Таълим 16.07.2019 271

ҲАРБИЙ-ВАТАНПАРВАРЛИК ЙЎНАЛИШИГА ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН СИНФЛАРДА ЎҚИШ УЧУН…

Таълим

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Миллий гвардия қўмондонлигининг қўшма қарорига мувофиқ, умумий ўрта таълим мактабларида ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослаштирилган синфлар ташкил этилиб, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ўқишга қабул амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда ихтисослаштирилган синфлар республикамизнинг ҳар бир вилоятида 4 тадан бўлиб, Қашқадарё вилояти бўйича Қарши шаҳридаги 45-, Шаҳрисабз шаҳридаги 2-, Нишон туманидаги 35- ва Ғузор туманидаги 53-мактабларда ташкил этилган. Республика бўйича ҳар йили ҳар бир ихтисослаштирилган синфга 26 нафардан, жами 56 та синфга 1456 нафар ўқувчи қабул қилинади.

Ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослаштирилган синфларга умумий ўрта таълим мактабларининг 6-синфини муваффақиятли якунлаган, чуқурлаштириб ўқитиш белгиланган ўқув фанларидан муайян қобилиятини кўрсата олган ўқувчилар ўқишга қабул қилинади.

Тегишли фанлар бўйича тест ҳамда жисмоний тайёргарлик синовлари Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бошқармалари томонидан ўтказилади. Ихтисослаштирилган синфларга кириш учун тест синовлари 60 дақиқа, жисмоний тайёргарлик синовлари 120 дақиқа давом этади. Ўқувчиларнинг танловдаги кўрсаткичлари тенг бўлиб қолган ҳолларда қуйидаги номзодларга имтиёзлар берилади: 6-синф рейтинг баллари бўйича кўрсаткичлари юқори бўлган болалар; ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар; кам таъминланган оилалар фарзандлари.

Ихтисослаштирилган синфларга 2019/2020 ўқув йили учун навбатдаги қабул эълон қилинди. Ҳужжатлар   1-20 июль кунлари топширилиб, танлов 5-20 август кунлари оралиғида ўтказилади. Танловда иштирок этиш учун ўқувчилардан қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади: ихтисослаштирилган синф ташкил этилган умумий ўрта таълим мактаби директори номига ариза; туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси; психоневрологик, силга қарши ва тери-таносил касалликлари диспансерлари, электрокардиография текшируви (ЭКГ) бўйича тиббий маълумотномалар; 3х4 ҳажмдаги 6 та фотосурат; фанларни ўзлаштириши тўғрисида ўқиш жойидан директор томонидан тасдиқланган маълумотнома; ўқиш жойидан тавсифнома; маҳалла фуқаролар йиғинидан тавсифнома ва маълумотнома.

Ихтисослаштирилган синфларга танловнинг якуний натижалари 5 кун ичида комиссия томонидан эълонлар тахтасига осиб қўйилади. Танловни ўтказиш жараёнидан норози бўлган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари амалдаги қонунчиликка мувофиқ мурожаат этишлари мумкин. Танловдан муваффақиятли ўтган ўқувчилар 25 августга қадар ихтисослаштирилган синфлар ташкил этилган умумий ўрта таълим мактабининг директори буйруғи асосида ўқувчилар сафига киритилади.

Мазкур мактаб битирувчилари келгусида "Темурбеклар мактаблари" ва республикамиздаги олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқиши ҳамда келажакда ўқишни битирган офицерлар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида хизмат қилиши режалаштирилган. Бир сўз билан айтганда, мақсад ёшларимизни илмли, соғлом, мард, ватанпарвар, фидойи, жисмонан ва маънавий ютук инсон қилиб тарбиялашга қаратилган.

Абдишукур ОМОНОВ,

ҳуқуқшунос