Маънавият 09.04.2019 65

ҚАРШИ - БУЮК САРКАРДАГА МУРОД ЭШИГИ БЎЛГАНМИ?

Ўтмиш ва бугун

Тарихдан маълумки, Қарши шаҳри қадимда жуда кўп босқинчилик  урушларини кўрган. Бузилган, вайрон қилинган, ўтда ёниб, кулдан яна қайта тирилган афсонавий қуш - Қақнусдек янги манзилда бунёд бўлаверган.

Тожу тахт учун курашларда ғолиб чиққан чиғатой наслидан бўлган Кебекхон (1309-1326 й) (баъзи манбаларда Кўппакхон, Кепакхон) Қаршини ўз салтанатининг пойтахтига айлантирган. У давлатида маъмурий ва молия ислоҳотлари ўтказган, ўз номидан пул (кепаки) зарб қилдирган, мамлакатни туманларга бўлиб  бошқарган. Қашқадарё  дарёси бўйидаги манзилни пойтахт қилиб танлаган Кебекхон бу жойда ўзига қароргоҳ - қаср қурдиради. Теварак-атрофида яшаган эл бу қароргоҳни Қарши деб атайди, зеро туркийда Қарши - Сарой маъносини англатади. Шундай қилиб, XIV аср бошларидан эътиборан, бу пойтахт шаҳар - Қарши номи билан юритила бошлайди. Жумладан, 1333 йилда Қаршида бўлган Ибн Батута шаҳар ҳақида тўхталиб, у кичик боғлар ҳамда зовур билан ўралганини ва атрофида девор борлигини ёзади.

XIV асрнинг 60-йилларида Қаршига Амир Темурнинг назари тушади. Соҳибқироннинг марказлашган давлат тузиш борасидаги фаолияти айнан Қаршида бошланган. 1365-1366 йилнинг қишида бу шаҳарда мудофаа қалъасини бунёд этган, шаҳарни паноҳ билиб, куч-лашкар тўплаган ва уларга етакчилик қилган. Қалъа ҳақида дастлабки тарихий битик, 1401 йилда Амир Темур билан учрашган, Соҳибқироннинг ўзидан зафарли юришлари ҳақида келажак авлодларга етиб борадиган, йирик бир асар ёзиш тўғрисида топшириқ олиб, уни шараф билан уддалаган Низомиддин Шомийга тегишли.

Низомиддин Шомий ва Шарафуддин Али Яздийнинг "Зафарнома" асарида баён этилишича, "Соҳибқирон қиш фаслини Қаршида ўтказди, ўшанда Қарши қўрғонини қайта кўтаришга киришиб, охирига етказди". "Ҳазрат Соҳибқирон ... Аму суйидан ўтиб, Қаршига тушди. Ва Қарши анинг учун дерларким, Кўппакхон (Кепакхон) Насафдин икки йоғоч йўли йироқ, бир қаср ясаб эрди ва мўғул тилида "қаср"ни "қарши" дерлар. Ул жиҳатдин "Қарши" билан машҳур бўлди. Ҳазрат Соҳибқирон ул қиш анда қишладилар ва Қаршининг қалъа иморатига машғул эрди. Ўшул қишда қалъа иморатини тугаттилар."

Қарши қалъаси улуғ Соҳибқироннинг олий мақсадларини рўёбга чиқарувчи омил, порлоқ истиқбол сари йўл олувчи мурод эшиги бўлган. Бу ҳақда "Зафарнома"нинг "Ҳазрат Соҳибқирон Қаршига келгани" бобида қуйидагича ёзилган: "Ҳар муроднинг гулу гулзор, аммо неда инояти раббоний насимидин очилса, ўзга асбоб ўртада баҳона! Ҳар мурод эшикини орзу халқасин тебратса, таваққуфсиз очилғай ва умид юзини ҳар сориким қилса, мақсуди анга ўтру келғай...!

Дарҳақиқат, Соҳибқирон улуғ мақсадларига эришмоқ учун ҳаракат қилиб юрган навқиронлик кезларида, Қарши шаҳрига умид кўзи билан қараган, бинобарин, бу шаҳар истиқболда тикланадиган салтанат учун мурод эшиги, Қарши қалъаси эса орзу халқаси бўлиб, унга таваққуфсиз очилган бўлса неажаб!

Ибн Арабшоҳнинг "Амир Темур тарихи" ҳамда ноёб қўлёзма "Амир Темур таржимаи ҳоли" (1281 йил ҳижрий, 1835 йил милодий йили Набижон Хатифнинг форсчадан туркийга таржимаси) каби манбаларда ҳам Қарши қалъасига катта ўрин берилган.

Қарши қалъаси қишда, зарурат (лашкар тўплаш, нафсини ростлаб душманга зарба бериш) юзасидан қисқа вақтда бунёд этилган бўлсада, ҳажми анча катта - тўрт томони 630 метрдан, ҳудуди 40 гектар, деворлари ғиштдан, усти эса кунгурали (зубчатка) мустаҳкам мудофаа иншооти бўлган. Деворлардаги сирланган ғиштларнинг қолдиқлари XIX аснинг 60 йиллари охиригача сақланган. Маълумки, қишда лойдан девор кўтариб бўлмайди, Соҳибқирон деворнинг четларини ғиштдан ва ўртасини лойдан тиклаб, қалъа иморатини битказган.

Соҳибқирон Амир Темур шу қалъада лашкар тўплади, ўзининг сиёсий рақиби Амир Ҳусайнни маҳв этиб, олий мақсади - ҳокимиятга эришди. Буюк салтанат тузди. Пойтахт Самарқандни ва туғилган шаҳри Шаҳрисабзни обод қилди, шу билан бирга Қарши шаҳрини, ўзига мурод эшиги бўлган қалъани унутмади.

1385-1386 йилларнинг қишида, орадан 20 йил ўтиб Қаршида қишлади ва қалъа марказида тижорат маркази - Чорсуни, имон-эътиқод маскани - Одина жомеъ масжидини, поклик гўшаси - "Амири ҳаммом"ни бунёд эттирди. Бу билан Амир Темур Қарши регистонига асос солган ва яна қалъа атрофида "Гулшан боғи" ҳамда кўшк барпо қилган.

Қарши шаҳри ва унинг қалъаси Амир Темурга паноҳ, ҳокимиятни қўлга олишда калит шаҳар бўлгани учун бу ерда катта бунёдкорлик ишлари олиб борган. Шунингдек, ўз салтанатини кучли, қудратли давлатга айлантириш, халқ фаровонлиги учун савдо-тижоратни ривожлантириш ҳамда давлатлараро муносабатларни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратган. Чунки шаҳар йўллари савдо карвонлари ва элчилар бемалол келиб-кетадиган, хавфсиз ва обод бўлиши керак эди. Шунинг учун Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз, Қарши ва бошқа шаҳарларда Чорсулар - савдо тижорат марказлари, уларнинг ёнида эса карвонсаройлар қурилган. Бунинг яна бир сабаби, Буюк Ипак йўли Амир Темур салтанатидан ўтиб, Ғарб давлатлари сари йўналган. Чорсуларда нафақат савдо-тижорат ишлари, балки пул алмаштириш ва майдалаш (саррофлик), омонатни сақлаш (банк) ишлари йўлга қўйилган. Ахборотчиларнинг айтишларича, карвонлардан бериб юборилган хат ва бошқа нарсаларни эгаларига топшириш (почта), Чорсу яқинидаги карвонсаройларда тунаш (меҳмонхона) каби мақсадлар ҳам кўзда тутилган. Карвон йўллари қароқчилардан ва йўлтўсарлардан, шаҳарлар ва улардаги бозорлар ўғри-талончилардан тозаланган, бунга халқ орасида: "Салтанат ҳудудида киши бошида олтин танга солинган жом-лаган олиб ўтганда бирор донаси камаймаган!" деган нақл борлиги мисол. Қарши Чорсуси бошқа шаҳарлардагидан ўлчамлари катта (марказий гумбазнинг   диаметри ва тимларининг узунлиги 25 метрдан) бўлгани ҳамда чорраҳа вазифасини бажаргани билан ҳам фарқ қилган.

Афсуски, улуғ Соҳибқирон   бунёд эттирган қалъа ва унинг бош майдони - Регистон барча меъморий обидалари билан йўқ бўлиб кетди. Тарихчилар ва археологлар олдида Амир Темур бунёд эттирган иншоотларни чуқур тадқиқ этиш мақсади турибди.

Қамбар НАСРИДДИНОВ,

 тарих фанлари номзоди, доцент