Тиббиёт 20.09.2019 140

ҚАРШИДА ВАКЦИНАЛАР САҚЛАШ ОМБОРИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Саломатлик

Бугунги кунда республикамизда юқумли касалликлар бўйича эпидемик вазият барқарорлиги таъминланиб, карантин ва ўта хавфли юқумли касалликлар, полиомиелит, дифтерия, қоқшол касалликлари қатор йиллар мобайнида қайд этилмади. ЮНИСЕФ томонидан болаларни эмлаш бўйича мамлакатимиз миллий иммунизация дастурини кучайтириш ва барқарорлигини таъминлашга амалий ҳамда консультатив ёрдам кўрсатилаяпти.

Қарши шаҳрида вакциналар сақлаш омборининг очилиш маросимида шу ҳақда айтиб ўтилди.

Унда вилоят ҳокимлиги,  Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика санитария-эпидемиология хизмати вакиллари, вилоят соғлиқни сақлаш тизими ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тантанали тадбирда ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Афшин Парси сўзга чиқди ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги вилоят  бошқармаси директори Шербой Шеровга омборхонанинг рамзий калитини топширди.

- Ушбу замонавий вакцина омборхонаси вилоятимизда биринчиси бўлиб, йилнинг ҳар қандай фаслида ичкаридаги ҳавони бир хил сақлайди, - дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги вилоят бошқармаси директори ўринбосари Собир Муродов. - Омборхона бир ёшгача бўлган 78 минг 400 болани эмлашга мўлжалланган 37 минг 500 литр ҳажмдаги вакциналарни сақлаш имконини беради. Чироқчи ва Шаҳрисабз туманларида ҳам шундай омборхоналар қурилиши режалаштирилган.

Маълумотларга кўра, соғлиқни сақлаш соҳасига киритиладиган энг муваффақиятли ва тежамкор сармоялардан бири эмлаш бўлиб, 5 ёшгача бўлган болалар орасида қарийб 3 миллион ўлим ҳолатларининг олдини олиши мумкин.

- ЮНИСЕФ бутун Ўзбекистон бўйлаб 21 та совуқлик омборларини қуриш ва реконструкция қилишда Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўмак бермоқда, - деди Афшин Парси. - Қашқадарёда беш ёшгача бўлган болалар сони ошгани эътиборга олиниб, янги вакциналар омборининг ҳажми бошқа вилоятларникига қараганда анча каттароқ қилинди. Мазкур иншоотлар Шарқий Европа ва Марказий Осиёда энг яхши вакциналар омборхоналари бўлади. Фонд Ўзбекистонга мутахассисларни тайёрлаш, омборхонадан фойдаланиш бўйича зарур маълумотлар, вакциналарни ташиш учун автомобиль-совуткичлар ва совуткичли сумкаларни етказиб беришда кўмаклашади.

Йиғилганлар вакциналар омбори имконияти ва яратилган шароитлар билан танишди.

Ш.БОЗОРОВА

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Муаллиф олган суратлар.