Қишлоқ хўжалиги 24.09.2019 132

ҲАР ҚЎШИМЧА ТАРМОҚ — КАТТА ИМКОНИЯТ

Фермер ва давр талаби

Юртимизда фермерлик ҳаракати йўлга қўйилган илк даврларда аксарият фермер хўжаликлари асосан пахта ёки ғалла етиштириш фаолияти билан шуғулланарди. Улар шартнома режаларини ортиғи билан бажарганда ҳам у қадар катта наф кўрмасди, иши ривожланиб кетмасди. Юксалиш, молиявий имкониятларини ошириб бориш, том маънода йирик тадбиркорлик субъектига айланиш учун эса қўшимча фаолият турларини йўлга қўйиш зарурлиги яққол кўзга ташланиб қолганди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳукумат даражасида фермер хўжаликларини кўп тармоқли фаолиятга ихтисослаштириш ва пировард натижада ҳудудларнинг ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш салоҳиятини юксалтириш, қўшимча иш ўринларини яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Ўз навбатида, давр шиддатини тўғри англаган, тадбиркорлар учун яратилаётган шарт-шароитлар, берилаётган имтиёз ва имкониятлардан фойдаланган фермерлар аллақачон бир неча тармоқларни ишга туширди. Натижада иқтисодий имкониятларини оширишга эришди, содда қилиб  айтганда "қўли узайди".

Чироқчи туманидаги "Мавлонов Меҳрож Алимардон ўғли" фермер хўжалиги ҳам дастлаб фаолиятини пахта ва ғалла етиштиришдан бошлаган. Ўтган йили эса хўжаликда яна бир қўшимча фаолият тури - чорвачилик тармоғи йўлга қўйилди.

- Бугун мамлакатимизда гўшт, сутни қайта ишлаш салмоғи ортиб бораяпти, - дейди фермер Алимардон Омонов. - Бундай корхоналар сонининг кўпайиши чорвачилик маҳсулотларига бўлган талабни ҳам ошириши табиий. Бизда эса хом ашё етиштириш имкони бор. Шунинг учун чорвачилик тармоғини йўлга қўйишга қарор қилдик. Ўтган йили Украинадан 29 бош зотдор сигирларни олиб келгандик. Бир йил ичида 24 бош бузоқ олишга ҳам эришдик. Айни сигирлардан соғилган сутни шартнома асосида ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларига етказиб бераяпмиз. Келгусида молларимиз бош сонини кўпайтириб, аҳоли ва тадбиркорларга наслли моллар етказиб бериш, шунингдек, етиштирилган хом ашёни қайта ишлашни ўзимизда ташкил этиш ҳам режамизда бор.

Миришкор туманидаги "Гумбазкўл" фермер хўжалиги ҳам пахта ва ғалла етиштириш билан бир қаторда, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик тармоқларини йўлга қўйган. Бу эса хўжаликнинг иқтисодий фаолиятидан келадиган даромад янада юқори бўлишини таъминламоқда.

- Қарийб 90 гектар ер майдонимиз бор, - дейди фермер Анвар Жомуродов. - Шундан 40 гектарида ғалла ва пахта етиштирсак, қолганига чорва учун озуқа экамиз. Чунки, сўнгги йилларда чорвачилик ҳам асосий фаолият турларимиздан бирига айланиб улгурди. Айни пайтда 206 бош йирик шохли мол, шунингдек, бир неча бош от ва туяларимиз бор. Бундан ташқари, товуқ, қуён, асалари ҳам боқаяпмиз. Натижада даромад ортиб, яна янги-янги ишларга сармоя киритиш учун имконият туғилаяпти. Масалан, ўтган йиллар ичида бир нечта унумдор  қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилдик. Бугун улар ёрдамида ўзимизнинг далалар билан бир қаторда бошқа хўжаликларнинг ҳам юмушларини шартнома асосида бажариб бераяпмиз. Яъни, эндиликда бу соҳадан ҳам даромад келмоқда.

Дарҳақиқат, фақат битта тармоқни ушлаб, келаётган даромадга қаноат қилиш бугунги давр учун бегона. Талаб ҳам қатъий. Буни тўғри англаб, шунга монанд ҳаракат қилаётган, янги-янги лойиҳаларни рўёбга чиқараётган фермер борки, соҳада янада катта ютуқларга эришмоқда. Шу аснода эл-юрт фаровонлигига, қишлоқлар ободлигига ҳисса қўшаяпти. Аслида фермерлик ҳаракатидан кўзланган мақсад ҳам ана шу: ҳар бир фермер аҳолининг фаровон ҳаёти, қишлоқ тараққиётига ҳисса қўшадиган етакчи кучга айланишига эришишдир.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: "Мавлонов Меҳрож Алимардон ўғли" фермер хўжалиги фаолиятидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.