Қишлоқ хўжалиги 02.04.2019 190

ҒАЛЛАНИ ФАҚАТ ПАЙҲОНДАН ЭМАС, КАСАЛЛИК ВА ЗАРАРКУНАНДА ҲАШАРОТЛАРДАН ҲАМ АСРАШ КЕРАК

Мутахассис маслаҳати

Кузда экилган ва қиш бўйи илдиз ёйиб, эрта баҳордан ўсиш босқичига ўтган буғдой майсаларининг гуркираб ривожланиши учун апрель, май ойлари энг муҳим палла ҳисобланади. Айнан шу ойда майсалар тўплаш давридан найчалаш даврига ўтади, етилади.

Шу билан биргаликда, кунлар исиши билан ғаллазорда турли зараркунанда ҳашаротлар, касалликлар ҳам урчий бошлайди. Агар ўз вақтида олди олинмаса, бу ҳосилнинг салмоғига катта зарар етказиши ёки уни батамом нобуд қилиши мумкин.

Вилоятимиз шароитида дон экинларига чигирткалар, қўнғизлар, тунламалар, шунингдек, шира, трипс, занг ва шу каби кўплаб касалликлар хавф солади. Қуйида ушбу зараркунанда ҳашаротлар ва касалликлар, уларнинг олдини олиш чоралари ҳақида сўз юритамиз.

Шилимшиқ қурт (пьявица). Айнан шу ном билан аталувчи қўнғиз вилоятимизнинг барча ҳудудларида кенг тарқалган бўлиб, майсанинг найчалаш даврида пайдо бўлади ва ўсимлик баргининг юмшоқ пўстини еб битиради. Натижада экинда фотосинтез жараёни тўхтайди ва ҳосилдорлик кескин камаяди. Шилимшиқ қурт зарари кучли бўлган далаларда 50 фоизгача ҳосил йўқотилиши мумкин.

Ушбу ҳашарот кўпайишининг олдини олиш учун ғаллани ҳар ҳафта назорат қилиб туриш керак. Далани ўғитлаш ва суғориш, бегона ўтлардан тозалаш бу турдаги қўнғизлар кўпайишининг олдини олади. Шунингдек, мутахассис билан маслаҳатлашган ҳолда экинзорга рухсат этилган кимёвий воситалар ёрдамида ишлов бериш ушбу ҳашаротга қарши курашишнинг самарали усули ҳисобланади.

Зарарли хасва. Ушбу ҳашарот тури буғдой, арпадан ташқари шоли ва бошқа бошоқли экинларни ҳам зарарлайди. Хасва асосан ўсимликнинг юқори бўғим оралиғи ҳамда бошоқнинг ўсаётган майин тўқималарига келаётган аминокислота, углерод ва сувни сўриб, озиқланади. Унга қарши курашиш ҳолатга қараб агротехник, биологик ва кимёвий усулда олиб борилади.

Агротехник усулда далага сув ва ўғит берилиб, майсаларнинг чидамлилиги оширилса, биологик усулда олтинкўз, теленомус, фазия пашшалари каби энтомофаглар яхши самара беради.

Шунингдек, бир қатор кимёвий воситалар ёрдамида ушбу зараркунандага қарши кураш олиб бориш мумкин.

Буғдой трипси. Анча кичик, аммо ўта сўрувчан бўлган бу ҳашарот тупроқ юза ҳарорати камида 8 даража иссиқликка етганида қишловдан чиқади ва буғдойнинг ёш найчаларини зарарлай бошлайди.

Ушбу ҳашаротга қарши биологик ва кимёвий усулда кураш олиб бориш мақсадга мувофиқ.

Шира. Ғаллазорларда ширанинг бир неча турлари учрайди. Лекин улардан уч тури, яъни оддий ғалла бити, катта ғалла бити ва арпа бити кўп сонли ва ўта зарарли ҳисобланади.

Ширага қарши аввало ташкилий, хўжалик ва дастлабки агротехник тадбирларни сифатли ўтказиш билан курашилса, чидамли, тезпишар  навларни экиш, минерал ўғитлар таъминотини тўғри йўлга қўйиш ҳам зарарнинг олдини олишда жуда муҳим. Дон шаклланиши даврида ғаллазорларни ҳар беш, етти кунда назорат қилиш, агар 50 фоиз ўсимлик зарарланган бўлса, кимёвий ишлов ўтказиш зарур.

Қаттиқ қоракуя касаллиги. Бошоқли дон экинлари касалликлари ичида энг оммалашаган турлардан бири ҳисобланади. Сифатсиз дориланган уруғликдан фойдаланилганда ва майсалигида етарли даражада парваришланмаган паллада учрайди. Демак, бу касалликка қарши курашни уруғлик тайёрлашдан бошлаш лозим. Аксинча мўлжалдаги ҳосилни олишга эришиш қийин кечади.

Занг касаллиги. Буғдойнинг кенг тарқалган касалликларидан бири ҳисобланади. Экин майсалари у билан об-ҳаво шароитига қараб куз, қиш ойларида (кузда ҳаво илиқ ва сернам келса) ҳамда баҳорда зарарланади. Касалликнинг ривожланишига об-ҳавонинг серёғин келиши ва тез ўзгариб туриши сабаб бўлади.

Апрелнинг охири ва май ойида айниқса касаллик авж олади. У кучли тарқалган далаларда ҳосилдорлик 30-40 фоизгача камайиб кетиши мумкин.

Майсаларни минерал ва органик ўғитлар билан меъёрида озиқлантириш, уруғлик донга экишдан олдин микроэлементлар билан ишлов бериш экиннинг занг касалликларига чидамлилигини оширади.

Ғаллада касаллик аниқланган ҳолларда унга фунгицид билан ишлов бериш лозим. Бизда унинг 30 дан ошиқ тури қўлланилади. Касалликнинг қайси босқичда эканлигига қараб, мутахассис билан маслаҳатлашган ҳолда восита тури ва миқдорини белгилаш мақсадга мувофиқ.

Ун шудринг касаллиги. Деярли барча ўсимликларни зарарлайди. Касалликнинг дастлабки белгилари ўсимликнинг баргларида оқ пахтасимон доғ қатлами ҳосил қилиш билан намоён бўлади. Сўнгра қатлам қалинлашиб, кулранг ёки сарғиш-кулранг, бўртиб чиққан ёстиқчалар тусига киради. Касаллик баргнинг пастки қисмидан юқорисига ва  бошоқларга ўтади ва ғалла ҳосилдорлигини 25-30 фоизгача камайтириши мумкин.

Ун шудринг касаллиги тарқалган майсазорларда мутахассис билан маслаҳатлашган ҳолда    кимёвий ишлов ўтказиш зарурати пайдо бўлади.

Ушбу тавсиялар юқори маррани кўзлаган деҳқону фермер учун аҳамиятли. Зеро, зараркунанда ҳашаротлар ва касалликлардан огоҳ бўлиш, ғалла парваришида агротехник тадбирларни ўз вақтида сифатли ўтказиш, хавф аломатлари кўзга ташланганда эса зудлик билан унинг олдини олиш чораларини кўришдан аввало улар манфаатдор.

Яраш БЎРИЕВ, 

қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди

Жамшид АБДУЛЛАЕВ, мутахассис