Қишлоқ хўжалиги 28.05.2019 93

ҒАЛЛА - 2019: МАВСУМГА ТАЙЁРГАРЛИК ҚАНДАЙ КЕЧМОҚДА?

Қишлоқ хўжалиги

Яна саноқли кунлардан сўнг вилоятимиз далаларида кузда экилган бошоқли дон экинлари пишиб етилади. Залворли меҳнат эвазига етиштирилган ҳосилни қисқа фурсатда, нес-нобуд қилмасдан ўриб-йиғиб олиш эса соҳа мутасаддилари, деҳқону фермерлар олдида турган эндиги энг муҳим вазифа ҳисобланади.

Вилоятда шакллантирилган ғалла штаби ишчи гуруҳи раҳбари Жуманазар Тангиров бу борада олиб борилаётган тайёргарлик ишлари ҳақида қуйидагиларни гапириб берди.

Ўрим-йиғим техникалари мавсумга шай

- Бу йил вилоятда 470 та юқори унумли комбайн ғалла ўримига жалб этилади. Уларнинг аксарияти янги, жумладан, 70 таси 2019 йилда харид қилинган "Клаас" русумидаги комбайн. Шунингдек, яна 226 та комбайн Кейс, 50 таси "Вектор-410" ҳамда 124 таси "Клаас-Доминатор" русумли ўрим техникалари ҳисобланади.

Ҳар бир комбайнга бештадан ташиш техникаси бириктирилади. Қолаверса, мавсум давомида кўплаб  ёнилғи ташиш, ер текислаш, ҳайдов техникалари, тиркамалар ва бошқа воситалардан фойдаланилади. Айни пайтда мавжуд комбайнларнинг барчаси техник кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, зарур техника воситалари кўздан кечирилиб,  мавсумга шайланмоқда.

Бундан ташқари, ўрим-йиғим мавсумида иштирок этадиган техникаларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида зарур эҳтиёт қисмлар, 5 минг 247 тонна дизель ёнилғиси, 57 тонна бензин, 950 минг куб суюлтирилган газ ҳамда бошқа керакли ашёлар ҳисоб-китоб қилиниб, захираси яратилмоқда.

Бир отрядга бир комбайн

- Комбайнларнинг тўхтовсиз ишлашини таъминлаш мақсадида ҳар бирига икки нафардан оператор (ҳайдовчи) тайинланган. Операторларга мавсум бошиданоқ бир неча турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда 1 миллион сўмдан пул мукофотлари тарқатилмоқда. Бу рағбат уларнинг ишга масъулиятини янада оширади.

Шунингдек, ҳар бир комбайн негизида битта  отряд ташкил этилган. Ушбу отрядларга ўримда қатнашадиган техникаларнинг доимий созлигини таъминлаш мақсадида кўчма таъмирлаш устахонаси, ёнилғи ва мойлаш материаллари етказиб берувчи техникалар бириктирилиб, отряд аъзоларининг меҳнат қилиши ва дам олиши учун даланинг ўзида зарур шароит яратилади.

Нес-нобудга йўл қўйилмайди

- Бу йил вилоятда 5 та корхона томонидан дон қабул қилинади. Ушбу корхоналар жойларда ўзининг 26 та дон қабул қилиш масканига эга.

Тайёргарлик тадбирлари давомида тегишли ишчи гуруҳлар томонидан ушбу масканларнинг мавсумга тайёрлиги тўлиқ кўрикдан ўтказилди. Жумладан, элеваторлар текширилди, тарозилар, лаборатория жиҳозлари қиёсловдан ўтказилди, ёнғинлар келиб чиқишининг олдини олиш чоралари кўрилди.

Шу билан бир қаторда, етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмаслик, талон-торожга йўл қўймаслик борасида ҳам қатор чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Жумладан, ўрим мавсуми давомида 118 та йўналиш бўйича 20 ЙПХ экипажи, 24 та назорат маскани ташкил этилиши  режалаштирилган. Ушбу назорат масканларининг ҳар бирига икки нафардан ИИБ ходими бириктирилиб, улар куну тун фаолият олиб боради.

Ўрим қачон бошланади?

- Ҳудудларда бошоқли дон экинларининг етилиши доимий назоратда турибди. Дон тўлиқ пишиши билан ўримга киришилади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ўрим парваришланган ғалла навларига қараб Миришкор, Нишон, Муборак туманларида 5 июндан, Косон, Касби, Қарши туманларида 10 июндан, Қамаши, Чироқчи, Ғузор, Яккабоғ, Шаҳрисабз, Китоб туманларида эса 15 июндан бошланиши режалаштирилган.

Қанча ҳосил олинади?

- Бу йил вилоятимизда 3 минг 585 та фермер хўжалиги томонидан 141 минг 800 гектар сувли ҳамда 63 минг гектар лалми майдонларда бошоқли дон экинлари парваришланди.

Жорий йил баҳорги об-ҳаво бошоқли дон экинлари учун жуда қулай келди. Барча ҳудудларда экин яхши ривожланган. Ўтказилган таҳлиллар натижасига кўра, сувли майдонлардан ўртача 65 центнердан, лалми майдонлардан эса 20-25 центнердан ҳосил олиш кутилаяпти.

Салмоқ ортса, даромад ҳам кўпаяди

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 ноябрдаги тегишли қарорига асосан, давлатга дон сотишда янги харид нархлари белгиланган.

Унга кўра, 2019 йил ҳосили учун буғдойнинг ҳар бир тоннаси учун кафолатланган давлат харидининг ўртача нархи 1 миллион 200 минг сўм миқдорида белгиланди. Шу билан бир қаторда, етиштирилган бошоқли дон ҳосилдорлигига қараб давлат хариди учун етказиб берилган ғалла харид нархига 25 фоизгача устама ёки чегирма қўлланилади.

Жумладан, суғориладиган майдоннинг ҳар гектари ҳосилдорлигига қараб, барча бошоқли дон экинлари бўйича дон харид нархига қуйидаги тарзда устама ёки чегирма қўлланилади:

- 30 центнер ва ундан кам бўлганида - 25 фоиз чегирма;

- 31 центнердан 40 центнергача бўлганида - 15 фоиз чегирма;

- 41 центнердан 50 центнергача бўлганида - 10 фоиз устама;

- 51 центнердан 60 центнергача бўлганида - 20 фоиз устама;

- 61 центнер ва ундан юқори бўлганида - 25 фоиз устама қўлланилади.  

Бу дегани фермер қанча кўп дон сотса, доннинг харид баҳоси шунчалик ошиб бораверади ёки аксинча. Демак, у давлатга иложи борича кўпроқ дон сотишдан манфаатдор.

Ҳозирги кунда бу борада ҳам фермерлар орасида тушунтириш, тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ ёзиб олди.