Қишлоқ хўжалиги 15.11.2018 372

ҲАМ ХОНАДОН КЎРКИ, ҲАМ ДАРОМАД МАНБАИ

Гулчилик

ҲАМ ХОНАДОН КЎРКИ, ҲАМ ДАРОМАД МАНБАИ

Косон туманилик Гулдаста Султоновани нафақат маҳалладаги, балки тумандаги аксарият гул шинавандалари яхши танийди.  У олти йилдан буён гул ўстириш билан шуғулланиб келмоқда. Томорқада барпо қилинган  иккита мўъжаз иссиқхонада парваришланаётган хилма-хил гуллар ушбу рўзғорнинг нафақат кўрки, балки баракасига айланиб улгурган.

- 0,2 гектарли экин майдонимиз бор, - дейди Гулдаста Султонова.  – Оила аъзоларимиз билан асосан хонаки ва манзарали, ҳар хил декорация учун фойдаланиладиган гул турларини кўпайтириш билан шуғулланиб келамиз. Бир неча йил аввал иссиқхона барпо этган эдик. Бу совуқ кунларда ҳам гул парваришлашимизга имкон бермоқда. Ҳозир ўстирилаётган гулларимиз тури 40 дан ошган. Мана шу фаолият ортидан бугун рўзғоримизга барака инмоқда.

 Дарвоқе, ташқарида кун совуганига қарамай, гулчи янги экилган ниҳолларни чиллага сақлаб, ундан олинган нозик гул кўчатларни алоҳида қилиб махсус кичик стаканларга ўтқазмоқда. Иш жараёнини кузатаркансиз, беихтиёр нафис муҳитнинг таъсирига тушишингиз аниқ. Бир ёқда ғунчалаган голланд атир гули, бир ёнда сут гулидан таралаётган майин гул ифори димоғингизга ўтиради. Ерда қадалган гуллар садафдек тизилган, ям-яшил.

Гулчининг айтишича, чиринди аралашмасига экилган гуллар бир-икки бор фосфорли ўғит  ҳамда гуллар учун махсус тайёрланган қўшимчалар билан тўйинтирилса, соғлом ва кўркам кўчат олинади.

- Дарҳақиқат, оддий уй шароитида гул бизнеси билан шуғулланиш томорқачилар орасида анча оммалашган,  - дейди маҳалла раиси Маҳмаражаб     Муродов. – Маҳалламиздаги аҳолининг аксарияти, яъни 450-500 хонадон ана шу кўчатчилик фаолиятини йўлга қўйиб, оила иқтисодини бутлаб келишмоқда. Маҳаллада 1467 хонадон бўлса, шундан 60 дан ортиғида иссиқхона ташкил қилинган. Даромад қилишнинг энг мақбул ва қулай, осон усули бўлгани боис, совуқ тушди дегунча аҳоли иссиқхонада иш билан банд бўлади.

Гулдаста Султонованинг айтишича, гулчилик фаолиятидан ўтган йилги қилинган фойда чакки эмас, нақ 20 миллиондан ортиқ. Қаранг-а, бир парча ердан келган фойданинг ўзи йил бўйи рўзғор бутлигини бинойидек таъминламоқда.

- Бундан ташқари, очиқ майдонда ошкўк ва турли хил кў-катлар етиштирамиз, - дейди у. - Сентябрь ойида экилган турли кўкатларни маҳаллий бозорга чиқаряпмиз. Кунора 100-120 минг даромад келмоқда.

Қилинган меҳнат, саъй-ҳаракатлар эвазига қўлга киритилган сармоя оила фаровонлигини таъминлабгина қолмасдан, бошқа орзу-ҳавасларини амалга оширишга ҳам туртки бўлмоқда. Шунга монанд, хонадонда 10-15 курка, беш-олти бош бўрдоқи ҳам боқилмоқда.

Мана шу бир оиланинг тирикчилик учун қилаётган ишидан шундай хулоса қилдим: қимирлаган киши қир ошади.

Дилфуза ЖУМАЕВА