Тиббиёт 09.05.2019 150

ҲАМШИРА МАСЪУЛИЯТИ

12 май - Халқаро ҳамширалар куни

ҲАМШИРА МАСЪУЛИЯТИ

аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатишда муҳим ўрин тутади

Ҳамшира ҳақида сўз кетаркан, тиббиётнинг турли бўғинида кунни тунга улаб ишлаётган ходимлар кўз ўнгимизда гавдаланади. Тиббий-илмий марказлардан тортиб оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктларигача тиббий маслаҳат ёки кўмак сўраб келган инсонга энг аввало улар пешвоз чиқади. Бугун вилоятимизда 33 минг 900 нафар ҳамшира эл соғлиғини асраш йўлида хизмат қилмоқда.

- Аҳолига малакали тиббий ёрдамни ташкил этиш учун, аввало, ҳамшираларнинг билими, малакасини ошириш, касбий маҳоратини юксалтириш, ўз ишига масъулиятини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш  бошқармаси бош ҳамшираси Елена Парембо. - Шундан келиб чиқиб, тиббиёт институтлари қошида анестезиология ва реанимация, хирургия, акушерлик ва менежмент йўналишлари бўйича олий маълумотли ҳамшираларни тайёрлаш бўлимлари очилди ва унда 56 нафар ҳамшираларимиз таълим олди. Улар айни пайтда барча муолажаларни бажариб,  янги технологиялар билан мукаммал ишлайди, беморнинг аҳволига баҳо бериб, касаллик белгилари асосида ҳамшира ташхиси қўяди, бемор муаммоси бўйича  мустақил режа тузиб ишлай олади. Келгусида бундай малакали ҳамширалар сонини ошириб бориш мақсад қилинган.

Шу ўринда аҳолини мақсадли патронаж билан қамраб олиш, тиббий маданиятни ошириш ҳамда оила ва таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида ҳар бир маҳаллада жамоатчилик асосида "Саломатлик мактаблари" ташкил этилганини ҳам таъкидлаш жоиз.

- Оилаларга ўрта тиббиёт ходимининг қатнови кўпайгани сари хонадон аъзоларининг ўз саломатлигига эътибори кучайиши кузатилмоқда, - дейди Қарши туманидаги Ўзбекистон мустақиллиги қишлоқ врачлик пункти патронаж ҳамшираси Зуҳра Санаева. - Меҳнат фаолиятимга 33 йил бўлган бўлса, шунинг 22 йили патронаж хизматида ўтаяпти. Ҳудудимдаги Мевазор маҳалласи Наврўз қўрғонида 162 хонадонда 890 киши истиқомат қилади. Режа асосида хонадонма-хонадон юриб, аҳоли соғлиғини назорат қилиб борамиз. Одамларнинг саломатлигидан шикояти бўлмаса, бизга билдирилган ишончни оқлаган бўламиз. Бунга  "Йилнинг энг яхши патронаж ҳамшираси" кўрик-танловининг вилоят босқичида ғолиб чиққанимда, яна бир бор амин бўлдим.

Шоҳиста БОЗОРОВА