Сўнгги янгиликлар 04.12.2018 78

ҚАНДЛИ ДИАБЕТ БИЛАН КАСАЛЛАНГАН БЕМОР БОЛАЛАР УЧУН ХАЙРИЯ АКЦИЯСИ

ҚАНДЛИ ДИАБЕТ БИЛАН КАСАЛЛАНГАН БЕМОР БОЛАЛАР УЧУН ХАЙРИЯ АКЦИЯСИ

Қарши шаҳрида "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди  ташаббуси билан қандли диабет билан оғриган  болалар учун хайрия акцияси ташкил этилди.

Бемор болалар ҳамда кам таъминланган оила фарзандларига амалий кўмак бериш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оилада тиббий маданиятни ошириш мақсадида ташкил этилган ушбу акция доирасида вилоят эндокринология диспансерида 1-турда  назоратда турган 204 нафар қандли диабети бўлган болаларга қондаги қанд миқдорини тезкор аниқлайдиган тиббий асбоблар - глюкометр, тест полоскалар топширилди. Ота-оналар ва шифокорлари билан етиб келган ёш беморларга ушбу тиббий асбоблардан фойдаланиш тартиб-қоидалари батафсил тушунтирилди.

Таъкидлаш жоизки, кўп йиллар давомида одамлар бу касаллик билан қандай курашишни билмас эдилар. "Қандли диабет" ташхиси беморга нафақат тузалиб кетишга, балки яшашга ҳам умид қолдирмасди. 1922 йилнинг январь ойида канадалик ёш олим Фредерик Бантинг инсулин моддасини инъекция қилиб, ушбу касалликнинг оғир формаси билан хасталанган 14 ёшли боланинг ҳаётини сақлаб қолади. Гарчи қандли диабет касаллигини бугунги кунда ҳам тўлиқ бартараф этиш имконсиз бўлса-да, инсулин ёрдамида хасталикни назоратда ушлаб туриш мумкин. Бу кашфиёт миллионлаб инсонлар ҳаётини асраб қолишга имкон яратди.

Шоҳиста БОЗОРОВА