Сўнгги янгиликлар 31.05.2019 83

ҲАР БИР ФАРЗАНДГА МЕҲР-ЭЪТИБОР!

1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни

1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан юртимизда мунтазам равишда “Ҳар бир фарзандга меҳр-эътибор!” мавзусида ҳафталик ташкил этилади. Унда тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда турли тадбирлар, тантаналар ташкил этилади, қизиқарли театрлашган томошалар, концерт дастурлари, ижодий кўргазмалар, спорт мусобақалари ва оммавий сайиллар уюштирилади. Шундай тадбир Қамаши туманидаги 4-Меҳрибонлик уйида ҳам  ташкил этилди.

- Муассасамизда айни пайтда 114 бола тарбияланаяпти, - дейди Меҳрибонлик уйи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Рўзибой Абдиев. –  “Моҳир қўллар”, каштачилик, рассомчилик каби  тўгараклар ташкил этилган. Барча спорт анжомлари билан жиҳозланган спорт тўгараклари ишлаб турибди. Бундан унумли фойдаланаётган иқтидорли болалар вилоят, республика кўрик-танловларида юқори натижаларни қўлга киритмоқда.

- Бу ерда вақтимиз қандай ўтганини билмаймиз, - дейди тарбияланувчи Чеҳроза Қаҳрамонова. – Болаларнинг бири акам, бири опам, бири синглим, бири укамдек бўлиб қолган. Тарбиячиларимизни эса ўз онамиздек биламиз. Бўш вақтларимизда китоб ўқиймиз, телевизор кўрамиз, компьютерда ишлаймиз. 9-синфни тугатдим. Дизайнерликка жуда қизиқаман. Рассомчилик бўйича республика кўрик-танловларида юқори ўринларни қўлга киритиб келаяпман. Бугунги тадбир жуда мазмунли ўтди, ҳамма ўз иқтидорини намойиш этди.

Тадбир бир пиёла чой устида концерт дастури билан давом этиб, болажонларга байрам совғалари топширилди.

Ш.БОЗОРОВА