Таълим 30.04.2019 223

АМАЛДА ЙЎҚ АМАЛИЁТ

Муаммо ва муносабат

Маймун ва дурадгор ҳақидаги эртак кўпчиликка мактаб пайтидаёқ таниш. Ёдингизда бўлса, унда бир маймун устанинг ишини кузатиб туради ва дурадгор йўқлигида у ҳам қўлига ускуналарни олиб, дарахт йўнишга тушади. Уқуви йўқ эмасми, ёғоч орасига думи қисилиб, анча жабр кўради. Қиссадан ҳисса, етарли билими, малакаси бўлмаган, амалиёт кўрмаган одам ана шундай жабр чекади, деган ҳақиқат уқтирилган болаларга.

Буни бежиз эсламаяпмиз. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра "Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчилари учун касбий таълим беришни ташкил этиш тўғрисида"ги Низоми асосида ўталаётган амалиёт негадир ўша эртакни эсга солаяпти. Қуйида буни тушунтиришга ҳаракат қиламиз.

Гап шундаки, ушбу қарор асосида биргина Қарши шаҳрида 8 та касб-ҳунар коллежи ҳамда 17-, 18-имконияти чекланган болалар махсус мактаб-интернатларида умумтаълим мактабларининг 10-,11-синф ўқувчилари учун ўқув ишлаб-чиқариш устахоналари ташкил этилган.

Шаҳар халқ таълими бўлими ходими Меҳри Каримованинг айтишича, бугун бу устахоналарда 7 мингга яқин ўқувчи ҳайдовчилик, тикувчилик, бухгалтерия ҳисоби, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, ЭҲМ оператори, компьютерларга техник хизмат кўрсатиш, чилангарлик, пайвандлаш, металлга техник ишлов бериш ва иш юритувчилик каби 13 та касб сирларини ўрганмоқда. Муҳим томони, ўқувчилар 2 йил давомида 408 соат касбий таълим олиб, ўқув йили якунида 36 соатлик ишлаб чиқариш амалиётини ўтайди. Дейлик, коллежнинг бирор корхона билан ҳамкорлик шартномаси бўлса, ўқувчилар амалиётни ўша корхонада ҳам ўташлари мумкин. Якунда эса касб малакаси бўйича давлат намунасидаги диплом берилади.

Бундан кўринадики, устахона дипломини олган ўсмир ўзи эгаллаган ҳунар бўйича хоҳлаган жойда ишлаб кета олади. Олиши керак. Бироқ шундай бўлармикан?

Мисол учун, Қарши қурилиш касб-ҳунар коллежидаги ўқув ишлаб-чиқариш мажмуасида вилоят марказидаги 5-, 7-, 9-, 36-, 37-, 40-, 44- ҳамда 12-мактабининг 851 нафар ўғил-қизлари касбий таълим олиб, айни пайтда ишлаб чиқариш амалиётини ўташаяпти.

Коллеж директорининг касбий таълим ишлари бўйича ўринбосари Шоди Хўжамовнинг сўзларига кўра, уч юзга яқин ўқувчи тикувчилик, чилангарлик, мебель ясашни коллеж устахоналарида ўрганаяпти. Бир қисми ЭҲМ оператори ҳамда ҳисобчиликни танлаган бўлса, коллеж билан ҳамкорлик шартномаси тузган "Сotton roаd" қўшма корхонасида амалиёт ўтаётганлар ҳам бор. Қолган ўқувчилар ҳам амалиёт ўташ бўйича турли корхона ва ташкилотлар билан шартномалар имзолашган.

Биламизки, "Сotton roаd" вилоятдаги йирик тикув-трикотаж корхонаси саналади. Маҳсулотлари дунёнинг турли бурчакларига экспорт қилинаётган корхонада ўталган амалиёт беиз кетмайди, албатта. Тикувчиликка қизиққан ёшлар ҳафтада бир кун ишлаб чиқариш амалиётида бўлиши мумкин.

21 апрель куни мазкур корхонада тушгача 36-, тушдан сўнг 37-мактаб ўқувчилари амалиёт ўташи белгиланган экан. Бироқ корхона ходимлар йўриқчиси Тўлқин Исматов шанба "короткий день" бўлгани учун иш тушгача давом этишини айтди. Қизиқ, корхонада иш шанбада туш вақтида тугаса, 37-мактаб ўқувчилари нимани, қандай ўрганишади? Шунгача бўлган жараён билан танишишга эса корхона масъулларидан рухсат бўлмади. Негалигини эса билолмадик.

Қарши қурилиш коллежидагиларнинг ҳужжатларида 9-мактабнинг 7 нафар ўқувчиси Халқ демократик партияси Қарши шаҳар кенгашида амалиёт ўтаётгани қайд этилган. Айтишларича, ўқувчилар бу ерда иш бошқарувчилик, ҳисобчиликни ўрганмоқда. Бироқ ХДП Қарши шаҳар кенгашидан ҳеч қандай амалиёт ўталмаётгани, қолаверса, 18 ёшга тўлмаганлар партия билан боғлиқ ишларга жалб этилмаслигини маълум қилишди.

Ҳужжатларга тиркалганига кўра, 5-мактаб ўқувчилари - М.Раззоқова, Ш.Валиев, А.Бобоёрова, А.Шералиев АТБ "Аsia alliance bank" Қарши филиалида иш ўрганаётир. Бироқ филиалдан суриштириб билдикки, банкда ҳеч қандай ўқувчилар амалиёт ўтаётгани йўқ.

Яна бир нечта ўқувчи эса газетачиларга яхши таниш - айрим таҳририятлардан миллионлаб сўм қарздорлиги сабаб судма-суд юрган "Матбуот тарқатувчи кабутар" МЧЖда иш ўрганаётган экан. Қизиқ, бугун деярли фаолият кўрсатмаётган жойда қандай амалиёт ҳақида гап бўлиши мумкин?

Бошқа корхона-ташкилотлар-ку майли, бироқ коллежнинг ўзидаги устахоналарда ҳам ишлар номига экани кўнгилни хира қилади. Буни болалар номига, кун ўтарига келиб-кетаётганидан ҳам билса бўлади. Балки шунинг учундир бундай амалиётлардан ота-оналар ҳам у қадар хурсанд эмас.

- Ўғлим ўтган йили коллеждаги мажмуада автомобилларни созлашни ўрганаётганда, хурсанд бўлгандик, - дейди И.Келдиёрова. - Лекин бу йил уни чилангарлик йўналишига ўтказишибди. Буям ёмон соҳа эмас, лекин амалиётни синф бўйича гаплашиб "ёпишганини" эшитиб, ҳафсалам пир бўлди. Бекорга экан, бориб нима қилади?

Шу ўринда савол туғилади: хўш, ишлаб чиқариш амалиёти номига эканига сабаб нима?

Бирор ҳунар ўрганай деган истакда келиб, истаги рўёбга чиқмай, ҳаммасини ўз ҳолига ташлаб қўйган ўқувчини айблаш керакми?

Ё ишлаб чиқариш амалиётини ортиқча бошоғриқ санаб, ўқувчиларнинг қизиқишию, ҳунар ўрганишига эътиборсиз қараётган муаллимларними?

Ё тушликдан кейин иш тугайди, деб эшиги олдидаги амалиётчиларни бездираётган корхонадагиларними?

Аслида бундай ўқув-услубиёт мажмуаларини ташкил этишдан мақсад меҳнат бозори учун махсус ҳамда чуқурлаштирилган тайёргарлик талаб этилмайдиган касблар бўйича рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, ёшларнинг мактабни тугатгач, ишга жойлашиши ёки кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, ҳунармандчилик билан шуғулланишлари учун эди. Бунга масъул мутасаддилар ана шу мақсадни илғамаган шекилли, номига йўлга қўйган амалиётлари билан ўғил-қизларнинг вақтини ўғирлашмоқда, келажак ҳақидаги тасаввурларимизни хиралаштираяпти, миллатни алдаяпти.

Ёш авлодни катта ҳаётга шу аҳволда тайёрлаяпмизми? Бу ҳолда улардан жамият нима ютадию, уларнинг ўзи не наф кўради? Болаликдаги эртакни нега ёдга олганимизни илғагандирсиз...

С.АЛЛАЁРОВА