Жараён 20.09.2019 79

АРХИВЛАР МОЗИЙДАН СЎЗЛАЙДИ

Тадбир

Вилоят давлат архивида Ўзбекистон давлат архивлари тизими ташкил топганлигининг 100 йиллиги олдидан очиқ эшиклар куни ўтказилди.

Архив иши ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда вилоят ҳокимлиги, корхона ва ташкилотлар масъул ходимлари, вилоят ва туман давлат архивлари, идоралараро шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар архивлари раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

- Архивларга сўнгги йилларда жиддий эътибор қаратилиб, соҳани ривожлантиришга қаратилган қонунлар, қарор ва бошқа меъёрий ҳужжатлар қабул қилинмоқда, - дейди вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Турсунов. - Бу ўзгаришлар вилоятимизда ҳам ўз аксини топмоқда. Айни пайтда Қашқадарёдаги барча архив муассасалари ўз балансидаги биноларга эга бўлиб, уларда электрон ҳужжатлар алмашинуви тўлиқ йўлга қўйилган. Вилоят давлат архиви сақловидаги ҳужжатлар асосида воҳамизнинг таниқли ёзувчилари, тарихчи олимлари томонидан халқимиз моддий ва маънавий ҳаётининг турли жабҳалари ёритилган китоблар ва рисолалар чоп этилган. Бу борада тарихчи олим Поён Равшановнинг меҳнатини алоҳида таъкидлашни истайман. Олим қарийб 30 йилдан буён  архив муассасалари билан ҳамкорликда иш олиб бориб, кўплаб тарихий-бадиий асарларини халқимизга тақдим этди.

Очиқ эшиклар кунида, шунингдек, вилоят давлат архиви сақловидаги 1924-2017 йилларга оид ҳужжатлар ва суратлар кўргазмаси  ташкил этилди.

- Мен бу ерга келиб, гўё 100 йилни қайта босиб ўтгандай бўлдим, - дейди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, вилоят врачлар ассоциацияси раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Акрам Акбаров. - Бу ерда Ўзбекистоннинг биринчи генерали Жўрабек ва полковник Бобобекнинг ўша даврдаги сиймоларини кўрдим. 1920-йилларда раҳбарлик лавозимида ишлаган Саид Акбархон Мираков ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлдим. Шунингдек, кўпгина устозларим ва мен билан бир вақтда фаолият кўрсатган сафдошларимнинг суратларини кўрдим ва эсладим.

Тадбирда архив иши соҳасида алоҳида намуна кўрсатган архивчи ҳамда соҳа фахрийлари тақдирланди.

Очиқ эшиклар кунида вилоят ҳокими Зафар Рўзиев иштирок этди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Муаллиф олган суратларда: тадбирдан лавҳалар.