Сўнгги янгиликлар 09.08.2019 114

"ҚАРШИ ОПЕН-2019" ХАЛҚАРО ТУРНИРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Шахмат

Қарши шаҳрида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими Исмат Шукуров хотирасига бағишлаб ўтказилаётган шахмат бўйича анъанавий "Қарши опен-2019" халқаро турнири давом этмоқда. Мусобақа ўйинлари Ўзбекистон шахмат федерацияси томонидан таклиф этилган тажрибали ҳакамлар томонидан бошқариб борилаяпти.

"Қарши опен-2019" мусобақаларида Ўзбекистон, Россия, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон,  Тожикистон, Мўғулистон, Хитой каби ўнга яқин мамлакатлардан 248 нафар шахматчи иштирок этмоқда.

Мусобақада спортчилар ФИДЕ рейтингида эгаллаб турган ўрнига қараб "А" ва "Б" гуруҳларга ажратилган. Улар стандарт (классик) йўналишда 9 турдан иборат баҳсларда қатнашаяпти.

11 августга қадар давом этадиган турнир ғолиб ва совриндорлари диплом, медаль ва пул мукофотлари билан тақдирланиши билан бирга халқаро гроссмейстер, халқаро тоифадаги спорт устаси ва ФИДЕ спорт устаси сингари халқаро унвонларни ҳам қўлга киритиш имкониятига эга бўлади.

Ўз мухбиримиз