Қишлоқ хўжалиги 01.12.2018 75

ҒАЛЛА ПАРВАРИШИГА МУНОСАБАТ ТУБДАН ЎЗГАРАДИ

Қарор ва ижро

ҒАЛЛА ПАРВАРИШИГА МУНОСАБАТ ТУБДАН ЎЗГАРАДИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 ноябрдаги "Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан мамлакатимизда бошоқли дон етиштириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган тизимли ишлар белгилаб берилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси бош инспектори Шерзод Сарманов ушбу қарордан келиб чиқадиган асосий ўзгаришлар ва белгиланган вазифалар ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:

Харид нархи 60 фоизга оширилди

- Кейинги йилларда давлат хариди учун сифатли дон етиштириш ва ҳосилдорликни оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Аммо соҳада йўл қўйилаётган камчиликлар ҳам талайгина. Хусусан, ерларнинг сифатсиз тайёрланиши, агротехника қоидаларига тўлиқ риоя қилинмаётгани, айниқса, экиш ишларининг кечиктириб юборилиши, талаб қилинган моддий-техника ресурслари ўз вақтида етказиб берилмаслиги каби қатор омиллар сабаб ғалладан кутилган ҳосил олинмаяпти.

Шу билан бир қаторда, юқори натижа қайд этган фермерларни шунга муносиб тарзда рағбатлантириш ёки аксинча, паст натижа кўрсатган хўжаликларга нисбатан кескин чоралар кўришни белгиловчи тартиблар ишлаб чиқилмаган. Бу жиҳатлар ҳам бошоқли дон экинлари парваришловчи хўжаликлар ўртасида ўзаро рақобатни таъминлаш, ишга нисбатан масъулиятини ошириш имконини бермайди.

Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарорида мана шу каби жиҳатларга эътибор қаратилиб, дон етиштирувчи фермер хўжаликлари учун олинган ҳосилга муносиб нарх таклиф этиш, уларни қандай самарадорликка эришганига қараб устама ёки чегирма қўллаш тартиблари белгиланди. Жумладан, 2019 йил ҳосили учун буғдойнинг ҳар бир тоннасига кафолатланган давлат харидининг ўртача нархи 1 миллион 200 минг сўм миқдорида белгиланди. Ушбу нарх жорий йилгига нисбатан 60 фоизга юқоридир.

Албатта, етиштирилган маҳсулотга нисбатан юқори нарх таклиф этилаётгани хўжаликларнинг молиявий барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатиб, имкониятларини янада оширади.

Кўп ҳосил олган қиммат, кам ҳосил олган арзон сотади

- Эндиликда давлат хариди учун етиштирилган маҳсулотларни табақалаштирилган нархларда, яъни устама ва чегирмалар қўллаган ҳолда сотиб олиш тартиби жорий қилинади. Бошқача қилиб айтганда, етиштирилган бошоқли дон экини ҳосилдорлигига қараб, давлат сотиб оладиган маҳсулот харид нархига 25 фоизгача устама ёки чегирма қўлланилади.

Жумладан, суғориладиган майдонларнинг ҳар гектаридан олинган ҳосилдорликка қараб, барча бошоқли дон экинлари бўйича дон харид нархига қуйидаги тарзда устама ёки чегирма қўлланилади:

- 30 центнер ва ундан кам бўлганида - 25 фоиз чегирма;

- 31 центнердан 40 центнергача бўлганида - 15 фоиз чегирма;

- 41 центнердан 50 центнергача бўлганида - 10 фоиз устама;

- 51 центнердан 60 центнергача бўлганида - 20 фоиз устама;

- 61 центнер ва ундан юқори бўлганида - 25 фоиз устама қўлланилади.

Солиқ ҳам ҳосилдорликка қараб ҳисобланади

- Қарор билан амалга оширилиши белгиланган муҳим янгиликлардан яна бири - 2019 йилдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларига суғориладиган ерларда   бошоқли дон экинлари етиштирувчи фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига ягона ер солиғини ҳисоблашда солиқ ставкаларига ҳосилдорликка қараб коэффициентлар қўллаш тартиби киритилганидир.

Яъни, келгуси йилдан бошлаб ер солиғини ҳисоблашда гектаридан ўртача 30 центнер ва ундан паст ҳосил олинганда 2 баробар, ҳосилдорлик 31 центнердан 40 центнергача бўлганида эса 1,5 баробар кўпайтирувчи коэффициентлар қўлланилади.

Бу албатта, ғалла етиштирувчи хўжаликларни олтинга тенг бўлган суғориладиган ерлардан самарали фойдаланиш, маҳсулот етиштириш ҳажмларини кўпайтириш борасидаги масъулиятини оширишга хизмат қилади.

100 фоизгача имтиёзли кредит берилади

- Қарорда хўжаликларни кредитлашни такомиллаштириш ҳам назарда тутилган. Агар амалдаги тартибга кўра, имтиёзли кредит давлат хариди учун етказиб бериладиган дон қийматининг 60 фоизи миқдоригача ажратиб келинган бўлса, янги тартиб асосида бу  100 фоизни (тайёрлов корхонаси томонидан бўнак тариқасида етказиб берилган уруғлик қийматини инобатга олган ҳолда) ташкил этади.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, молиялаштириш тизимидаги ушбу ўзгариш фермер хўжаликларининг айланма маблағи тақчиллигига барҳам бериш билан бирга, улар томонидан ресурс ва хизматлар учун тўловларни олдиндан амалга ошириш, агротехника тадбирларини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, ғалла етиштириш ҳажмини кўпайтириш, пировардида, юқори даромад олишига имкон беради.

Фавқулодда ҳолатларда фермер ҳимояга олинади

- Маълумки, олдиндан билиш, оқилона чоралар билан олдини олиш мумкин бўлмаган фавқулодда хусусиятга эга ҳодисалар (қурғоқчилик, табиат ҳодисалари ва бошқа форс-мажор ҳолатлар) оқибатида фермер қанча ҳаракат қилмасин кутилган ҳосилни етиштира олмаслиги мумкин.

Эндиликда фермер бундай вазиятда Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича ҳудудий комиссияга мурожаат этиши лозим. Агар ҳолат комиссия томонидан тасдиқланса, давлат хариди учун етказиб берилган дон харид нархида ҳисоб-китоб қилиниши белгиланди. Яъни, фермер етиштирган дон қанчалигидан қатъий назар, бир хил - белгиланган давлат нархида харид қилинади.

Ваҳоланки, шу пайтга қадар маҳсулот етиштирувчилар турли табиий офатлардан етарли даражада ҳимояланмаган эди.

Яхши ишламаган фермер ерни топширади

- Биламизки, шу вақтга қадар айрим фермер хўжаликлари ишни тўғри ташкил этмас, агротехник тадбирларни ўз вақтида бажармас ва бунинг натижасида ердан жуда кам ҳосил оларди. Ҳатто, бир неча йиллаб давлатга дон сотиш бўйича тузилган шартнома режасини бажармай келаётган хўжаликлар бор.

Эндиликда суғориладиган майдонларнинг ҳар гектаридан 40 центнердан кам ҳосил олиш "ерга нисбатан хиёнат" деб баҳоланади. Бу ер ижара шартномаси бекор қилинишигача бўлган чоралар кўрилишига олиб келиши мумкин.

Ишлар тизимли назоратга олинади

- Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг табиий-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда, суғориладиган майдонларда 2019 йил ҳосили учун экилган кузги бошоқли дон экинларини парваришлаш бўйича агротехника тадбирларини амалга ошириш юзасидан "йўл хариталари" ишлаб чиқилди.

Бошоқли дон етиштиришда агротехника тадбирларини ўз вақтида сифатли ўтказиш ва кафолатланган ҳосил олишни тизимли ташкил этиш бўйича эса республика Ишчи гуруҳларининг таркиби тасдиқланди. Улар зиммасига "йўл хариталари"дан келиб чиқиб, ҳар бир фермер хўжалиги томонидан амалга ошириладиган агротехника тадбирлари режасини алоҳида ёзма равишда тайёрлаб етказиш ва унинг ижросини таъминлаш вазифаси юклатилди.

Дон етиштириш ва ўриб-йиғиб олиш билан боғлиқ агротехника юмушларининг ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши, молиявий ва моддий-техника ресурсларини тўлиқ ҳажмда ва ўз вақтида етказиб берилиши, якуний ҳисоб-китоблар 2019 йил 1 сентябрга қадар тўлиқ амалга оширилиши, мазкур йўналишдаги ишлар бўйича тизимли назорат ўрнатилиши юзасидан тегишли мутасаддиларнинг шахсий жавобгарлиги белгилаб қўйилди.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ушбу қарорнинг изчил ижроси, шак-шубҳасиз, ғаллачиликда ер майдонларидан самарали фойдаланиш ва юқори ҳосилдорликка эришиш, фермер хўжаликлари масъуллари масъулиятини янада ошириш ҳамда уларнинг моддий манфаатдорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ ёзиб олди.