Маънавият 09.10.2018 103

“АЛКИМЁГАР” ЁХУД ПУЛНИНГ ЖОЙИ ҚАЕРДА?

Ҳаёт кузатувлари

“АЛКИМЁГАР” ЁХУД ПУЛНИНГ ЖОЙИ ҚАЕРДА?

– Алло, дадаси, қачон қайтасиз?

– Ҳа нима, ош қилувдингми?

– Ош қайда, нонқовурдоқни музлаткичга қўйдим. Иситиб ерсиз. Мен Меҳри дугонамникига гаштакка кетаяпман.

– Яхши бориб кел. Навбатчиман, кеч бораман.

– “Яхши бориб кел” эмиш. Бепул қандай бораман? Эллик мингдан йиғишади. Эрталаб сиздан обқоламан, девдим, эсимдан чиқибди...

– Бўлмаса, бундоқ қиласан. Менинг жавонимдан устига “Алкимёгар” деб ёзилган китобни оласан... Китобларимни тит-пит қилиб ташлама тағин...

– Билганингиз китоб-китоб... Шу тобда китобингизни пишириб ейманми? Ундан кўра пул қайси киссангизда, шуни айтинг...

- “Берди”сини айтгунча уриб ўлдирма-да. Олдингми?

- Нима дедингиз, “Афсунгар”ми?

– “Алкимёгар”, дедим, ўқимаган... Энди варақла...

– Уффф!... Кеч бўпкетди-ку...

– Қимирла. Эллик олтинчи бетини оч...

– Ҳозир... ҳозир... ордона… мана, очаяпман... Ие, бўлди-бўлди, раҳмат, барака топинг, дадаси... Айтувдингиз-а, ҳар замонда кисса ўрнига китоб титкилаб турган одам кам бўлмайди, деб...

“МУОЛАЖА”

- Намунча лаллаясиз, ким айтади сизни “медсестра” деб, - қайнона шошиб қолган келинни баттар ҳовлиқтириб дакки бера кетди. – Нима, биринчи марта кўраяпсизми? Ўлмаган бизни жонимиз... “Аптечка”нгиз ёнингиздами? Чаккаси ёрилибди, қонни тўхтатинг... Тез яхна чой обкелинг... Жавлон ҳали  қайтмадими? Бўлмаса, ўзингиз келинг... Пешонасини маҳкам ушланг... Эҳтиёт бўлинг, яна йиқилиб тушмасин... Энди ғарғара қилдириб, оғзини чайинг... Э, шошмай туринг, ҳали яна давоми бор экан... Уффф... Кийимлариям расво бўпти, кейин чайиб қўярсиз...

Дашномларга кўмилган келин айвонда яна одатдагидай қайт қилаётган ширакайф... қайнота тепасида овора эди...

“У-У-УР!!!”

- Нима гап, Раҳмон тоға? – дея бошлиқ қаҳва ҳўплаганча қабулида мунғайиб турган кекса ходимига эмас, яна телевизорда берилаётган футбол ўйинига тикилди.

Ўйлаганидек бўлди. Тунд раҳбарнинг салобати босди. Боя қабулхонада кутиб ўтирганида ичида юз карра такрорлаб олган гапларидан бир жумла ҳам тилига келмади. Ҳа, бировдан пул сўраш осон эмас экан. Айниқса, умрида бир сўм қарз олмаган Раҳмон тоға учун... Гўё етмиш икки томири узилиб кетадигандай эди.

- Мен... мен... Ўғлим... юраги...

- У-у-ур!!! – ўрнидан туриб қичқириб юборган раҳбарнинг важоҳатидан Раҳмон тоға чўчиб тушди. – Э-э-э, лапашанг...

Раҳмон тоға қунишди. Муштдеккина жуссаси баттар кичрайиб кетди. Умрида футболга қизиқмаган бўлса-да, экранга термулди. Бироқ кўз олди қоронғилашиб, ҳеч нарсани кўра олмади. Чўнтагидан кўзойнагини олиб тақди. Яна ечди. Дастрўмолини чиқариб, ойнакларини артди. Сўнг манглайини...

Ўйин пича сепсиди.

- Нима деяётувдингиз? – раҳбар бир зумгина унга қаради.

Раҳмон тоға яна шошиб қолди. Сўнг тутилиб-тутилиб бўлса-да, бидирлай кетди:

- Ўғлим... кардиологияда... Самарқандда операция қилдириш керак экан... Шунга... пул зарилиди...... Узр... Иложи бўлса... Ойлигим ҳисобидан... пластикка ташлатиб берсайиз... Молбозорга яна беш кун боракан... Ҳўкизларимни сотиб тўлайман...

  - Ие-ие, каллангизни олинг-да, - бошлиқ уни ёнлаб яна экранга ёпишди. – Қани-қани... Одаммисан?! Жонинг борми?! Теп... Бўл!

Раҳмон тоға кўксини ғижимлаб, секин ўрнидан турди...

“КЕСАК”

- Хафа бўлмагину, Холмамат, тартибга олмасанг, шу боланг нахорага кесак ҳам бўлмайди...

Оёғи узангида, кариллаб юрган пайтлари эди ўшанда. Қўли ҳамма жойга етарди. Сиркаси сув кўтарармиди? Директорга дағдаға қилиб, ёлғизгина тантиқ ўғлини маломат қилиб, ғашига теккан Жовли муаллимни мактабдан ҳайдаттириб юборди...

“Авлиё экан-а Жовли муаллим...”

Холмамат бува ҳассага суянганича хотинининг гапи билан отасини ёлғиз қолдириб, рўзғорини бўлак қилиб олган нашаванд ўғли ҳовли ўртасидаги пахса деворнинг ягона туйнугига қинғир-қийшиқ қалаган кесакларга термулиб, кўзёши ҳўл қилган соқолини тутамлади...

Нуриддин ЭГАМОВ