Сўнгги янгиликлар 06.10.2018 118

ҚАРШИДА КОРЕЯ МАДАНИЯТИ КУНЛАРИ ЎТКАЗИЛДИ

Фестиваль

ҚАРШИДА КОРЕЯ МАДАНИЯТИ КУНЛАРИ ЎТКАЗИЛДИ

4-6 октябрь кунлари Қарши шаҳрида “Корея фестивали – 2018” корейс маданияти тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан ташкил қилинган тадбир кенг жамоатчилик вакиллари, санъат ва маданият, таълим тизими ходимлари, ўқувчилар иштирокида қизғин ва кўтаринки руҳда ўтаяпти.

Дастлаб Қарши санъат коллежида “Ўзбекистон – Корея дўстлиги” мавзусида расмлар танлови ташкил этилди. Унда болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда умумтаълим муассасаларининг тасвирий санъатга ихлосманд юзлаб ўқувчилари икки давлат ўртасидаги дўстлик алоқалари, табиат манзаралари, тинчлик ва Ватан мавзулари акс этган расмлари билан қатнашди. Мавзуни энг яхши тасвирлаб берганлар орасида ғолиблар аниқланиб, вилоят ҳокимлиги ҳамда Жанубий Корея элчихонасининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

- Мен чизган расмда Ўзбекистон ва Корея байроқлари, миллий кийимлари акс этган, - дейди Қарши шаҳридаги 7-мактаб ўқувчиси Диёр Олимов. – Яна икки давлат дўстлиги тимсоли сифатида чарақлаб турган қуёш ва яшил табиат манзараси ҳам бор.

Фестиваль доирасида, шунингдек, Корея миллий таомлари кўргазмаси ҳам ташкил қилинди.

Қарши шаҳар маданият ва аҳоли дам олиш марказида “Корейс фильмлари фестивали”нинг очилиш маросими ҳам ўтказилди. Унда Корея Республикасининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У ҳам иштирок этиб, ўз сўзида икки мамлакат анъаналари ва маданияти яқинлиги, мазкур фестивалнинг ўтказилиши ўзбек ва корейс халқларининг ўзаро маданий алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди.

Кореянинг анъанавий жанг санъати ва замонавий рақсларини уйғунлаштирган “JUMP” мусиқий томоша гуруҳи, Ўзбекистон-корейс маданият марказлари уюшмаси қошидаги “Koryo” ансамблининг дастурий чиқишлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Корейс кино ижодкорларининг “Ғаройиб туш”, “Ветеран” ва “Ким Сон Даил – дарёни сотган йигит” каби фильмлари намойиши йиғилганларни мамнун этди.

С.АЛЛАЁРОВА