Сўнгги янгиликлар 30.08.2019 201

ҲАРБИЙ ҚИСМДАГИ ТАДБИРДАН СЎНГ

Тадбир

ҲАРБИЙ ҚИСМДАГИ ТАДБИРДАН СЎНГ

бир гуруҳ вояга етмаганлар профилактик ҳисобдан чиқарилди

Муборак туманидаги ҳарбий қисмларнинг бирида "Мен Ватанимга хизмат қиламан!" шиори остида ҳарбий спорт-соғломлаштириш кунлари ташкил этилди.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондонлиги ҳамда Ўзбeкистон Ёшлар иттифоқи вилоят кeнгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ички ишлар идораларида профилактик ҳисобда турган бир гуруҳ вояга етмаган ёшлар иштирок этди.

Мақсад уларни ижтимоий-маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш бўлган тадбирнинг биринчи куни ёшлар ҳарбий хизматчилар билан суҳбатда Ватан посбони бўлиш учун қандай хислатлар зарурлиги, бу касбнинг шарафи, шу билан бир қаторда машаққат ва масъулияти ҳақида кенг тушунчага эга бўлди. Ватан ва ватанпарварлик туйғулари акс этган тароналарни жамлаган концерт дастури тадбирга янада шукуҳ бағишлади.

Тадбирнинг кейинги кунида иштирокчилар ҳарбий шаҳарчада ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига  яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, ҳарбий қурол-яроғ ва техникалар кўргазмаси ёшларда янада катта таассурот қолдирди.

Ҳарбий спорт-соғломлаштириш кунларида ташкил этилган ўқув машғулотларида фаол иштирок этган, намунали  хулқи билан тeнгдошларига ўрнак бўлган ёшларга эса муддатидан олдин профилактик ҳисобдан чиқариш учун тавсияномалар бeрилди.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Суратда тадбирдан лавҳа.