Маданият 26.03.2019 171

"ҲАЛИМА"ДАН "ЎРИК ГУЛЛАРИ"ГАЧА 87 ЙИЛ

27 март - Халқаро театр куни

"ҲАЛИМА"ДАН "ЎРИК ГУЛЛАРИ"ГАЧА 87 ЙИЛ

Анъанага кўра, ҳар йили 27 март - Халқаро театр куни дунё бўйича (World Theatre Day) "Театр - халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва тинчликни мустаҳкамлаш воситаси" шиори остида кенг нишонланади. Бу ғоя илк маротаба 1961 йилда Халқаро театр институтининг IX конгрессида илгари сурилган ва дунёнинг 100 дан ошиқ давлати уни қўллаб-қувватлаган. 

Аслида театр тарихи қадим замонларга, илк театр намойиши эрамизгача бўлган 2500 йилга бориб тақалади. Илк томошалар Мисрда қўйилган бўлса, қадимги Юнонистон ва Римда шуҳрат топди. Ғарбий Европа давлатларида бу санъат тури Мольер каби тили ўткир сатирикларнинг комедияларию Шекспир каби даҳо фожианависларнинг трагедиялари туфайли кишилар онгига сингди.

"ҚИЗИҚ" ЁКИ "МАСХАРА"ДАН АКТЁРЛАРГАЧА...

Юртимизда театр санъатининг илк куртаклари қадимий чодирхаёл томошалари, халқ орасида "қизиқ" ёки "масхара" номи билан танилган артистлар томонидан тўй-сайилларда, подшолар саройида қўйилган саҳнавий кўринишларга бориб тақалади.   ХIХ аср охири - ХХ аср бошларига келиб, Ўзбекистонда театр жадидлар учун ўз ғояларини халқ онгига тушунарли ва таъсирчан усулда етказиш воситасига айланди. Бир вақтнинг ўзида кўпчиликка таъсир қилувчи санъатнинг бу тури ривожида Беҳбудий, Авлоний, Фитрат, Мунавварқори сингари алломаларнинг ҳиссаси катта. Беҳбудий қаламига мансуб "Падаркуш" драмасининг саҳналаштирилиши эса ўша даврдаги энг катта ҳодисалардан бири бўлган.

Бугун эса республикамизда 40 га яқин профессионал давлат театрлари фаолият кўрсатаётир. Уларда минг-минглаб мутахассислар ишлашади. Жумладан, улар орасида вилоят мусиқали драма театри ҳам ўз ўрни ва мавқеига эга.

ТАНБУРИЙДАН ҚОЛГАН ЁДГОРЛИК

Ушбу даргоҳ шаклланишида Қарши шаҳрилик машҳур мусиқачи ва соз устаси Абдулла Қодиров - Танбурийнинг ҳиссаси катта. Унинг ташаббуси билан ўтган аср 30-йиллари бошида Қарши ва Шаҳрисабз ёшларини бирлаштирган ҳаваскорлик тўгараги ташкил этилади. 1932 йил 2 августда эса Қарши-Шаҳрисабз ҳаваскорлик жамоалари негизида театр ташкил этилди. 1936 йилдан давлат театри мақомини олган муассасага 1943 йилда Ўзбекистон халқ ҳофизи Муллатўйчи Тошмуҳаммедов номи берилди. Саҳнада илк бор "Ҳалима" спектакли саҳналаштирилган бўлса, ўтган 80 йилдан зиёд давр мобайнида кўплаб асарлар томошабинлар эътиборига ҳавола қилинди.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳам актёр, ҳам режиссёр, созанда, хонанда сифатида фаолият юритган Баҳром Камолов раҳбарлигида Икрома Болтаева, Муҳтарама Носирова, Мажид Маматов сингари актёрлар томонидан саҳналаштирилган "Фарҳод ва Ширин", "Тоҳир ва Зуҳра", "Лайли ва Мажнун", "Алпомиш", "Нурхон", "Гулсара" каби асарлар театрнинг катта ютуғи бўлди. Сал ўтиб, "Отелло", "Равшан ва Зулхумор", "Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам", "Гулисиёҳ" каби спектакллар қўйилди. 60-йилларда Одилжон Исмоилов, Лола Холиқулова, Омон Беганжиев, Йўлдошали Раҳимов каби санъат олийгоҳларини тамомлаган бир гуруҳ ёшлар томонидан театрда янги ижодий муҳит яралди. Натижада "Тошболта ошиқ", "Майсаранинг иши", "Жон қизлар", "Олтин девор", "Ўжарлар", "Ғариблар", "Зўраки табиб", "Келинлар қўзғолони", "Суқрот" каби асарлар саҳна юзини кўрди.

Кейинги авлод вакиллари Исоқ Тўраев, Эркин Шодиев, Саъдулла Қорабоев, Ойгул Халилова, Раъно Мустафоева, Қурбон Бердиев каби маҳоратли кадрларнинг кино ва театр санъати соҳасига қўшаётган ҳиссалари беқиёс.

ОРТГА БИР НАЗАР...

Жамоанинг яқин ўтмишдаги фаолиятига назар ташланса, халқаро ва республика миқёсидаги кўрик-танловларда эришган ютуқлари кўзга ташланади. Жумладан, "Дебют-2010" Республика ёш режиссёрларининг III кўрик-фестивалида Фарҳод Бойназаров саҳналаштирган, Анвар Обиджон қаламига мансуб "Қўнғироқли алдоқчи" мусиқали эртак-томошаси Гран-при совринига, худди шу тадбирнинг 2012 йилдаги IV кўрик-фестивалида ёш режиссёр Ориф Маматов Тавфиқ ал-Ҳаким асари асосидаги "Бехато отилган ўқ" спектакли учун    "Актёрлар билан ишлаш маҳорати" номинацияси ғолиби бўлди. Шунингдек, режиссёр Акбар Бердиев саҳналаштирган, Нафас Шодмонов асари асосидаги "Юрт қадри" спектакли "Актёр билан ишлаш маҳорати" номинацияси ғолиби бўлди. Жамоа 2011-2012 йилларда режиссёр Авлиёқули Хўжақулиев томонидан саҳналаштирилган "Лайли ва Мажнун" миллий мусиқали драмаси ва Акбар Бердиев саҳналаштирган "Бобомнинг орзуси" мусиқали фольклор томошалари билан халқаро театр фестивалларида фаол иштирок этди. 2015 йилда "Сени куйлаймиз, замондош" Республика 3-театр фестивалида жамоа режиссёр Фарҳод Жумаев саҳналаштирган "Оролбобо" спектакли билан иштирок этиб, 1-ўринга сазовор бўлди. Шунингдек, "Қўнғироқли алдоқчи" эртак-томошаси, "Нажот дарвозаси" каби спектакллар республика миқёсида эътироф этилди.

Ўтган давр мобайнида жамоа аъзолари меҳнати эвазига кўплаб саҳна асарлари тайёрланди. Жумладан, Чингиз Айтматов қаламига мансуб "Жамила", "Оқ кема" асарлари, Абдулла Авлонийнинг "Адвокатлик осонми?",  Нафас Шодмоновнинг "Нажот дарвозаси", Нурулло Аббосхоннинг "Боғбон қиз", Абдулла Қаҳҳорнинг "Аяжонларим" пьесалари, Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан адибнинг "Иккинчи тумор" асари, Нафас Шодмонов ва Исоқ Тўраев ҳамкорлигидаги "Оқсарой" спектакли, ёш режиссёр Акбар Бердиев томонидан Софоклнинг "Шоҳ Эдип" фожиаси саҳналаштирилди. 

Халқаро театр куни арафасида, яъни 21-27 март кунлари жамоа томошабинларга бепул туҳфа тайёрлади. Дастлаб, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов таваллуд куни муносабати билан "Жаннатга йўл" спектакли, сўнг "Жамила", "Оқ кема", "Адвокатлик осонми?", "Боғбон қиз", "Кампир топайми?", "Хазина" ижро этилмоқда.

Айни пайтда жамоа жорий йил учун режалаштирилган спектакллар устида ҳам қизғин иш олиб бормоқда. Шу пайтгача, "Нодирабегим", "От йиғлаган томонда" спектакллари саҳналаштирилди. Олдинда янги тақдимотлар бор.

Шу ўринда Беҳбудийнинг "Театр - бу ибратхонадур..." деган гапини эсга олиш жоиз. Инсониятнинг илғор фикрли вакиллари бу ибратхонани жуда қадимданоқ кашф қилишган ва унинг дарси асрлар оша ҳамон энг таъсирли сабоқ бўлиб келаётир. Шундай экан, театр маданият ўчоғи, тарбия воситаси бўлиб хизмат қилаверади.  

                                              Сожида АЛЛАЁРОВА тайёрлади.