Тиббиёт 01.12.2018 81

ҲАР ДАҚИҚАДА 5 КИШИ ОИВ ИНФЕКЦИЯСИ ЮҚТИРАДИ

Бугун - Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни

ҲАР ДАҚИҚАДА 5 КИШИ ОИВ ИНФЕКЦИЯСИ ЮҚТИРАДИ

БМТ маълумотига кўра, ОИТС Ер юзида истиқомат қилаётган 37 миллиондан ортиқ беморни ўз исканжасига олган. Ачинарлиси, ҳар йили 2,7 миллион одам ОИВ/ОИТС вирусини юқтиради, эпидемия туфайли йилига 2 миллион киши ҳаёт билан видолашади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйича бир кунда 7000, бир соатда 300, ҳар дақиқада 5 киши ОИВ инфекциясини юқтиради.

ОИВ нима?

ОИВ - одам иммунтанқислиги вируси бўлиб, у қондаги лимфоцитларни емиради. Лимфоцитлар организмга ёт бўлган касаллик қўзғатувчи микроорганизм (бактерия, вирус, замбуруғ)ларни аниқлаб, уларни парчалаб ташлаш, зарарсизлантириш вазифасини бажаради. Шунинг  ҳисобига касалликка чалинмаймиз, чалинсак ҳам тез соғаямиз.

Бу нимага олиб келади?

Қонда лимфоцитларнинг камайиши организм ҳимоя тизимининг кучсизланиб боришига олиб келади.

ОИВ юқиши ОИТС касаллигининг бошланиши дегани эмас. Вирус организмга тушгандан кейин 5-10 йил яширин яшаши, бу давр ичида касаллик белгилари юзага чиқмаслиги, одам ўзини соғлом ҳис қилиши мумкин. Касалликнинг яширин даври атрофдагилар учун хавфли бўлиб, одам билиб-билмай вирусни бошқаларга юқтириши эҳтимоли катта.

ОИТС нима?

ОИТС - орттирилган иммун танқислиги синдроми - ОИВ инфекциясининг касалликлар ривожланадиган сўнгги даври ҳисобланади. Соғлом одамларга қараганда ОИВ юққанларда ўпка сили ривожланиш хавфи юқорироқ бўлади. Шундай микроорганизмлар мавжудки, улар соғлом одам учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди. ОИВ юққанда эса, ҳатто шу микроорганизмлар ҳам касалликларни юзага келтириши мумкин. Пневмоцистли зотилжам, Капоши саркомаси (терининг ўсма касаллиги) каби кам учрайдиган касалликлар шулар жумласига киради. Улар охир-оқибат ўлимга олиб келади.

Тарихи

 

ОИВ/ОИТС вируси Африкада айрим донорларнинг қонида 1970-йиллар бошида қайд этилган, 1976 йилда эса донор-негр аёлда топилган.      Кейинчалик бундай муаммолар 1981 йилда АҚШнинг Атланта шаҳридаги касалликларни назорат қилувчи марказда янги хасталик сифатида рўйхатга олинган ва унга ОИТС деб ном берилган.

ОИВни топгани учун француз олими Люк Монтанье орадан 25 йил ўтиб 2008 йилда Нобель мукофотига муносиб топилган. Яъни олим 1983 йилда касал эркакдан ретровирус ажратиб олгач, у   Т-лимфоцитларини ҳалок этувчи вирус эканлигини айтган.

Юртимизда

Бизда ОИТС илк маротаба 1987 йили хориждан келиб ўқиётган талабалар орасида қайд этилган. Ўша йили республика СПИД диагностика маркази ташкил қилинган. ОИВ инфекцияси билан касалланган биринчи ўзбекистонлик эса 1989 йили аниқланган. Маълумотларга кўра, республикамизда 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, 38 мингга яқин, вилоятда эса 186 нафар ОИВ/ОИТС билан касалланган бемор рўйхатга олинган.

Белгиланган чоралар

Мамлакатимизда мазкур инфекция тарқалишига қарши кураш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилиши натижасида кейинги йилларда бу борадаги эпидемик вазият бироз барқарорлашган. Ушбу инфекция билан касалланганлар сони 2017 йилда 2013 йилга нисбатан 222 нафарга (5 фоиз) камайган. Бироқ бу билан ОИТС энди хавфсиз касалликка айланди, дея хотиржамликка берилиб бўлмайди.

ОИВ қандай юқади?

- ОИВ/ОИТС билан касалланган одам билан жинсий алоқага киришганда;

- укол ва томизғич (капельница) учун аввал ишлатилган ёки нотўғри стерилланган игнадан фойдаланилганда, агар игна ОИВ/ОИТС билан касалланган қонга теккан бўлса;

- ОИВ/ОИТС билан касалланган онадан болага ҳомиладорлик, туғиш ва кўкрак билан боқиш даврида юқиши мумкин;

- ОИВ/ОИТС билан касалланган қон бошқа одамга қуйиш учун ишлатилганда;

- стоматология ёки бошқа даволаш хоналари, сартарошхона ва гўзаллик салонлари каби жойларда аввал ишлатилган ёки нотўғри стерилланган асбоблардан фойдаланилганда, агар асбоблар ОИВ/ОИТС билан касалланган қонга теккан бўлса.

Касаллик юқиш хавфи юқори бўлган гуруҳларга:

гиёҳванд моддаларни томир орқали қабул қилувчилар;

фоҳишалар;

тартибсиз жинсий ҳаёт кечирувчи шахслар;

бесоқолбозлар;

даволаш муассасаларининг даволанувчилари, шунингдек, қон қуйилган шахслар;

озодликдан маҳрум этилган шахслар;

ОИВни юқтирган оналардан туғилган болалар киради.

Инфекцияни қандай аниқлаш мумкин?

Бунинг учун қон вирусга қарши ишлаб чиқариладиган антителоларга таҳлил қилинади. Таҳлилнинг энг кенг тарқалган ва ишончли усули - ИФА, яъни иммун фермент анализ (таҳлил) ҳисобланади. Таҳлилнинг "мусбат" натижаси қонда вирусга қарши антителолар мавжудлигидан, яъни одамга ОИВ юққанлигидан далолат беради. "Манфий" натижа эса, айни вақтда қонда вирусга қарши антителолар йўқлигини, яъни одамга ОИВ юқмаганини ёки одамга ОИВ юққану, лекин қонда вирусга қарши антителолар етарли эмаслигини билдиради.

Қонда антителолар вирус юққанидан кейин маълум вақт ўтиб ҳосил бўлади. Бу 3 ҳафтадан 6 ойгача бўлган муддатни ташкил этади. Юқиш хавфи юзага келган вақтдан бир неча кун ўтиб қонни таҳлил қилдириш ҳеч қандай маъно касб этмайди. "Очиқ давр" деб юритилувчи ушбу даврда таҳлил барибир "манфий" натижа беради. Қонни юқиш хавфи юзага келган кундан 3-6 ой ўтиб, таҳлил қилдириш аниқроқ натижа олиш имконини беради.

Клиник кўринишлари

Вирус организмга тушгандан кейин кўпчилик одамларда ҳарорат кўтарилади, лимфа тугунлари катталашади, шамоллаш ёки ангина белгилари кузатилади. Бу касалликнинг ўткир даври бўлиб, тезгина ўтиб кетади. Вирус тушганидан 6-8 ҳафта ўтиб, организмда антителолар ҳосил бўла бошлайди.

Битта ОИВ ҳар куни миллионлаб янги вируслар ишлаб чиқариб, кўпайишни давом эттиради, иммун тизим эса инфекцияни назорат остига олиб, унга қарши фаол курашади. Организм билан вируснинг курашиш жараёни, вируснинг иммун тизимдан устун келиш давригача давом этади. Айнан шу даврдан ОИТС бошланади.

2030 йилгача эпидемия тугатиладими?

UNAIDSнинг маълумотларига кўра, ОИТС билан касалланганларнинг 25 миллиони Африкада яшайди. Инфекция вируси топилганидан бери тахминан 78 миллионга яқин киши уни юқтирган. Уларнинг ярмидан кўпи ҳаётдан кўз юмган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, яқин 15 йил ичида хасталик эпидемиясини тугатиш учун 2020 йилгача одам иммунитети вирусини юқтирганларнинг 90 фоизи хасталик диагнозини билиши, даволаниши ва организмида ушбу вирус хуружини жуда паст даражага келтириши лозим.  Демак, аввало, тарғибот, профилактик ишларга эътибор қаратиш керак.

Юқтирмаслик учун нима қилиш керак?

Бу саволга беморларнинг ўзи ҳам, шифокор-мутахассислар ҳам бир хил жавоб беради: пок ва соғлом ҳаёт кечириш!

Олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот тадбирлари натижасида кўпчилик ўртасида ОИТСнинг ҳалигача давоси топилмаган ва ўлимга олиб борадиган юқумли хасталик экани ҳақида тасаввур бор. Аммо инсон унутувчан. Касаллик томон кўр-кўрона қадам ташлайди. Бу одимлар одатда гиёҳвандлик, фаҳш йўлидан ўтади, борар манзил эса аниқ - ўлим. Буни ҳеч қачон ёддан чиқармаслик керак.

Манбалар асосида Ш.БОЗОРОВА тайёрлади.