Сўнгги янгиликлар 12.07.2019 225

ҒАЛЛА МАВСУМИДА ИШЛАГАН ОТРЯД АЪЗОЛАРИГА 940 ТА МУЗЛАТКИЧ ТОПШИРИЛДИ

Тадбир

Вилоят мусиқали-драма театри ёнидаги хиёбонда ғалла ўрим мавсумида фаоллик кўрсатган ходимларни рағбатлантиришга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Маълумки, мавсумни уюшқоқлик билан ташкил этиш,  ҳосилни қисқа фурсатларда йиғиб олиш мақсадида вилоятда 470 та ўрим отрядлари ташкил этилиб, ҳар бир отрядга бир донадан замонавий ўрим комбайнлари, биттадан кўчма устахона, ёқилғи ташиш воситалари, дон ташиш учун 2847 дона ташиш техникалари бириктирилган эди.

Ўримнинг қисқа фурсатда, самарали амалга оширилиши,  ишларнинг тизимли равишда ташкил этилиши ва пировардида 510 минг тоннадан ошиқ дон хирмонининг яратилишида отряд аъзоларининг ҳам муносиб ҳиссаси бўлди.

Тантанали тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими бу ҳақда гапирар экан, мавсум давомида фаоллик кўрсатган барча отряд аъзоларига минннатдорчилик билдирди. 470 та отряд раҳбари ҳамда мавсум давомида етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмаслик, талон-торожга йўл қўймаслик борасида фаоллик кўрсатган яна шунча ИИБ ходимларига совға сифатида замонавий совуткичлар топширилди.

Вилоят санъат усталари томонидан ташкил этилган концерт дастури йиғилганларга янада байрамона кайфият бағишлади.

Ж.БОЙМУРОДОВ

М.КОМИЛОВ олган суратлар