Сўнгги янгиликлар 02.08.2019 147

Қарши тумани ИИБ бошлиғи хатти-ҳаракатлари ҳам текширилади

Яқинда Касби тумани ИИБ бошлиғи Чори Кучаровнинг фермерларга нисбатан ғайриқонуний ҳаракати юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан ўтказилган хизмат текшируви ортидан у эгаллаб турган лавозимидан озод этилганди.

Мана, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай интернет нашрларида Қарши тумани ИИБ бошлиғи Баҳодир Арслоновнинг ҳам фермерлар билан ишлаш "услуб"ига оид маълумотлар тарқатилди. Ушбу материал юзасидан эса Ички ишлар вазирлиги жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси ўз муносабатини билдириб, Қашқадарё вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғига ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказиш бўйича топшириқ берилганини маълум қилди.   

Гап шундаки, "Daryo.uz"  нашри эълон қилган "Милиция бошлиғи уйимга бостириб кириб тинтув ўтказгач, болаларим қўрқиб кетган" сарлавҳали материалда Баҳодир Арслоновнинг тумандаги Чароғил қишлоғида яшовчи фермер Бекзод Фармоновни доимий равишда ҳақорат қилиб келиши, 21 июль куни эса унинг хонадонига тўсатдан бостириб кириб, тинтув ўтказгани айтилади. Эътиборни тортадиган жиҳати, ҳудуддаги яна қатор фермерлар ҳам шу каби иддаоларини билдирган.

Хўш, вилоятда нега ички ишлар органлари ходимлари билан боғлиқ бу каби хунук ҳолатлар тез-тез такрор бўлаяпти? Аввал ҳам шундаймиди?

Тан олиш керак, аввал ҳам бундан кам эмасди. Фақат ОАВ бугунгидек фаол, тўғрироғи эркин бўлмаганлиги учун бу каби ҳолатлар ҳақидаги маълумотлар тор доирадан нарига чиқмас, воқеадан кенг жамоатчилик бехабар қоларди. Энди эса бошқа давр, ҳамма янгича ва қатъий қонун доирасида ишлаши талаб этилаяпти. Шундан келиб чиқсак, айрим ички ишлар ходимлари, энг ачинарлиси, улардаги масъул раҳбар лавозимида ўтирган баъзилари томонидан қонун ва хизмат ваколати доирасидан ташқарига чиқиш ҳолатлари учраётгани қатор хулосалар қилишга асос туғдиради. Бинобарин, Қарши тумани ИИБ бошлиғи Баҳодир Арслоновнинг фермер Бекзод Фармонов ва бошқалар баён қилган ҳаракатлари бўйича тайинланадиган хизмат текшируви якунида қандай хулоса қилинишидан қатъи назар, мансабу тегишли органнинг хизмат формасини кийиш ҳеч кимга демократия ва қонун устувор давлатда чексиз ваколат бермайди.  

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили айнан Қарши туманининг собиқ ИИБ бошлиғи Жаҳонгир Ражабов қонун ва хизмат ваколати доирасидан ташқарига чиқиб, фермерларни калтаклагани учун лавозимидан озод этилган ва суд унга икки йил озодликни чеклаш жазоси тайинлаганди.

Ўз мухбиримиз