Жамият 24.05.2019 168

АЛИМЕНТ ТЎЛАШДАН ҚОЧИБ ЧЕТ ЭЛГА КЕТАЁТГАНДА, АЭРОПОРТДА УШЛАНДИ

Ижро жараёнида

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари талабларига кўра, алимент тўловчи қарздор алимент пулларини мунтазам равишда ойма-ой белгиланган вақтда тўлаб бориши, шунингдек, иш, ўқиш жойи, пенсия ва бошқа даромадлари тўғрисида дарҳол давлат ижрочисига хабар бериши лозим бўлса-да, фарзандини моддий таъминлашдан бўйин  товлаб, яшаш жойидан яшириниб юрганлар ҳам йўқ эмас.

Суд қарорига асосан қарздор О.А.дан ундирувчи Ш.С.га бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун иш хақи ва бошқа унга тенглаштирилган даромадларининг тўртдан бири миқдорида алимент ундириш ҳақидаги ҳужжати ижрога қаратилган. Шунга мувофиқ, Мажбурий ижро бюроси Муборак туман бўлими томонидан ижро ҳаракатлари олиб борилиб, О.А. алимент пулларини ўз вақтида тўлаш бўйича бир неча маротаба огоҳлантирилганига қарамасдан, ўз фарзандининг моддий таъминотидан бўйин товлаб келган. Яшаш жойидан топилмагандан сўнг эса 2018 йил 9 сентябрь куни давлат ижрочиси унга нисбатан қидирув эълон қилган.

Ижро ҳаракатлари жараёнида О.А. номида ҳеч қандай мол-мулк йўқлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасидан чет элга чиқиб ишлаб келаётгани аниқланган. Якунда эса қарздор давлат ижрочиси томонидан қўйилган чекловга асосан чет элга ишлаш учун чиқиб кетаётган вақтда ушланган.

Шундан сўнг ундан 7 миллион сўм алимент пуллари ундириб берилиши таъминланиши билан бир қаторда ёш оилага олиб борилган ҳуқуқий тушунтиришлардан сўнг О.А. турмуш ўртоғи билан ўзаро бир оила асосида яшашини маълум қилди. Энди фарзанд ота-она меҳридан бирдек баҳраманд бўладиган бўлди.      

Сарвар РАЖАБОВ,

Мажбурий ижро бюроси Муборак туман бўлими қидирув бўйича катта инспектори