Жараён 14.05.2019 176

ҲАРБИЙ ХИЗМАТГА ТАНЛАШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?

Қарор ва ижро

Фуқароларимиз Ўзбекистон Республикасининг "Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида"ги Қонуни талабларига мувофиқ ҳарбий хизматни ўтайдилар. Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш жараёнида фарзандларининг ҳарбий хизматга олинмагани тўғрисидаги ёхуд ҳарбий хизматга бориши учун ёрдам беришни сўраб ёзилган аризаларга ҳам дуч келинади. Яқин ўтмишга назар ташласак, бир вақтлар икки ёки уч йиллик хизматга бормаган йигитлар бўлмагани, кейинчалик ҳарбий хизматга боришни истамовчилар кўпайгани, бугунги кунда эса ҳарбий хизматга олинмаганидан шикоят қилувчилар сони ошганининг гувоҳи бўламиз.

Хўш, ҳарбий хизматга чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби қандай? Бу борада 2019 йил 9 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг "Чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 291-сонли қарори қабул қилиниб, Чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланганини қайд этиш жоиз. Низом асосида чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка жалб этиш ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафидаги муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун танлаб олиш тартиби белгиланди. Шунингдек, Низомнинг 1-иловасида белгиланган таркибда туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан тузиладиган Чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш, улар билан касбий танлов ҳамда якка тартибда суҳбат ўтказиш бўйича кенгашни тузиш тартиби ва 2-иловага мувофиқ Чақирилувчиларни танлаб олиш тадбирларининг схемаси белгилаб берилди. Чақирилувчиларни танлаб олиш тадбирларининг схемасида босқичлар, тадбирлар, масъуллар ва муддатлар кўрсатилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгаши раисининг биринчи ўринбосари - Танлов кенгашига раислик қилади. Туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудири ўринбосари, "Нуроний" Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси вакили, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳудудий кенгаши вакили, туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари, умумий ўрта таълим муассасаларининг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари ва чақирилувчиларнинг ота-оналаридан вакиллар - танлов кенгаши аъзолигига киритилади. Танлов кенгаши аъзоларининг иш жойи, лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақлари танловга жалб қилинган вақт мобайнида тўлиқ сақланади.

Туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан чақирилувчиларни танлаб олиш тартибларини ташкил этиш, суҳбат ўтказиш жойлари белгиланади. Ҳарбий хизматга яроқли бўлган чақирилувчилар рўйхати туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимлари томонидан шакллантирилади. Чақирилувчилар танловда бир йилда фақат бир марта иштирок этиши мумкин. Туман (шаҳар) чақирув комиссиялари Танлов кенгаши томонидан берилган тавсия асосида чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка жалб этиш ёки муддатли ҳарбий хизматга чақириш ҳақида қарор қабул қилади.

Низом талаблари асосида танлов чақирув йилидан аввалги йилнинг 10 августидан чақирув йилининг 10 февралига қадар ўтказилади. Танлов Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг умумий раҳбарлиги остида ташкил этилади ва амалга оширилади. Танловга чақириш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этиш ҳуқуқига эга бўлмаган, соғлигининг ҳолати бўйича ҳарбий хизматни ўташга яроқли бўлган фуқаролар яшаш жойидаги туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўйича бўлимларга мурожаат қилишлари керак. Танловга фуқаролик паспортлари асосида киритилади.

Танловда чақирилувчиларнинг қайси жиҳатларига эътибор қаратилиши кўпчилик учун қизиқ.

Биринчидан, тегишли нормативларни қабул қилиш орқали умумжисмоний тайёргарлик даражаси кўрилади. Бу жараёнда турникка тортилиш, 100 ва 3000 метрга югуриш баҳоланади. Турникка 12 маротабадан кўп тортилса аъло, 7 маротабагача тортилса қониқарсиз, 100 метрга 14 сонияда югуриб борса аъло, 15,1 сониядан ошиқ вақтда югуриб борса қониқарсиз, 3000 метрга 12,40 дақиқа ичида югуриб борса аъло, 14 дақиқадан ошиқ вақтда югуриб борса қониқарсиз ва тегишли тартибда яхши, қониқарли баҳоларни олади. Битта қониқарсиз баҳо олган чақирилувчи умумжисмоний тайёргарлик нормативларини топшира олмаган ҳисобланади, нормативларни такроран топширишга рухсат берилмайди. Баҳолар қайдномаси Танлов кенгаши аъзолари ҳамда чақирилувчи томонидан имзоланади. Умумжисмоний тайёргарлик нормативларини топширмаган чақирилувчилар касбий танлов тадбирларига қўйилмайди.

Иккинчидан, компьютердан фойдаланган ҳолда бериладиган саволларга тўғри жавобларни белгилаш йўли билан ўтказиладиган касбий танлов 25 нафар чақирилувчига мўлжалланган компьютер хоналарида ўтказилади. Саволлар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тузилиб, компьютерга жойлаштирилади. Саволларнинг сони 60 тани ташкил қилиб, уларга жавоб бериш учун 1 соат 30 дақиқа вақт берилади. Касбий танлов бошланганда, хонада фақат танлов кенгаши аъзолари бўлиши мумкин.

Касбий танлов ўтказиладиган хонага китоблар ва уяли телефонлар олиб кириш мумкин эмас. Савол-жавобларнинг якуний баҳоси автоматик тарзда компьютер мониторида кўринади. Ота-оналар ҳам бу жараённи кузатиб бориши мумкин. 56-60 та саволга тўғри жавоб учун аъло, 51-55 та саволга тўғри жавоб учун яхши, 46-50 та саволга тўғри жавоб учун қониқарли ва 45 та ҳамда ундан кам саволга тўғри жавоб учун қониқарсиз баҳо қўйилади. Баҳолар қайдномада расмийлаштирилиб, Танлов кенгаши аъзолари ва чақирилувчилар томонидан имзоланади. Касбий танловни такрорий топширишга ҳамда қониқарсиз баҳо олганлар якка тартибда ўтказиладиган суҳбатга қўйилмайди.

Учинчидан, якка тартибда суҳбат ўтказиш хонаси видеокузатув камералари билан жиҳозланган бўлиши керак. Бу билан суҳбат жараёнининг шаффофлиги ва очиқлиги таъминланади. Якка тартибда суҳбат ўтказиш - Ўзбекистон тарихи, Амир Темур (тузуклари) ва бошқа улуғ аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолиятига оид билимларни аниқлаш орқали амалга оширилади. Суҳбат коллегиал принцип бўйича Танлов кенгаши томонидан ўтказилади.

Суҳбат жараёнида чақирилувчининг ҳарбий хизматга боришдан мақсади, етакчилик фазилатлари, ақлий қобилияти ва бошқа хусусиятларига аниқлик киритилади. Суҳбат якунида Танлов кенгаши аъзолари томонидан қабул қилинган қарорга мувофиқ тавсия расмийлаштирилади. Ушбу тавсия Танлов кенгаши аъзолари томонидан имзоланиб, чақирилувчи томонидан ҳам танишганлиги тўғрисида имзо қўйилади.

Танлов натижасидан норози бўлган чақирилувчи натижа эълон қилингандан уч иш куни давомида апелляция комиссиясига ёзма равишда мурожаат қила олади. Апелляция мурожаатларини кўриб чиқиш учун вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари раҳбарлигида вилоят халқ таълими бошқармаси, "Нуроний" Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳудудий кенгаши вакилларидан иборат апелляция комиссияси ташкил этилади.

Мазкур комиссия апелляция шикоятини икки иш куни ичида чақирилувчи иштирокида кўриб чиқиши керак. Апелляцияни кўриб чиқиш натижаси бўйича баённома тузилиб, комиссия раиси ва аъзолари томонидан имзолангач, баённомадан кўчирма чақирилувчига топширилади. Апелляция комиссиясининг баённомаси устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиш мумкин. Танлов натижаларига оид ҳужжатлар икки йил давомида туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимларида сақланади.

Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш - Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг муқаддас бурчи эканлиги Конституциямизда белгилаб қўйилган. Бу бурчни бажаришга интилиш мақтовга лойиқ ва шу сабаб бу борада ёшларга кўмаклашиш, ҳарбий хизматга чақирилувчиларни танлаб олишда одиллик, ошкоралик принципларига қатъий риоя қилиш керак. Вазирлар Маҳкамасининг бу борадаги қарори шу эзгу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари