Маънавият 04.10.2018 160

ҚАЛБНИНГ ЎЗ МАНТИҒИ БОР

Асар ҳақида ҳикоя

ҚАЛБНИНГ ЎЗ МАНТИҒИ БОР

ёхуд ҳақиқий асар кристаллсимон бўлади

Агар сизга мен ижоди ҳақида гапирмоқчи бўлаётган муаллифнинг исмини айтишмасаю, кимдир уни ёзувчи дея таништирса, кўнглингизга шубҳа ўрмалайди. Унинг яғриндор гавдасини курашчига ўхшатсангиз, минг бир киноя, боз устига қўнғирот шевасини қориштириб гапиришидан шаҳар кўрган фермерлардан бўлса керак, дея ўйлайсиз. Ушбу одам гапига маъноли-ўқимишли сўзлардан қўшиб қолса... ўқитувчимикин, деган гумонга боришингиз ҳам эҳтимолга яқин. Шундай бир пайтда мен уни сизга таништириб қўяй: на курашчига, на фермерга, на ўқитувчига ўхшатолмай иккиланаётганингиз бу одам чиндан ҳам ёзувчи! Ёзувчи бўлганда ҳам зўр ёзувчи – Луқмон Бўрихон бўлади! Адибнинг нафақат ташқи кўриниши ва ўзини тутиши, балки ёзган асарлари ҳам шу қадар ўзига хоски, буни сиз унинг қаламига мансуб ҳар қандай асар илк жумлаларини ўқигандаёқ ҳис этишингиз мумкин.

СИРЛИ ИШОРА ВА НОМАЪЛУМЛИК ОРТИДАГИ ҚАҲРАМОН

Ёзувчининг “Қуёш ҳали ботмаган”  қиссаси шундай сўзлар билан бошланади: “Минг тўққиз юз саксон иккинчи йилнинг баҳорида, эрта-индин учинчи  жаҳон уруши бошланар эмиш, деган миш-мишлар хўб авж олган кунларнинг бирида...”

Яъни ёзувчи бу билан жаҳон урушидан сира кам бўлмаган бир кураш, гўё бир “жанг” ҳақида ҳикоя қилмоқчи бўлаётганига сирли ишоралар қилаётгандек туюлади сизга. Зеро, асарнинг ўзи ҳам қалбида турли қарама-қаршилик, пўртанаю тўфонлар авж олиб, бу чигал зиддиятлар аро ўзларини топишга қийналган уч ўспирин руҳиятининг мувозанатга етиши тўғрисидадир.

“...кунларнинг бирида, -  давом этади муаллиф, -  уста Абилнинг уйида қорамағиз, тўзғин сочлари жингилтоб, қошлари қийғоч, киприклари узун-узун,  кўзлари маъюс, етти-саккиз яшар қизалоқ пайдо бўлди...”

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бошлаб мутолаа қилаётган ўқирман ўйламаса ҳам, асарнинг ярми ёки охирига етган, аниқроғи, воқеалар тизимида “қорамағиз, жингилтоб сочли қизалоқ”нинг ўрни асосий эканини тушунган китобхоннинг хаёлидан “Танзила ким ўзи? Миллати нима? Ватани қаер?” деган саволлар албатта ўтади. “Нега у номаълумлик ортига беркинган? Нима учун исми Шарофат бўлган ўзбек қизи ёки нима сабабдан исми Сита бўлган ҳинд қизи эмас? Айнан миллати, ота-онаси номаълум – Танзила?!” қабилидаги саволларни беради ўзига.

Дарҳақиқат, асар мутолаасидан сўнг ушбу саволлар менда ҳам туғилган. Чуқур ўйлаб кўргач эса айнан шу ердаям муаллифнинг ўзига хос ёзувчилик техникасини кўриб, ҳайратга тушганман. Ахир, айтинг, қайси умуминсоний фазилат миллат танлабди? Эзгуликнинг миллати борми? Номуснинг, орнинг, ишончнинг ватани қаер? Ва... ва муҳаббатнинг-чи, муҳаббатнинг?!

БИР ШИОР, ИККИ ТАСАВВУР

Ҳамишаги одатига хос равишда асарини бошидан эмас, ўртасидан бошлаган муаллиф кейинроқ қисса ибтидоси - Кенгсой посёлкасида Танзиланинг пайдо бўлиши воқеасидан анча орқага силжиб кетади. Воқеалар баёнида занжирсимон ҳаракат билан ўқирманни қолган образлар, шу қатори асосий қаҳрамонлар: ровий Норсоат ва Даврон билан таништиришга ўтади.

Қисса қаҳрамонлари Норсоат ва Даврон бир-биридан деярли фарқ қилишмасди. Уларнинг қилиқлари, орзу-мақсадлари бир-бирига икки томчи сувдай ўхшар, ҳатто иккаласини бирлаштириб турувчи шиорлари ҳам бор эди. “Қуёш ҳали ботмаган!” дейишарди улар қачонки қалблари офтобдай ёришса. “Қуёш ҳали ботмаган!” дейишарди қачонки қалбларига булут соя ташласа. Бола кўнгилларини илиқ ёки совуқ қандайдир туйғу пайпаслаб ўтса, улар қўлларини ҳавода сермаб бараварига шу шиорни тилга олишарди. Икки дўст руҳиятидаги айни шу хаёлийлик, айни шу жўшқинлик эса икки хил вазиятда намоён бўлар эдики, буни илғаш ўқувчига аввалига бироз мушкул кечиши мумкин. Бироқ болалар улғаяр экан, улар руҳиятидаги шу жимитдайгина фарқлилик ҳам қабариб, тобора улканлашиб боради.  Ким билсин, агар бошданоқ улар руҳида шу жимитдай тафовут бўлмаганида, уларнинг Абсал полвонни танишларига икки хил муддат керак бўлмаган бўларми эди...

АБСАЛ ПОЛВОННИНГ КЕЧМИШИ

Ҳа, асар воқесига кўра Давроннинг отаси – Қувондиқ қайсар икки дўстни полвоннинг олдига шогирдликка олиб келади. На устоз кўрган, на бирор машқ-машғулотда қатнашган, кураш ҳақида гапиришдан кўра сибизға чалишни кўпроқ яхши кўрадиган Абсал полвон эса уларнинг ҳафсаласини пир қилади.  Буни пайқаган Қувондиқ қайсар полвоннинг бир вақтлар лойга ботиб қолган эшакни қишлоққача кўтариб боргани, тўю ҳашамларда номдор полвонларни бир ҳамладаёқ йиқитгани, полвонлик унга илоҳий юқтирилганини, хилватнишин яшашни полвон пирларининг буйруғига биноан ихтиёр қилганини айтиб қанча мақтамасин, бу гаплар дўстларни ҳайратлантира олмайди.

 “- Бир-икки телевузурда кўрганман, - дейди ҳатто Даврон у ҳақида Норсоатга, - қўлидаги халачўпни силкитиб-силкитиб кўп одамга куй чалдирадиган чоллар бўларди, шулардан бунинг фарқи йўқ экан!”

Аммо Даврондан фарқли равишда Норсоат Абсал полвон билан ўтган илк кунлар аввалига унга қизиқиб қолиб, кейин-кейин ундаги илоҳий хислатларни туйгандек бўлади. Абсал полвоннинг ўзига каби бошқа бир атойи полвон – Аҳмат полвон билан шогирдларига амалий машғулот ўтаётганида ҳам Даврон улар машғулотида баҳсни кўрса, Норсоатга улар иккиси бир бўлиб аллақандай кўзга кўринмас куч билан олишаётганга ўхшаб кўринади.

Гапиришни кўп-да суймайдиган Абсал полвон бир гал уларни ёнига олиб, “Полвон одам уч нарсага ҳоким, уч нарсага қул бўлиши керак”, дея гап бошлайди. “Мен биламан, - унинг гапини бўлади Даврон, - полвон нафсига, шуҳратпарастликка, манманликка ҳоким бўлиши керак... бир китобда ўқиганман”. Абсал полвон унинг сўзини маъқуллаб, қолганини ҳам айтишини сўрайди. “Полвон уч нарсага қул бўлиши керак, -  Даврон давом этади, -  ҳақиқатнинг, ор-номуснинг...” Бироқ учинчисини била олмай, тўхтаб қолади. “Сибизғанинг!” деб юборади шу пайт беихтиёр Норсоат. Даврон полвонликка сибизғанинг ҳеч бир яқин томонини кўрмай, бу фикрга эътироз билдирганида, Абсал полвон “Учинчисини, укалар, ҳали билиб оласизлар. Унинг ўзи ўзини билдириб қўяди. Қўрқманглар, кўп кутиб қолмайсизлар. Ўша нарса ҳаёт йўлларингизда илҳақ-интизор. Эрта бир кун насиб этса, унга дуч бўласизлар. У сизларни кулдиради, куйдиради, у сизларни бор қилади, йўқ қилади. Ана шунда жуда-жуда сибизға чалгиларинг кеп қолади. Боя Норсоат тўғри топди десак ҳам бўлаверади. Полвон қули бўлиши керак учинчи нарса, бу сибизға! Келинглар, ҳозирча уни шундай деб атаб турайлик. Ҳаётда ўзига йўлиққанларингизда, нима деб ном қўйсаларинг қўяверасизлар”, дейди ва ўз хаёлларига ғарқ бўлиб, сибизғасини қўлига олади...

Бу лаҳза эса ўқувчининг кўз олдида баҳайбат қаддини букиб сибизға чалаётган Абсал полвон, полвоннинг юз-кўзларидаги маъюсият... ва... ва унинг муҳаббат билан боғлиқ дардли-изтиробли кечмиши гавдаланади. Муаллиф бир оғиз гапирмаган узун ва маҳзун тасаввурий кечмиши...

ҲУРЛИК КЕЛТИРУВЧИ ҚУЛЛИК

Бир ой шогирдлик машғулотидан кейин Норсоат ва Даврон Абсал полвон билан хайрлашиб, қишлоққа қайтишади. Бу пайтда Танзиланинг бўйига бўй, чиройига чирой қўшилган, қисса қаҳрамони бўлган икки дўст ҳам ишқ-муҳаббат ҳақида хаёл сурадиган ёшга етиб қолишган эди... Орада ёзги таътил бошланади ва Танзила тоққа гиёҳ теришга, Даврон отаси билан хориж мамлакатларидан бирига дам олишга, Норсоат эса тирикчилик учун чўлда истиқомат қилувчи поччасиникига тарқалиб кетишади. Норсоатнинг ўша пайтдаги ички кечинмаларини муаллиф қуйидагича баён қилган:

“Ўша ёз чўлу дашт жазирама қуёшдан эмас, менинг кўксимда ловуллаб турган ишқ-севги оловида лов-лов ёнди. Узоқ-яқинда жимир-жимир кўринаётган сароблар, телбавор эсаётган гармсел менинг оҳимдан, менинг изтиробларимдан кўтарилар эди. Негадир гоҳ ҳўнграб-ҳўнграб йиғлагим, гоҳ қаҳ-қаҳ уриб кулгим, баъзан баралла маъюс ва ҳазин қўшиқлар айтгим келарди...”

Шу зайл олис чўл бағрида ҳам   ташқи, ҳам ички томонлама жазирама офтобида беомон тобланаётган Норсоат руҳий эврилишлар гирдобига тушиб қолади. Дардини айтиб енгил тортай деса дўсти Даврон узоқда... Шунда... Шунда у тўсатдан сибизға чалгиси келаётганини англайди. Худди Абсал полвон айтгани, йўқ-йўқ, бамисоли илоҳий башорат қилганидай куйиниб-ўртаниб сибизға чалгиси келаверади.

Шу кундан бошлаб болалик Норсоатни тарк этган эди. Энди у ҳиндулар ҳақидаги аллақайси кинога тақлидан тузилган “Кенгсой бургутлари” тўдасининг ўйинқароқ аъзоси эмас, у энди – Норсоат эди! Ошиқу шайдо, маъюсу ўйчан... ўзини англай бошлаган Норсоат!

Бундай англаш жараёнида у дўсти билан ўзини қиёслаб кўриб, Танзиланинг севгисига Давронни кўпроқ муносиб дея топар экан, илк марта ўзининг етимлиги, қўли калта, эгни юпун эканини ҳис этади. Ахир, Давроннинг отаси кимсан раис Қувондиқ қайсар, боз устига дўстининг ўзи ҳам анча кўркам, сершиддат, бақувват йигит. “Қизлар севса, шундай йигитни севади-да”, ўйларди Норсоат. Давронга ҳасад қилмаса ҳам, шу томонлама жуда ҳавас қилар, биргина нарса -  Давроннинг Танзилани севмаслигигина унга юпанч ва далда эди.

Бу далдага суяниб орадан йиллар ўтади. Норсоат билан Даврон ҳарбий хизматни ўтаб қайтишади. Кунлардан бир куни эса Даврон дўсти Норсоатга уйидагилар уйланасан деб ҳоли-жонига қўймаётганини, узоқ ўйлаб кўргач, у уйланиш учун Танзиладан мосроқ қиз топмаганини билдиради.

“- Танзилани тилга олма, -  дедим аранг.

- Нима?! Нега... тилга олмай?

- У... у меники...

- Сеники?! Ух ты, писмиқи, қойилман сенга! Менга бир оғиз айтмай, зимдан иш пишитиб юрган экансан-да, а? Нон синдирдиларингми?

- Йў-ўқ, ҳали...”

Бироқ Норсоат агар Танзилага Даврон совчи қўйса, қизнинг уйидагилар дўстининг отаси ҳурмати учун ҳам рад эта олмаслигини яхши биларди. Шунинг учун бу келишувга рози бўла олмайди.

“Кел, икковимиз масалани бошқача ҳал қиламиз”, дейди сўнгра Даврон.

- “Қандай?

- Ота-боболаримиз анъанаси бўйича ҳал қиламиз. Икковимиз курашамиз. Ғолиб Танзилага эгалик қилади. Ҳам домилланинг тўйи қизийди. Қалай? Бу гапга кўнарсан энди, а?

Ҳа, Даврон мени бурчакка қисган эди! Унинг таклифига рози бўлишдан бошқа иложим қолмади.

- Бўпти, курашамиз, - дедим қатъий, - лекин... лекин бу келишув ўртамизда, ҳеч ким билмасин.

Даврон асабий бир тарзда хохолаб кулди.

- Эй, ошинг ҳалол бўлса, кўчада ич, деган мақол бор-а. Сен нимадан қўрқаяпсан?

- Мен ҳеч нарсадан қўрқмаяпман. Танзила гап-сўзга қолмасин тағин деяпман”.

Афсуски, Норсоат ихтиёрсиз бир вазиятда севгисини гаровга қўйган, масала ҳал бўлиши керак бўлган ўша тўйда икки дўстнинг ўртасидаги келишув бутун қишлоққа овоза бўлиб бўлган эди. Бундан эса Норсоат Танзиланинг номи олдида хижолатга тушиб оёқ-қўллари бўшашса, ёшликдан қаҳрамонликка ўч бўлган Давроннинг илҳоми жўшиб, кучига куч қўшилади. Ниҳоят, кураш бошланганда Давроннинг икки марта қилган ҳамласига зўрға туриб берган Норсоат дўстини тўғриликча енгишга қурби етмаслигини тушуниб етади.

Ҳаётда моддият тушунчаси бир хил бўлмаганидек, ғурур, орият тушунчаси ҳам бир хил эмас. Норсоат учун ҳам ориятини асраш Танзилани бой бериб қўймаслик дегани эди. Бошқа йўли қолмагач, шу туфайли у Давронга нисбатан ҳарбий ҳизматда ўргангани -  кураш мусобақасида қатъий тақиқланган самбо усулларидан бирини қўллашга жазм этади...

У - ТАНЗИЛА ЭДИ!..

Раис Қувондиқ қайсарнинг ўзи бош бўлган тўй ҳаракатлари аллақачон бошланиб кетган, бироқ... бироқ, қанчадан-қанча ҳижрон аламини тотишга мажбур қилган висолга етаётган Норсоат виждон азобида ёниб-ўртаниб, кули чиқиб борарди. Шунда у бор гапни Танзилага айтишим керак, шу билан унинг ҳам, Давроннинг ҳам олдида ўзимни  поклаган бўламан, деган қарорга келади. Танзилани ўқийдиган жойига қидириб бориб, унга ҳаммасини гапириб беради ва даҳшатли ҳукмни кутаётган жиноятчи мисоли қизнинг қаршисида бош эгади.

Аммо қалбнинг жамият қонун-қоидаларини рад этиши мумкин бўлган ўз мантиғи, ўз ҳақиқати бор! Қолаверса, Норсоат соф муҳаббат оловида тобланиш баробарида ўзини енгиб, Норсоат бўлганидай, Танзила ҳам аллақачон Танзила эди!

“Қўрқманг, - деб пичирлайди қиз унга, - мен на Ойбарчинман, на малика Дилоромман... ўша Давронингиз минг марта мардлик пеш қилсаям барибир унга тегмасдим”.

ХУЛОСА ЎРНИДА

Асарнинг энг кульминацион нуқтасида гапимни мухтасар қилар эканман, мен барча ўзбек китобхонларига “Қуёш ҳали ботмаган” қиссасини мутолаа қилишни тавсия қиламан. Зеро, кристалл бўлакчасининг ўнлаб қирраси кўзга чалиниб, яна қанчаси кўздан панада қолганидай, асарнинг мен кўра билмаган ўта қизиқ жиҳатларини айнан сиз кўра олишингиз мумкин.

Байрам АЛИ