инспекция вилоят бошқармаси томонидан аниқланган юқоридаги каби камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш, ғалла экиш тадбирларини сифатли ташкил этмаган масъулларга нисбатан интизомий чоралар қўллаш бўйича тегишли ташкилотларга тақдимномалар киритилди. Албатта, кўзланган мақсад кимнидир жазолаш эмас, мавсумнинг муҳим тадбирини кўнгилдагидек олиб боришдир. Чунки бир кун кечиккан ё эътиборсиз қаралган жойда ҳосил чўғи қанча камайиб кетишини деҳқончиликдан озгина хабари бор киши яхши англайди.

Актам ЙЎЛДОШЕВ,

инспекциянинг Шаҳрисабз туман бўлими бошлиғи,

 Сарвиноз ИСМОИЛОВА,

инспекция вилоят бошқармаси бош инспектори