Сўнгги янгиликлар 09.08.2019 97

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти 57 та ОТМ орасида 49-ўринни "эгаллади"

Рейтинг

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Республика олий таълим муассасалари миллий рейтингини эълон қилди.

Аҳамиятлиси, ушбу рейтингда жами 57 та ОТМ қатнашган бўлиб, улар фаолияти уч асосий мезон - профессор-ўқитувчиларнинг илмий фаолияти; ўқув-услубий ишлар ва ўқитиш сифати; талабалар билими ва битирувчилар сифати бўйича жами 100 баллик тизимда баҳоланган.

Мазкур рўйхатда биринчи ўрин Ўзбекистон Миллий университетига насиб этган. Бу муассаса умумий ҳисобда 69,02 балл тўплаган.

Ушбу рейтингга вилоятимиздаги икки олий ўқув юрти - Қарши давлат университети ва Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти киритилган.

Бу борада энг яхши натижани Қарши давлат университети қайд этган. Мазкур ОТМ миллий рейтингда аввалгидан кўра 23 поғона юқорилаб, 28-ўринни эгаллади. Тўпланган балл 42,14 ни ташкил этди. Қарши давлат университети профессор-ўқитувчиларнинг илмий фаолияти йўналишида 40 дан 9,33 балл, ўқув-услубий ишлар ва ўқитиш сифати борасида 30 дан 8,89 балл, талабалар билими ва битирувчилар сифати бўйича 30 дан 23,92 балл олган.

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти жами 36,22 балл билан тегишли рўйхатда 49-ўриндан жой олди. 1- ва 2-кўрсаткичлар бўйича мазкур ОТМдаги ишлар жуда қониқарсиз баҳоланган.

Шунингдек, ҚМИИ техника ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам тегишли ОТМлар орасида қуйи поғонани "забт этган".

Н.ХЎЖАЕВ