Жараён 16.07.2019 141

ҲАМ РЕАБИЛИТАЦИЯ МАРКАЗИ, ҲАМ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ МУАССАСАСИ

Ҳамкорлик қирралари

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва "ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани" МЧЖ ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида яқин вақт ичида юртимизда 3 та янги ихтисослашган мактабгача таълим ташкилоти (МТТ) қурилади. Имконияти чекланган болалар учун реабилитация марказига эга бундай муассасалардан биттаси Қашқадарёда барпо этилиб, 150 ўринга мўлжалланган бўлади.

Мактабгача таълим вазирлигининг хабарига кўра, лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги битим шу ойнинг бошида Нукус шаҳрида, "Имкон" реабилитация марказига эга  биринчи ихтисослашган МТТда имзоланди. Мазкур ҳужжатга асосан янги ихтисослашган мактабгача таълим ташкилотлари Бухоро шаҳрида (250 ўрин), Қарши шаҳрида (150 ўрин) ва Тошкент вилоятида (150 ўрин) қурилади.

- Бухородаги МТТ умумий турдаги ташкилот, яна иккита МТТ эса реабилитация марказларига эга бўлган кўп тармоқли ихтисослашган ташкилотлар бўлади, - деди Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин. - Бу реабилитация марказлари, тарбияланувчилардан ташқари, ҳар йили соғломлаштириш муолажаларига муҳтож 5-7 минг нафар болани қабул қилади.

Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, Қарши шаҳри ва Тошкент вилоятидаги лойиҳалар учун Нукусдаги "Имкон" реабилитация марказига эга ихтисослашган МТТ прототип (намуна) бўлиб хизмат қилади. Лойиҳада жисмоний ва ақлий ривожланиши ўзига хос болалар учун мактабгача таълим ва тиббиёт муассасалари бирлаштирилган. Янги МТТда замонавий даволаш-физкультура ва физиотерапия заллари,  массаж, сенсор, майда моторикани ривожлантириш, ижтимоий-маиший адаптация, мусиқа ва арт-терапия хоналари, шунингдек, врачларнинг кабинетлари жойлашади.

"ЛУКОЙЛ" Узбекистан Оперейтинг Компани" МЧЖ бош директори Степан Гуржийнинг гапларига қараганда, учта ихтисослашган мактабгача таълим ташкилоти қурилиши лойиҳасига 12 миллион АҚШ доллари йўналтириш режалаштирилмоқда.

Ўз мухбиримиз